Учрашув давомида Афғонистонда барқарор ва узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш мақсадида тинч сиёсий жараённи илгари суриш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати
28 февраль куни Доҳа шаҳрига амалий ташриф билан келган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Қатардаги “Толибон” ҳаракати сиёсий ваколатхонаси раҳбари мулла Бародар Ахунд билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
“Учрашув давомида Афғонистонда барқарор ва узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш мақсадида тинч сиёсий жараённи илгари суриш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Мулла Бародар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга Афғонистон муаммоларига доимий эътибор қаратгани учун самимий миннатдорлик билдирди. У Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари туфайли афғон можароси яна халқаро ҳамжамиятнинг диққат марказида эканлигини эътироф этди.
“Толибон” ҳаракати сиёсий ваколатхонаси раҳбари, тарихнинг мураккаб машаққатларига қарамай Ўзбекистон афғон халқининг энг ишончли дўсти бўлгани ва эканлигини таъкидлади, бу айниқса Афғонистон тинчлик ва иқтисодий кўмакка жуда муҳтож бўлган ҳозирги вақтда яққол намоён бўлди.
Шу ўринда мулла Бародар Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинч сиёсий жараённи бошлаш, мамлакатда турли иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлади, уларнинг асосий мақсади афғон халқининг фаровонлиги ва ривожланиши, Афғонистоннинг тинч ва барқарор давлат сифатида тараққий этиши эканлиги қайд этилди”, дейилади хабарда.
29 февраль куни Доҳа шаҳрида АҚШ ва “Толибон” ҳаракати ўртасида “тинчлик келишуви” имзоланди. Келишувни имзолаш маросимида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди.
kun.uz