Бисмиллоҳир раҳмонир раҳйим. Аллоҳ таоло инсонни яратиб, руҳ билан бирга ақл–идрок бахш этган. Ақлли, ҳушёр инсонлар зиммасига атроф–муҳитни тоза ва покиза сақлаш ҳамда табиатни муҳофаза этишдек катта масъулиятни юклаган. Бу шарафли ишни инсон азалдан баҳоли қудрат адо этиб келади.

Ислом дини тарқалишининг илк даврлариданоқ табиат муҳофазаси, наботот ва ҳайвонот оламини ҳимоя қилишга катта эътибор берилган. Уларни асраб–авайлаш барчамизнинг шарафли ва масъулиятли бурчимиздир. Наботот олами Аллоҳ таолонинг инсонлар учун ато этган улуғ неъматларидан бири бўлиб, бусиз ҳаётни тасаввур этиб бўлмайди. Бу борада Қуръони каримда шундай баён қилинган: «Инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан бир) қараб қўйсин–чи! Биз (осмондан) сув–ёмғирни қуйдирдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар билан) ёрдик. Сўнг Биз ундан дон–дунни, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, мева–чева–ю ўт–ўланларни сизлар учун ва чорва молларингиз учун манфаат бўлсин деб ундириб–ўстириб қўйдик–ку!». (Абаса, 24 – 32)

Ислом дини бирон бир давлат, миллат ёки муайян гуруҳларга мансуб бўлмай, унинг ҳаётбахш таълимоти, аввало, инсонни азизу мукаррам зот сифатида эъзозлайди. Унинг маънавий камолотига ва ҳаётий манфаатларига хизмат қилади. “Тарихдан маълумки, Ўрта Осиё ҳудудида аҳоли азалдан водийларда, катта сув манбалари – дарё ва анҳорлар бўйида яшаб келади. Атрофи чўл ва саҳролар билан ўралган, табиати, иқлими ғоят мураккаб миллатларнинг минг йиллар давомида бир-бирига мослашиб, яқин елкадош бўлиб, бир-бирининг оғирини енгил қилиб яшашини тақозо этиб келади”.

Аллоҳ таоло биз мусулмонларни яшаб турган курраи заминимизни озода сақлаган ҳолда обод қилишга, Унинг берган неъматларини асраб авайлашга буюриб, бузғунчилик қилишдан, атроф-муҳитга зарар етказишдан қайтариб, Қуръони каримда: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйганидан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз!”, — деган (Бақара сураси, 205-оят). Дарҳақиқат, тупроқ, сув, ҳаво ва бошқа нарсаларни тоза сақлаш, уларни ифлосланишига йўл қўймаслик ва соғлиқ учун зарарли бўлган нарсалардан сақланиш кабилар шариатимизнинг буйруғидир. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар”, — деганлар (Абу Довуд ривояти). Дарҳақиқат, ҳеч бир ориятли инсон ҳадисда зикр этилган ишларни қилишга ботинмайди, аксинча, бундай ишни қилаётган кишини кўрган вақтда дарҳол унга танбеҳ бериб, бундай қилиш ярамас иш эканлигини тушунтиради. Ҳозирги кунда барча зарур ерларга ахлат ташлаш учун алоҳида жойлар қурилган. Шундай экан, ҳар хил ахлат ва чиқиндиларни махсус жойларга ташлаш лозим, аксинча дуч келган жойга ташлаш мусулмончиликка ҳам, одамгарчиликка ҳам тўғри келмайди.

Инсон – Аллоҳ таоло яратган барча жонзотларнинг энг шарафли, азиз ва мукаррами бўлиши билан бирга зиммасида муҳим вазифалари кўп бўлган зотдир. Парвардигор Қуръони каримда марҳамат қилиб шундай дейди: «Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азизу мукаррам қилиб, уларни қуруқлик ва денгизда юрадиган қилиб қўйдик ҳамда ҳалол–пок нарсалардан ризқу рўз бердик. Уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал – устун қилиб қўйдик». (Ал–Исро, 70)

Парвардигор инсонларнинг мўътадил ва фаровон ҳаёт кечиришлари учун лозим бўлган моддий бойликларни яратиб қўйган. Она – табиатни муҳофаза этиш Ислом динининг таълимотларидан бири. Динимиз яшаб турган жойларимизнинг озода бўлиши, ичимлик сувимизнинг беғубор, ўзимизнинг эса покиза юришимизга буюради. Поклик инсон зеҳнини ва иродасини мустаҳкамлайди. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шундай деганлар: «Аллоҳ  таоло барча нуқсонлардан муназзаҳ ва бенуқсон нарсаларни дўст тутади. Унинг ўзи пок ва покизаликни хуш кўради. Унинг карами кенг, саховати чексиз, саховатли бандаларини дўст тутар. Шунинг учун ҳам, эй умматларим, хонадонингиз ва унинг атрофларини озода ва саришта тутинглар!». Ёки: «Покизалик ва поклик имоннинг ярмига тенг келади», – десалар, яна бошқасида эса: «Назофат – чин имон аломатларидандур», дейдилар.

