Фарзанд Аллоҳ таолонинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлари ичидаги улуғ бир неъматдир. У дунё ҳаётининг зийнатидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтадики: «Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир…». Фарзанд қалб райҳонаси, гулидир. Ёшлик чоғларида уларни эркалаб катталарнинг кўнгли ҳузур қилади. Катта бўлганларида ёрдамларидан баҳраманд бўладилар. Ота-оналар вафот этганидан кейин эса уларнинг сайъ-ҳаракатлари туфайли номаи аъмолларидаги савоблари зиёда бўлади.
Минг афсуслар бўлсинким бугунги кунда дунё айвонида бўлаётган воқеа ва ҳодисаларга гувоҳ бўлган ҳолда, кўриб, эшитиб турибмизки, баъзи бир мамлакатларда уруш-жанжаллар ва нотинчликлар сабабли қанчадан-қанча болалар кўча-куйда сарсон саргардонликда, хор-зорликда кун ўтказмоқдалар, ҳамда бир кун тинч яшашни орзу қилишмоқда. Аллоҳ таолога минг шукрлар бўлсинким бизнинг юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Болалар эса ота-оналари бағрида ўйнаб кулиб улғайишмоқда. Ва албатта ҳар йили юртимизда бошқа байрамлар сингари “1-июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш” куни сифатида нишонланиб келинмоқда. Юртимизда болаларга катта эътибор берилади. Шу жумладан Муҳтарам биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳам ёш авлодга шарт-шароитлар ва имкониятлар яратиб беришга ҳаракат қилдилар. Эндиликда ёшлар ўзларига яратилиб берилаётган имкониятлардан тўғри фойдаланиб, шу азиз ватанимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшадиган авлод бўлиб етишлари керак.
Абу Аюбал Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида навералари Ҳасан билан Ҳусайн ўйнаб ўтирган эканлар ва сўрадим: “Ё Расулуллоҳ, шуларни яхши кўрасиз-ми?” Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: “Бўлмаса-чи, бу иккаласи менинг бу дунёдаги райҳонларим-ку. Мен буларни ҳидлаб юраман”, деб иккалаларини қучоқлаб ҳидладилар.
Ўғилми қизми улар Аллоҳ таолонинг ота-оналарга берган улуғ неъматларидандир. Бунинг шукронасини қилмайдиганлар ҳам топилади орамизда. Ўғли бўлмаса ўғлим йўқ деб нолиб юради, қизи бўлмаса қизим йўқ деб нолийди. Умуман бефарзандлар, тирноққа зор инсонлар камми бу дунёда. Шунинг учун ўғилми, қизми уларни бирдай кўриб, Аллоҳ таолога фарзанд неъматини бергани учун шукроналар келтириш лозим ва уларни яхши инсонлар қилиб, иймонли, эътиқодли тарзда тарбиялаш лозимдир.
Олтинсой туман бош имом хатиб котибаси Давлатова Турдихол