Бола қалби тоза тупроқ кабидир
Фарзанд Аллоҳ таолонинг буюк неъматидир. Шу боис муқаддас динимиз кўрсатмаларида тарбияга алоҳида эътибор берилган. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши тарбия ва гўзал одобдан буюкроқ хадя бероломас” — деганлар. (Имом Термизий ривояти). Яъни инсон ўз зурриётига бериши мумкин бўлган нарсаларнинг энг яхшиси моддий эмас, балки маънавий неъмат, тарбиядир.Тарбияли фарзанд, ота-онасини дунёда раҳмат ва ташаккурларга, охиратда эса, Аллоҳнинг розилигига мушарраф этиши баробарида, жамият ривожига ҳисса қўшадиган бўлади. Тарбия моҳиятини чуқур англаб етган аждодларимиз бунга катта эътибор берганлар. Хусусан, “Кимё” китобида фарзанд тарбияси ҳақида шундай дейилади. “Фарзанд ота-она қўлидаги омонатдир, унинг дили эса нафис гавҳарга ўхшайди. Гавҳар ҳар хил нақшлар каби безалгани каби бола дилига ҳам эзгу фикрлар нақшини солиши мумкин. Бола қалби тоза тупроқ кабидир, унга қандай уруғ сепсанг, ўша уруғ унади.Шунинг учун ота-она ва муаллим бу ишда ўзаро ҳамкор бўлиб, унинг дилига яхшилик уруғларини қадамоқлари лозим».
Шу ўринда савол туғилиши мумкин — Фарзанд тарбияси инсон ҳаётида шунчалар аҳамиятли экан, уни қачондан бошлаш керак. Бу саволга ҳар ким ҳар хил жавоб беради. Кимдир туғилгандан сўнг деса, яна кимдир, бола оқу қорани ажрата бошлагач, деб фикр билдиради. Лекин фарзанд тарбиясига ҳали у туғилмасдан илгари, аниқроғи янги оила қурилаётган чоғидаёқ киришмоқ керак. Яъни аввало, оталарнинг ўзлари намунали хулқ эгалари бўлишга ҳаракат қилишлари, шунингдек, фарзандига яхши касб ўргатиб, илмли, одобли, ҳалол бўлишга чорлашлари лозим.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам “Инсон дунёдан ўтгач унинг амал дафтари ёпилади, фақат унинг уч амалидан савоб етиб туради. Булар, қолдирган илми, қурдирган масжид ёки кўприги, солиҳ фарзандининг қилган хайрли дуоси” – деганлар. (Имом Термизий ривояти)
Инсон бу синов дунёсидан ўтганидан сўнг ҳам савоб етиб туришини хоҳласа, фарзандини солиҳ кишилар қилиб тарбиялаши керак.
Термиз тумани “Мангузар” жомеъ масжиди имом-хатиби: Р. Абдуллаев