Энг мўътабар байрамлардан бири бўлган Қурбон ҳайитининг файзу-барокоти юртимиз аҳли боши узра ёғилсин! Бу улуғ байрам кунлари кўнгиллар шод кайфиятлар чоғ бўлсин!
Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, муборак Қурбон ҳайити элу юртимизда тинчлик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳамжиҳатлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ҳиммат ва саховат каби анъаналаримиз тобора мустаҳкам қарор топаётган бир шароитда, кўтаринки руҳ билан кутиб олинмоқда. Шундай улуғ байрамда яратгандан дуоларимизни қабул айлаб, эзгу мақсадларимизга эриштиришини, Ватанимиз тинч, юртимиз обод бўлиб, турли хил хавфу-хатардан ўзи асрашини илтижо қиламиз.
Ҳар бир байрамни ўзига хос тарихи бўлгани каби бу улуғ байрамда ҳам тарбиявий аҳамиятга молик, башарият камолоти учун ибратли бўлган мозий сабоғи мужассам. Қурбонлик тарихи замирида ўз ифодасини топган ушбу воқеа кўҳна дунё тарихида содир бўлганлигига чин дилдан ишонмоғимиз ҳар биримизнинг эътиқодий бурчимиздир.
Иброҳим а.с ўғли Исмоил а.с ни унутмас эди. Кўнгли хотиржам бўлиши ва кўзи қувониши учун унинг олдига тез-тезда бориб турар ва ҳолидан хабар олар эди. Исмоил а.с куч-қувватга тўлиб йигитлик ёшига етгач, Иброҳим а.с туш кўрди. Тушида ўғлини қурбонлик қилишга буюрилган эди. Аллоҳ таъоло бу хусусда шундай дейди: “Бас, қачонки (бола) унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида: “Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дерсан?”- деди. У: “Эй отажон, сенга амр этилганни бажар, иншоаллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан”, деди.
Кунлар, ойлар ва йилларнинг ўтиши ва ташвиш устига ташвишларнинг кетма-кет келиши Иброҳим халилуллоҳни анча қаритиб қўйди. У умр бўйи фарзандлик бўлиш орзусида яшаб, Яратгандан “Роббим, менга солиҳлар (фарзанд) дан ато эт” деб илтижо қиларди. Унинг ёши бир ерга бориб қолгандагина Яратган уни фарзанд неъмати билан сийлади. Ушбу инъомдан унинг кўзлари қувнаб, кўнгли таскин топди. У эндигина фарзандлилик завқи билан ҳаёт кечираётганида бошига ғам-ташвиш тушди. У ҳам бўлса яккаю ягона фарзандини қурбонлик қилиш. Бундай ташвишни ҳатто, баланд-баланд тоғлар ҳам кўтара олмаса керак. Айтилганидек, катталарнинг ғам-ташвиши ўзларига яраша катта бўлар экан. Иброҳим а.с ни кутиб турган синов ва имтиҳон ҳам унинг яратган зот олдидаги мақоми, қадрига яраша катта эди.
Иброҳим а.с Яратганнинг буйруғига дарҳол итоат этди. Илоҳий амрни бажармоқ учун шошилди ва ўғлининг олдига йўл олди. У ўғлини кўриши биланоқ тоғларга даҳшат соладиган ва қалбларни қинидан чиқариб юборадиган мақсадини:
— “Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дерсан?”- деди.
Иброҳим а.с бу сўзларни ўзига енгил бўлиши учун айтган эди . Чунки ўғлига билдирмасдан туриб, мажбуран уни қурбонлик қилиш жуда оғир эди.
Исмоил а.с отасининг мақсадини дарҳол англади ва итоат қилган ҳолда жавоб қилди:
— “Эй отажон, сенга амр этилганни бажар, иншоаллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан”, деди.
Боланинг ҳотамтойлигини кўринг! Уни Яратганнинг қазои қадарига тан беришини қаранг! Буюк иймону мисли йўқ ишончга назар қилинг!
