ТИНЧЛИК ВА ХОТИРЖАМЛИК ШУКРОНАСИ
Маълумки, инсоният ҳаёти давомида турли мафкура ва маслаклар ўртасидаги зиддиятлар ва қарама- қаршиликларни бошидан кечирган. Бунинг оқибатида ўзаро келишмовчиликлар юзага келди. Мисол учун, салб урушлари инсоният бошига жуда кўп бало-офатларни келишига сабаб бўлди. Бундан айниқса аҳолисини аксарияти мусулмон бўлган юртлар мисли кўрилмаган зарар кўрди . Ундан кейин Мўғул босқинчилари тамонидан бошланган урушлар натижасида инсоният бошига қанча балолар ёғилди. Мусулмон оламининг бошига тушган учунчи катта мусибат мустамлакачилик бўлди . Бу сафарги мусибат аввалги икки мусибатдан кам бўлмади. Ушбу сиёсат бўйича олиб борилган ҳаракатлар натижасида кўпгина давлатлар қатори бизларнинг ўлкаларимиз ҳам ақл бовар қилмас даражада зарар кўрди
Қарийб 150 йил давом этган мустамлакачилик даврини бир кўз олдимизга келтирайлик! Бир пайтлар ўзининг қудратли давлатчилиги, илму- маърифат бобида дунёга устозлик қилган буюк фарзандлари ,юксак илму маданияти , обод шаҳару қишлоқлари билан дунёни ҳайратда қолдирган бу буюк халқнинг динидан , азалий қадриятларидан ўзлигидан ажратишга ҳаракат қилдилар .
Шуни алоҳида такидлаш лозимки, собиқ мустабид тузум ҳукмронлик қилган даврида халқимизнинг бошига қанчалар азобу уқубатларни ёғдирганини , албатта ҳеч қачон унутиб бўлмайди. Ўша машум йилларда кўпчилик жаноза маросимларига бориш, яқин кишисини юқотган одамлардан кўнгил сўрашдан ҳам қўрқиб қолдилар. Ҳатто масъул лавозимда ишлайдиган одамлар комунистик мафкуранинг тазиқидан қўрқиб, ота-онаси қазо қилса дафн маросимида иштирок этмасликка ҳам мажбур бўлдилар .Киши токи бир неъматни аксидаги ҳолат билан солиштириб кўрмагунча унинг асл моҳиятини яхши билмайди. Шунинг учун юқоридаги ибораларни мисол тариқасида келтирдик.
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар бўлсинким, тинчликсевар ва эрксевар халқимизнинг асрий орзулари бўлмиш мустақиллик неъматига эришдик. Албатта бу неъматга осонликча эришганимиз йўқ. Қанчадан-қанча қурбонлар, тинимсиз изланишлар, қанчадан –қанча бедор тунлар эвазига эришилди. Шунинг учун бу улуғ неъматни кўз қарочиғидек асраб авайлаш ва унинг абадий бўлиши учун Аллоҳга шукрлар айтиб боришимиз лозим. Зотан , Аллоҳ таоло Қурони каримда марҳамат қилади: “Агар берган неъматларимга шукр қилсангиз албатта, уни зиёда қилиб бераман”
Истиқлол халқимиз учун чексиз имкониятлар эшигини очиб берди. Барча соҳалар қатори- мустақилликнинг дин аҳлига кўрсатган ижобий тасири янада улкан бўлди. Истиқлол туфайли динимиз ва қадриятларимиз янада тикланди. Мустабид тузум даврида кимёвий ўғитлар сақланадиган омборхоналарга айлантирилган масжиду мадрасалар мўмин-мусулмонларга қайтариб берилди. Аждодларимиздан қолган тарихий мерос қайта тикланди, инсоний қадриятларимизнинг асосини ташкил этган муқаддас динимиз таълимотидан халқимиз яна баҳраманд бўла бошлади. Ҳур диёримиз фуқаролари мустақиллик шароитида эркин нафас олаётганидан Аллоҳ таолога чексиз миннатдорлик изҳор қилиб, доимий равишда ҳамду сано айтмоқдалар.
