Дам олиш куни ота ўз фарзандларини ҳайвонот боғига олиб борди. Катта дарвоза олдидаги чиптахонадан чипта нархини сўради.
Сотувчи:
— Катталар ва олти ёшдан ошган болалар учун 5 минг сўм, олти ёшдан паст болаларга текин. Сизнинг фарзандларингиз неча ёшда? — деб сўради.
Ота:
— Каттаси 7 ёш, кичиги 3 ёшда деди-да , ёнидан 10 минг сўм чиқариб сотувчига узатди.
Пулни олар экан, сотувчи ҳазиломуз у кишига қараб:
— «Ўғлингизни олти ёшда деб айтсангиз, бўлмасмиди. Одатда баъзилар ана шундай қилиб ёш болаларга пул бермасдан фақат ўзлари учун тўлаб, томошага кириб кетишади. Олти ёш билан етти ёшнинг унчалик фарқи бўлмаса. Ким ҳам билиб ўтирибди» — деди.
Шунда ота:
— Аллоҳ билиб турибди. Қолаверса, фарзандларим ана шундай ҳолатларни кўриб ёлғончи бўлиб катта бўлишмайдими?- деди-ю, ўғилларини етаклаб ҳайвонот боғига кириб кетди.
Оқибатсиз ўғилларидан безиб юрган сотувчи ҳайрат бармоғини тишлаганча уларнинг ортидан қараб қолди…
Қизириқ тумани «Такия ота» жоме масжиди имоми хатиби Х.Чоршанбиев