Муҳтарам юртдошлар ! Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин, жонажон юртимизга, барча мўмин мусулмонлар қатори сизу бизларга Рамазон ҳайити байрамини муборак айласин. Бир ой давомида ҳам жисмонан ва ҳам руҳан чиниқиб, сабр ва шукр фазилатларини ўзимизда ҳосил қилиб, бунинг тантанаси ўлароқ Ийд Рамазонни байрам қилмоқдамиз.
Дарҳақиқат, биз Рамазон ойи давомида имон ва ихлос ила кундузлари улуғ рўза ибодатини адо этиш билан бирга тунлари Аллоҳнинг каломи Қуръони каримга сомеъ бўлиш бахтига муяссар бўлдик. Зеро, имон ва Қуръон Аллоҳ таоло сизу биз мўмин мусулмон бандаларига ато этган энг буюк неъматидир. Қуръони каримда бу ҳақда шундай марҳамат қилади:
Айтинг: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик) ларидан яхшироқдир”. (Юнус сураси, 58-оят).
Бу оятда Аллоҳнинг икки улуғ неъмати зикр қилинаётир. Бири — фазлу карами, яъни Ислом дини. Иккинчиси — раҳмати, яъни Қуръони карим. Ҳадиси шарифда айтиладики, кимга Аллоҳ таоло Ислом дини ва Қуръон илмини насиб этган бўлса-ю, у камбағалман деб нолиса, Аллоҳ таоло то қиёмат кунигача унинг икки кўзи ўртасига (пешонасига) фақирлик тамғасини босиб қўяди. Уламоларимиз айтадиларки, Аллоҳ таолонинг мусулмон бандаларига ушбу улуғ ибодат ва байрамларни жорий қилишида катта ҳикмат бор. Жумладан, мусулмон киши беш вақт намозни жамоат билан ўқиш учун масжидга келар экан яқин қўшни ва маҳалладошларининг аҳволидан бохабар бўлади.
Худди шунингдек, беш вақт намозида кўриша олмайдиган ҳамшаҳар оғайни ва яқинларини жума намозларида учратиб, ундан ҳол-аҳвол сўраб хабардор бўлишади. Энди йилда икки марта бўладиган ушбу муборак Рамазон ва Қурбон ҳайит намозларида ҳам мўмин-мусулмонлар узоқ яқинлари билан кўришиб, уларнинг холидан хабар олиш имкониятига эга бўладилар. Демак ҳайит байрами инсонлар ўртасида ўта мукаммал ижтимоий алоқаларни жипслаштириш вазифасини бажаради. Инсон борки ўзини бошқалардан беҳожат ҳис қила олмайди. Шундай экан, бу улуғ кунларда бошқа инсонлардан хабар олиб, муҳтожларга қўлдан келганча ҳам маънан, ҳам моддий кўмак бериб, уларнинг кўнгилларига ҳам хурсандчилик ва байрамона кайфият киритиш ҳар биримизнииг бурчимиздир. Ҳақиқий мусулмоннинг наздида инсонларга манфаат бериб яшалган умр мазмунли, самарали ва гўзал умр ҳисобланади. Шу туфайли ҳам Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, қайси инсон Аллоҳга суюклироқдир ва қайси амал Аллоҳ азза ва жаллага маҳбуброқдир ? — деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлардан Аллоҳга энг суюклиси инсонларга кўп наф берадиганидир. Аллоҳга энг маҳбубли амал мусулмон қалбига киритилган хурсандчилигу мусулмондан бирор ғам-ташвишни кетказиш, оч бўлганда тўйғазиш, қарздор қарзини узишда кўмаклашишдир. Аллоҳга қасамки, мен бирор дўстимнинг ҳожатини раво қилиш учун у билан юришим мен учун ушбу масжидда бир ой эътикоф ўтиришимдан маҳбуброқдир, яъни Мадина масжидида. Кимки ўз ғазабини тийса Аллоҳ унинг авратини сатр қилади. Кимки ўз қаҳрини бажариш имкони бўлганда ичига ютса Аллоҳ қиёмат куни унинг қалбини розилик билан тўлдиради. Ким биродарининг бирор ҳожатини чиқаришда қарор топгунича бирга юрса қадамлар тойиладиган қиёмат кунида қадамларини собит қилади», — деб айтганлар. Эътибор берсангиз Пайғамбаримиз с.а.в. ушбу ҳадиси шарифда энг савобли ва Аллоҳга маҳбуб амалларни зикр қилиб ўтдилар. Айни пайтда энг савобли ишларни энг фазилатли кунларда амалга ошириш унинг савобини янада орттиришига сабаб бўлади. Бу борада Аллоҳ таоло бизларга қуйидагиларни марҳамат қилиб айтади:
“Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир”. (Бақара сураси, 261-оят).