Исмоил а.с отасининг фарзанд доғига учрашдек ғам-аламини енгиллатиш ва унга осон йўлни кўрсатиш мақсадида:
— Отажон! Мен типирчилаб кетмаслигим учун оёқ қўлларимни маҳкам боғланг, мендан оққан қонлар кийимимни ифлос қилмаслиги ва уларни онажоним кўриб фарёд қилмаслиги учун уларни ечиб ташланг, пичоғингизни ўткирлаб олинг ва уни яшин тезлигида бўйнимга солинг! Шундагина менга енгил бўлади. Зеро ўлим аччиқ ва аламли. Онажонимга мендан салом айтинг. Агар истасангиз кўйлагимни онажонимга бериб қўйинг. У зора онажонимнинг қайғу-ғамига тасалли берса. Ундан ташқари кўйлагим онажоним учун ёлғиз фарзандидан хотира. Кўйлагимдан ҳаммаёққа таралаётган хушбўй ҳидни билган онажоним мени излайди. Аммо мени топа олмайди,-деди.
— Мунча ҳам зийраксан ўғлим! Сени Яратганнинг паноҳига топширдим! – деди ва ўғлини маҳкам бағрига босди. Уни икки юзидан ўпа бошлади. Улар бир-бирларини қучоқлашганича кўз ёш тўкдилар.
Иброҳим а.с ўғлини бағридан бўшатди, бир ёнбошига қаратиб ётқизди, арқонни елкасидан ўтказиб маҳкам боғлади ва қўлига пичоқни олди. Ўғлининг мўлтиллаб турган кўзларига тикилди ва унда оталик меҳри туғён уриб кетди. Шунга қарамасдан у пичоқни ўғлининг бўғзига қўйиб, унинг бўйнини кеса бошлади. Аммо пичоқ кесмади. Чунки Яратганнинг қудрати пичоқни ўтмас ва кесмайдиган қилиб қўйган эди.
Исмоил а.с отасига деди:
— Отажон, юзимни тескари қилиб қўйинг. Чунки менга кўзингиз тушиши билан раҳмингиз келиб, Яратганнинг амрини бажара олмай қоляпсиз.
Иброҳим а.с ўғлининг айтганича қилди. Ўғлининг юзини ерга қаратиб ётқизди ва пичоқни гарданига солди. Аммо пичоқнинг ўткир тиғи таъсир қилмади. Иброҳим а.с ҳайронликда нима қиларини билмай, Яратганга илтижо қилиб, йўл кўрсатишини сўради. Яратган илтижосини ижобат этиб, шундай нидо қилди:
(Эй Иброҳим!)“Дарҳақиқат, сен тушни тасдиқ қилдинг! Албатта биз гўзал иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз”
Иброҳим а.с бу ўзи ва ўғлининг нажот топиши хушхабари эканлигини англади ва ота-бола мамнуният билан Яратганга миннатдорчилик изҳор қилди. Ҳақиқатда бу синов улар учун жуда катта имтиҳон эди. Яратган Исмоил а.с нинг эвазига катта бир қурбонликни бахшида этди.
Юқоридаги воқеадан бери Яратганга миннатдорчиликни изҳор этиш мақсадида ҳар йили қурбонлик сўйишни одат тусига айлантириб олинган. Қурбонлик ибодатининг ана шундай шонли тарихи мавжуд бўлиб, унинг фазилатини Яратганнинг ўзи юқори кўтариб қўйгандир. Бу ҳақда сарвари коинот Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в шундай марҳамат қилганлар: . «Курбонлик кунлари Одам боласи қиладиган амаллар ичида қон оқизишдан (жонлиқ сўйишдан) кўра Аллоҳга маҳбуброқ амал йўқдир…». (Ибн Можжа ва Термизий ривоятлари).
Яна «Қурбонлик ўзи нима?», — деб сўрашганда, Расулуллоҳ с.а.в: «У оталарингиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатидир», — деб жавоб бердилар. «Ундан бизга кандай ажр бор?», — дейишганида эса, у зот: «Ҳар бир туки учун биттадан яхшилик берилур», — дедилар… (Ибн Можжа ва Термизий ривоятлари).
Ҳадисларда бу дунёда қурбонлик учун сўйилган жонлиқнинг Қиёмат куни Сирот кўпригидан ўтар пайтда ҳозир бўлиб, эгасини ўзининг устига миндириши ва Сиротдан олиб ўтиши айтилган.
Сир эмаски жонажон Ватанимиз мустақилликка эришгандан сўнг диний ва миллий қадриятларга кенг имкониятлар яратиб берилди. Ана шундай имкониятлардан кенг фойдаланган ҳолда дуога қўл очиб, Яратгандан она Ватанимизнинг осмони мусаффо, юртимиз тинч, халқимиз фаровон бўлишини тилаб қоламиз!
Шерабод тумани «Шеробод» жоме масжиди имом ноиби А.Косимов