Асрлар бўйи мусулмонлар ариқ, дарё ва денгиз сувларини покиза сақлашни ўзларининг шарафли бурчлари, деб билганлар. Қуръони каримда Аллоҳ таоло уларни ифлослантирмасликка буюрган. Акс ҳолда, балиқлар ҳам ноз–неъмат ўрнига заҳарли моддаларга айланишини унутмайлик.

Демак, табиатга оид ҳар бир нарсани, яъни диёримиздаги ўсимлик, қушлар ва ҳайвонот оламини асрар эканмиз, улар келажак авлодларимизга биздан мерос бўлиб қолишини сира ҳам ёддан чиқармаслигимиз даркор.

Атрофимизда бўлаётган ўзгаришлар ва янгиланишларнинг барчаси Аллоҳ таолони танитувчи далиллардир. Шунингдек, ҳар куни умр дафтаримиздан янги бир саҳифа очилгани каби, атрофимиздаги оламнинг ҳам сурати ҳар куни янгиланади. Бу янгиланиш инсонни тафаккурга яъни, ўйлашга чорлайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «…Аллоҳ кеча ва кундузни айлантириб турар. Албатта, бунда кўз эгалари (оқиллар) учун ибрат бордир». (Нур, 44)

Кеча ва кундуз доим алмашиб туради. Бири узайса, иккинчиси қисқаради. Биз уларни кузатиб, умримизнинг ҳисобини шу кеча ва кундузлар билан ўлчаймиз. Маълумки, шу алмашиш жараёнида фасллар ҳам янгиланади. Фаслларда оламнинг кўриниши ва сурати ўзгаргани каби инсонларнинг ҳам кийимлари, ейдиган таомлари, машғулотлари ҳам ўзгаради. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: «Кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ва Аллоҳ осмондан ёғдириб у билан «ўлган» ерни «тирилтирган» ризқ (ёмғир)да ҳамда шамолларнинг йўналтирилишида ақл юргизадиган қавм учун аломатлар бордир». (Жосия,5)

Қиш фаслида қор остида ётган  ерни баҳор фаслида Аллоҳ таоло қайта тирилтиради. Агар Аллоҳ кеча ва кундузни айлантирмаса, осмондан сувларни тушириб ерни қайта уйғотмаса, ер юзида ҳаёт бўлиши мумкин эмас. Ана шу қудратини эсга солиш учун баъзи диёрларга бир муддат сув туширилмай қўйса ўсимликлардан тортиб чорва моллари ва ҳатто одамларгача ҳалокатга учраши мумкинлигининг хабарини оммавий ахборот воситаларидан эшитиб, ўқиб турамиз. Шунинг учун ҳар бир мусулмон атрофга ибрат назари билан қарамоғи ва унга яхши  муносабатда бўлмоғи лозим.

Баҳор фаслидаги ўзгаришлар Қуръони каримда «тирилиш» деб ифодаланган. Инсонлар ҳам ушбу жараёнга ўз ҳиссаларини қўшишлари керак. Чунки, оламдаги барча нарсалар инсоннинг манфаати учун яратилган. Баҳор кўклам фаслидир. Ўша кунларда атроф-муҳит тозалигига яна бир карра эътибор бериш, хусусан қабристонларда тозалаш ишларини амалга ошириш айни муддаодир. Шунингдек, бўш ерларга мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда турли хил гул кўчатлари экиб, маҳалла ва гузарларимизни янада кўкаламзор қилишимиз мақсадга мувофиқдир. Албатта, бу ишлар кўпчиликка манфаатли бўлгани боис савоби ҳам мислсиздир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда шундай дейилган: “Қайси бир мусулмон киши бирор кўчат ёки экин экса, кейин ундан қуш ёки инсон ёҳуд бирор жонивор еса, эккан одамга садақа савоби ёзилади” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, бизлар ўзимиз яшаб турган жойга ва маҳалла–куйларга турли дарахт кўчатларини экиб обод қилсак, бундан нафақат инсонлар, балки қушлар ҳам манфаат топади. Ҳадиси шарифда айтилишича, экилган ҳар бир дарахтнинг айтаётган тасбеҳи, ўша дарахтни эккан кишининг номаи аъмолига ёзилади ҳамда унинг мевасидан бошқалар еса ёки соясида ўтирса, эккан кишининг амал дафтарига садақа савоби ёзиб қўйилади.

Динимиз покликка, озодаликка буюрар экан, бунинг заминида инсоннинг саломатлиги ётади. Шу муносабат билан барчамиз яшаш жойларимизнинг ободлиги ва тозалиги йўлида биргаликда курашмоғимиз лозим.

Аллоҳ таоло юртимизни обод, хонадонларимизни осойишта, ҳаётимизни фаровон қилсин.

Қумқурғон туман бош имом хатиби     Ҳ.Зайниев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here