Муқаддас динимизда эр ва хотинлик алоқалари энг муқаддас инсоний алоқа эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо ўша алоқалар қай тарзда йўлга қўйилиши кераклигини ҳам билишимиз ва мазкур билимга амал қилишмиз лозим.
Эр хотиннинг ўзаро муносабатлари қандай бўлиши керак? Эр ким у, унинг қандай мажбуриятлари бор? Хотин ким у, унинг қандай мажбуриятлари бор? Иккаласининг қандай оилавий ҳуқуқлари бор? Бир-бирларига муносабатлари қай тарзда бўлиши керак? Булар ҳақида муқаддас ислом динимизда қандай кўрсатмалар бор?
Амр ибн ал-Аҳвас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлинглар! Албатта, сизнинг хотинларингизда ҳаққингиз бордир ва хотинларингизни сизда ҳақлари бордир. Сизнинг хотинингиздаги ҳаққингиздан; тўшагингизни сиз ёқтирмаган кишиларга бостирмасликлари ва сиз ёқтирмайдиган кишилар уйингизга киришига изн бермасликлари. Огоҳ бўлинглар! Уларнинг сиздаги ҳақларидан уларнинг кийимларини ва таомларини яхшилаб қўйишингиздир», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Бу ишни алоҳида таъкидланиши одатда арзимаган бўлиб кўринган нарса кўпинча оилада уруш-жанжаллар келиб чиқишига, оиланинг бузилиб кетишига сабаб бўлади келганидандир. Шунинг учун ҳам Ислом шариати аёлларга бу масалани алоҳида таъкидлаб уқтиради. Бу нарсанинг эрнинг энг муҳим ҳақларидан бири, деб тушунтиради. Эрига нисбатан барча ишларда яхши муомалада бўлмоқ даркордир.
Аёлнинг эрига нисбатан риоя қиладиган одоблари.
Муслима аёл Аллоҳ таолога маъсият бўлмаган барча нарсада эрининг розилигини топишга ҳаракат қилади.
Умму Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир хотин ўлсаю, эри ундан рози бўлса, у жаннатга киради», дедилар». Термизий ва ал-Ҳаким ривоят қилишган.
Ҳаётдаги энг гўзал фазилат қаноатдир. Ҳар-бир хотин ўзини бу фазилат билан зийнатламоғи даркор. Турли ҳою-ҳавас, зеб-зийнат талаб қилиб, эрни қийин аҳволга солиш яхши эмас. Авваллари момоларимиз ризқ-рўз топиш учун жўнаб кетаётган эрларига: «Ҳаром касб қилманг. Аллоҳдан қўрқинг. Биз очлик-ночорликка чидаймиз, лекин дўзахнинг азобига чидай олмаймиз», дер эканлар.
Эрга ихлос билан хизмат қилиш ҳам аёлларнинг юксак одобларидан биридир.
Улуғ имомлардан бири Жаъфари Содиқ: «Битта солиҳа аёл ўз эрига етти кун хизмат қилса, Аллоҳ унинг қаршисидаги дўзахнинг етти эшигини ёпади ва жаннатнинг саккиз эшигини очади», деган эканлар.
Хотин киши ўз эрининг виждонига айланиб, уни гуноҳ, ёмон ишлардан қайтаргани, савоб-яхши ишларга ундаб тургани маъқул. Бундай хотинлар Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин банда Аллоҳга бўлган иймондан сўнг эришган энг яхши нарса солиҳа хотин бўлиб, унга қараса хурсанд қилади ва Аллоҳнинг амрини бажаришда ёрдам беради», деб мақтаган аёллар қаторига киради.
Аёл эр ҳузурида ширинсухан, хушмуомала бўлиш билан бирга тоза, чиройли кийинган, зийнатланган ҳолда бўлиш керак. Чунки бу нарса эр қалбига хурсандчилик, руҳига сокинлик киритади, қалбига қувонч бағишлайди
Хотиннинг эрдаги ҳақлари
Уламоларимиз хотиннинг эрдаги ҳақлари тўғрисида келган барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги хулосага келганлар. Хотиннинг эрдаги ҳақлари икки қисмга бўлинади:
1. Молявий ҳуқуқлар
2. Муомалавий ҳуқуқлар
Молявий ҳуқуқлар маҳр ва нафақадан иборат
«Маҳр» ақди никоҳ ёки эру хотин бўлиш билан эр зиммасига юкланадиган хотинга бериш лозим бўлган молдир.
Аллоҳ таоло: «Аёлларга маҳрларини чин дилдан чиқариб беринглар. Агар улар ундан бирор нарсани ўз розиликлари ила берсалар. Бас, уни енглар, ош бўлсин», — деган (Нисо сураси, 4-оят). Ушбу ояти карима эрга маҳр бериш вожиб эканини англатувчи тўртта ояти каримадан биридир. Ақди никоҳ бўлиши билан маҳр бериш вожиб бўлади. Агар қовушмай туриб ажрашадиган бўлсалар ҳам. Лекин, маҳрни бериш никоҳнинг шарт ёки рукнларидан эмас. Усиз ҳам никоҳ бўлаверади, аммо олди бердиси қачон бўлса бўлаверади. Нафақанинг эрга вожиб бўлиши Қуръон, суннат, ижмоъ ва ақл ила собит бўлган. Албатта эр-хотин ўртасидаги ҳақлари тўғрисида қанча гапирсак шунча кам чунки ҳамма ҳам бу ҳақларни билавермайди агар шунга амал қилсак оиламиз баракали, ўсиб келаётган фарзандлар комил инсон бўлади агарда оила қураётган ёшлар оилада эр-хотинлик бурчларини яхши билиб ҳаётда амал қилишса жамиятда оилавий ажримлар бўлмайди.
Аллоҳ таоло юртимизни обод қилиб, оилаларимизни мустаҳкам ва азиз фарзандларимизни ота-онасига раҳмат келтирадиган, элу юртга манфаатли инсонлар бўлишиларини насиб этсин.
Шўрчи тумани “Абу Бакр Сиддиқ” масжиди имом-хатиби Р.Вахопов