Тарихан қисқа давр ичида мустақил давлатимиз асрларга татигулик бунёдкорлик ишларини амалга ошириб, дунё мамлакатларини эътирофига сазовор бўлди. Бу улкан ютуқларни қўлга киритишимизда тинчлик ва хотиржамлик омил бўлганлигини алоҳида такидлаб ўтиш лозим. Гап тинчлик ва хотиржамлик хусусида борар экан Пайғамбаримизнинг бу борада айтган муборак ҳадисларини эсламасликни иложи йўқ. “ Икки неъмат борки , кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У –хотиржамлик ва сиҳат — саломатлик” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти)
Демак ,тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг иккита бебаҳо неъмати бўлиб , ҳамма ҳам ундан баббаравар баҳраманд эмас. Тинчлик нақадар бебаҳо неъмат эканини ундан маҳрум инсонлар яхши билади. Шу ўринда сўзимиз узун бўлса ҳам, газетхонлардан узр сўраган ҳолда бир вақтлар Термиз Давлат университетида малака ошириб ўз юртига қайтаётган бир Афғон фарзандини устозига айтган хайрлашув сўзини мисол тариқасида келтираман. “ Устоз, дарсларингиз тез тугаганидан афсусдаман, -деб гап бошлади. -Сиз ва курсдошларим билан ўтган бу вақт мен учун энг яхши хотира бўлиб қолади. Нега дейсизми?! Чунки юртингиз одамлари меҳру-мурувватли.ҳаётингиз тинч ва осуда. Энг асосиси шу эмасми?! Айниқса болаларингиздан хотиржамсиз. Сизларда ота-оналар фарзандини кузатаётиб: “Хайр, болажоним , мактабингизга бориб, яхши баҳолар олиб келинг, одобли бола бўлинг”,дейишади. Бизнинг юртда эса… ота-оналр хоҳ мактабга бўлсин хоҳ бошқа жойга бўлсин, ўкинч, қўрқув,хавотир ила: “Хайр,омонбўл. Худонинг ўзи асросин! Қайтиб кўришмасак, дийдор қиёматда! Берган ошу-нонимизга, қилган хизматларимизга розимиз. Сен ҳам биздан рози бўл!” дейишади. Чунки бизнинг юртда дайди ўқлар кўп. Улар қанчадан-қанча болаларни ёстиғини қурутди. Оналар бағрини тилка пора этди.фарзанд доғи уларни телба қилди. Оталар дийдаси аламдан , ноиложликдан қаттиқлашди… Менинг юртимдаги оналар ҳам диёрингиз оналари каби бахтли бўлишини истайман… Юртим тинчлигини жуда кўргим келади…” (Ҳидоят журнали 2015 йил,10 сон)
Шундай экан, бизларни фақат мавжуд тинчликни қадрига етиб,шукрини адо этишимиз балки, унга ношуклик қилиб путур етказишдан ҳам сақланмоғимиз лозим. Ҳозирги вақтда юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаб, ён-атрофимизда бўлаётган ҳодисалардан огоҳ бўлиб, унинг асл моҳиятини тўғри таҳлил қилиб, кейин ёшларимиз ўртасида тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етиш, дунёнинг турли мамлакатларида хусусан, айрим араб давлатларида давом этаётган хунрезликларнинг асл сабабларини тушунтиришимиз зарур .Айниқса Яқин Шарқ давлатларида муқаддас Ислом динини ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишга уринаётган динбузар тўдаларнинг олиб бораётган ғайриинсоний хатти ҳаракатлари мутлақо динга зид амаллар эканини яхши билиб, улар ва уларга хайрхоҳлик билдираётган кишиларга қарши доимо огоҳ ва сергак бўлиш ҳам, аслида барчамизнинг муқаддас бурчимиз. Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош мақсади ва муҳим шиорига айлантиргани бежиз эмас, албатта. Аллоҳ таоло Қурони каримда марҳамат қилади: “Эй имон келтирганлар! Барчангиз ёппасига тинчлик ишига киришингиз” (Бақара ,208) Исломнинг бутун мўмин- мусулмонларга амри ана шундай ёппасига тинчлик ишига кириш эканлигини ҳар бир мусулмонман деб даъво қилаётган инсон билганида эди. Ислом дини кўзлаган тинчлик дунё бўлаб тарқалар эди. Унда қалблар тинч, қўни қўшнилар тинч, жамиятлар тинч, давлатлар тинч , ҳаттоки ҳайвоноту — наботот ва бутун борлиқ тинч бўларди. Аммо минг афсуслар бўлсинким, ўзларини Ислом динини ҳақиқий “ ҳомийси” деб даъво қилаётган инсонлар бу илоҳий буйруққга хилоф амал қилмоқдалар. Чунки,тинчлик қарор топган юртда фарзандлар эмин эркин камолга эришади,оқибатда,жамиятда ҳар тамонлама юксалишва ривожланиш рўй беради.
Ҳадиси шарифда келишича Пайғамбаримиз марҳамат қиладилар: “ Кимки, ўзида тинч ва уйида бир кунлик егулик бор ҳолда тонг оттирса , демак унга бутун неъмат мужассам”.
Тинчлик элчиси бўлган пайғамбаримиз бу неъматни нақадар улуғ эканлигини ўзларининг юзлаб ҳадисларидида баён қилиб, умматни унга шукр қилишга ундаганлар. Ҳадиси шарифда комил деб таърифланган неъмат бизнинг ватанимизда Пайғамбаримиз айтганларидан ҳам аълороқ даражада мужассам экан , келинг ,шу азиз Ватанимизни кўз қарочиғидек асраш ,унинг тинчлиги ва барқарорлигини ҳимоя қилиш, салоҳиятини янада юксалтириш йўлида ,миллатмиз жонкуяри Абдурауф Фитратнинг: “Қўлни қўлга берайлик,халқ йўлинда, дин йўлинда, миллат йўлинда,жадидимиз,қадимимиз мулламиз,бойимиз ва авомимиз бир ерда тўпланайлик бир-биримизга мададкор бўлайлик” деган хитобига амал қилиб , юртимизни тинчлиги ва барқарорлиги учун курашайлик! Зеро, Қурони каримда “ Эзгулик ва тақво ( йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват ( йўли )да ҳамкорлик қилмангиз”, дейилган.(Моида сураси 2-оят) Бу ояти каримадан маълум бўладики, эзгу ният йўлида ҳамкорлик қилиш ер юзида тинчлик барқарор бўлишига бош омил бўлади.

“Саримозор” жомеъ масжиди имом-ноиби А. Соҳибқулов.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here