Умра зиёратдир
Юртимиз истиқлолга эришишидан олдин халқимиз учун Байтуллоҳни зиёрат қилиш армон эди. Шукрлар бўлсинки, ҳозирда кўплаб инсонлар муборак Байтуллоҳни зиёрат қилиб, Ҳаж ва Умра ибодатини адо этмоқдалар. Мазкур молиявий ҳамда жисмоний ибодатни амалга оширишга киришган инсон яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб, хайрли амалларни кўпайтириши керак. Мазкур ибодатлар жараёнларида эса, Яратган Роббисига лаббай деяётганини, ҳазрати Иброҳим алайҳиссаломнинг чақириқларига жавоб бераётганини унутмаслиги, шу чақириқ боис Аллоҳ таоло шундай муқаддас ва улуғ маконларга келишини насиб қилгани хурсандчилиги унинг барча саъй-ҳаракатида акс этиши лозим. Хусусан, Пайғамбаримизнинг муборак дуоларини зикр қилаётганини чин қалбдан эътироф этиши керак. Ён атрофидагиларга самимий тилаклар билдириб, ҳеч кимга озор етказмасликка ҳаракат этиши мақсадга мувофиқ. Бу берилган улкан имконият ва неъматни ғанимат билиб, ибодатларга ғайрат билан ёндошиб, ўзи, қавму-қариндоши, элу-юрти ҳаққига хайрли дуоларини қилиб, яратган Роббисидан сўраб қолмоғи лозим. Аммо мазкур ҳолатларни юзага келишида ибодатнинг маъно ва мазмуни ҳақида, унинг мақсади хусусида, ибодат шартлари ва шароитлари тўғрисида, йўл тадбирида амал қилиш керак бўлган умумий қоидалар ҳақида керакли илмга эга бўлиш лозим. Шу хусусда қуйида Умра ва унинг шарт, рукн, адо қилиш тартибини киритишга жазм этдик.
Умра сўзининг луғавий маъноси зиёрат қилиш, шаръий истилоҳда эса, Байтуллоҳни белгиланган тартибда зиёрат қилиш маъносини англатади. Умра суннати муаккададир. Худди ҳажда бўлгани каби умранинг ҳам маълум мийқоти мавжуд. Ҳажнинг мийқотлари умранинг ҳам мийқотларидир. Умрани йил давомида бажариш мумкин. Арафа куни, Қурбон ҳайитининг биринчи куни ва ташриқ (зулҳижжанинг 11-12-13-) кунларидан ташқари йилнинг бошқа кунларида умра учун эҳромга кириш дуруст. Мазкур санаб ўтилган кунларда эса умра учун эҳромга кириш таҳримий макруҳдир. Байтуллоҳнинг атрофида етти марта ёки ундан кўпроқ тавоф қилиш унинг рукни бўлиб, эҳром (Эҳром – муайян жинсий яқинлик, соч ва тирноқ олиш, хушбўйлик сепиш, бош ва юзни ёпиш, тикилган кийим кийиш, ов қилмаслик ва унга далолат қилмаслик, дарахт кесмаслик каби нарсаларни қилмасликка азму қарор қилиш. Унинг рукни талбия (Аллоҳни улуғлаш) айтиш, шарти эса ният қилиш) унинг шартидир. Сафо ва Марва орасида саъй қилиш, соч олдириш ёки қисқартириш унинг вожибидир. (Сафо билан Марва Макка шаҳри ичида жойлашган бўлиб, ораси тахминан 405 метрча бўлган икки тепаликдир. Ривоят қилинишича; Иброҳим алайҳиссалом хотинлари Ҳожар онамиз билан ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни егулик ва сувсиз бугунги Макка шаҳри жойлашган водийга ташлаб, ўзлари Фаластинга қайтадилар. Шундан сўнг ёлғизлик ва чанқоқликдан сиқилган Ҳожар онамиз бирор бир кишини ёки сув топиш умидида бу икки тепалик орасида югуриб етти марта у ёқдан бу ёққа бориб келадилар. Ҳаж мобайнида ҳожилар томонидан бажариладиган мазкур ҳаракат ибодати ушбу ҳодисадан қолган).
Умрани бажариш тартиби – аввало яхшилаб ювиниб, покланиб, икки ракаат намоз ўқигач, талбия (Аллоҳни улуғлаш) айтади. Шунда умра учун эҳромга кирган ҳисобланади. Эҳромга кирганидан сўнг Байтуллоҳни етти маротаба тавоф қилади ва Сафо ҳамда Марва орасида саъй қилади. Шундан сўнг соч олдиради ёки қисқартиради. Шу билан киши умрани тамомлаган ҳисобланади.
Умра қуйидагилар билан ҳаждан фарқ қилади:
- Ҳаж фарз амал бўлса Умра Суннати муаккада (таъкидланган суннат).
- Умра учун маълум вақт белгиланмаган.
- Умрада Арафотда вуқуф қилинмайди.
- Умрада Муздалифада туриш йўқ.
- Умрада шайтонга тош отиш йўқ.
- Умрада икки вақт намозни жам қилиш йўқ.
- Умрада қудум ва видолашув тавофи қилинмайди.
Манбалар асосида
ЎМИ Сурхондарё вилояти вакиллиги ходими: М. Азимов