Аллоҳ таоло масжидларни Ўзига энг маҳбуб маконлар қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Шаҳарларнинг Аллоҳга энг маҳбуб жойи – масжидларидир.»Бунинг сабаби – масжидларда Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилингани, у ерларда Унинг исми зикр этилгани, у ерларда Унинг буйруқ ва қайтариқлари эълон қилингани, у ерларда мусулмонлар ибодатларнинг турли кўринишлари, жумладан, намоз, зикр, Қуръон тиловати, эътикоф, тасбеҳ, дуо кабилар билан Унга қурбат ҳосил қилганлари, у ерларда нафслар гуноҳ ва исён кирликларидан поклангани, у ерларда роҳат, унс, хотиржамлик, иймон, Аллоҳга муножот лаззати пайдо бўлгани учундир.
Масжидлар Аллоҳ таолонинг ер юзидаги уйларидир. Улар ер юзидаги энг покиза ва тоза маконлардир. Уларнинг минораларидан муаззинларнинг овозлари янграйди,тавҳид калималари такрорланади. Масжидлар устига фаришталар тушишади, раҳматлар ёғилади, масжид аҳлини сакинат ўраб олади, масжид аҳлининг устига баракотлар ёғилади. Масжидларда мусулмонлар бир-бирлари билан танишадилар, улфат бўладилар, бир-бирларига ёрдам бериб, ҳамжиҳат бўладилар, бир-бирларини зиёрат қилиб, бир-бирларига раҳм-шафқат кўрсатадилар. Бунинг натижасида мусулмонлар орасида боғланиш, дўстлик, меҳрибонлик кучаяди. Масжидларда мусулмон авлод тарбия топади .
Тарихга назар ташласак мустақиллик йилларидан аввал Сурхондарё вилоятида атиги иккита масжид фаолият юритган. Аллоҳга шукрки бугунги кунда вилоятимизда 100 та масжид Адлия рўйхатидан ўтиб мўмин мусулмонлар эмин эркин ибодатларини қилиб Юртимизнинг ҳаққига дуолар қилиб келишмоқда. Куни кеча 8-декабрь куни Шўрчи тумани “Толли” маҳалласида “Толлиота” масжиди ҳам Адлия рўйхатидан ўтиб масжиднинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бунинг учун муҳтарам Юртбошимизга мингдан-минг раҳмат албатта ушбу масжиднинг очилишига ўзининг ёрдамини аямаган, тўғри йўлни кўрсатган вилоятимиз ҳокими Турдимов Эркинжон аканинг ҳақларига туманимиз ҳалқи дуолар қилишмоқда. “Толлиота” масжидиининг очилишига Сурхондарё вилоят вакили Алиакбар Сайфидинов, УМИ масжидлар бўлимидан Бегматов Исҳоқжон домла ташриф буюрдилар. Ташриф мобайнида маҳалла аҳлини чин кўнгилдан табриклаб, жума номози бошлангунга қадар маъруза қилиб, Республикамиз рахбарлари олиб бораётган хайрли ишларни ривожини сўраб, жамоат билан дуолар қилиб маҳалла аҳлини муборакбод этдилар. Ушбу масжид замонавий, чиройли кўркам, бўлиб кузатув камералари, барча шароитлар мужассамдир албатта ушбу масжид келажакда маҳалла аҳлига халқимизга хизмат қилади иншааллоҳ.
Шўрчи туман бош имом хатиби А. ҲАБИБУЛЛАЕВ