Шунингдек, бу каби хайрли ва савобли ишларни қилишимиз билан Аллоҳ таолонинг даргоҳида улуғ ажру мукофотларга сазовор бўлишимиз билан бирга ўз инсонийлик бурчимизни ҳам адо этган бўламиз.
Ушбу муборак ҳайит кунларида яқинларимизнинг ҳолидан хабар олиш билан бирга атрофимиздаги шикаста кўнгил кишиларни зиёрат қилиш, уларга хайру саховат улашишнинг ҳам ажру мукофоти улуғ эканлиги борасида Аллоҳ таоло қуйидагиларни таъкидлаб айтади:
“Сиздан (эй Мухаммад) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангизлар, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингизлар ! Ҳар қандай қилган эҳсонларингизни Аллоҳ билиб турувчидир”. (Бақара сураси, 215-оят).
Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганлар: “Беморларни зиёрат қилинглар, очларга таом беринглар, қарздорларга қарзларини узишда ёрдам беринглар” (Имом Бухорий ривояти).
Бемор ва касалманд киши ҳақига қилинадиган дуо борасида Пайғамбари-миздан қуйидагича ҳадис ворид бўлган:
Беморга айтиладиган сўзларидан: “Ҳечқиси йўқ, Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади”, — деб айтиш (Имом Бухорий ривояти).
Шу каби сўзлар билан беморларнинг кўнглига хурсандчилик киритиш исломдаги эзгу амаллардан хисобланади.
Муҳтарам юртдошлар ! Рамазон ойи юртимизда аҳил-иноқликда, кўтаринки руҳ билан ўтказилди. Юртдошларимиз савоб ишларнинг бошини тутиб, мехр-мурувват курсатдилар, кексаларнинг ҳолидан хабар олдилар, эзгу ишларда бардавом бўлдилар. Энди ушбу анъанани ва касб этган хайрли амалларимизни йил буйи давом этдиришимиз керак. Мана куни кеча муҳтарам Президентимизнинг “Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида” ги Қарори эълон қилинди. 2019 йил 30 май куни мазкур қарор халқимизнинг кайфиятига янада кўтаринкилик бағишлади.
Рамазон ойини қандай ихлос, ғайрат ва сабр билан ўтказган бўлсак, бу байрамни ҳам унданда аълороқ, унданда файзлироқ қилиб ўтказишимиз керак. Бу байрамнинг биринчи куни дам олиш куни деб эълон қилиниши унинг файзини, шарафини, тароватини янада ошириб юборади. Ҳайитнинг мазмун-моҳиятида кўнгилларга хушнудлик, севинч, жисмга роҳат бағишлаш, дўстлар, яқинлар ўртасида муҳаббат қариндошлар, қардошлар орасида меҳр ришталарини янгилаш, кишиларни бир-бирларига ёрдам ва саховат кўрсатишга чорлаш мужассамдир. Ночор ва заифларнинг, муҳтож ва кам таъминланганларнинг жамият зиммасидаги ҳақларини ёдга туширишдир. Ҳайит қувончлари, байрам хурсандчиликлари ҳар бир хонадонга, ҳар бир оилага кириб бориши учун айнан шу кунларда фитр садақасини бериш, закот ва бошқа садақа, хайр-эхсонларни тарқатиш, давлатманд кишиларга вожиб бўлади.
Одатда байрамларда жамият ахлоқи, истак ва майллари, урф-одатлари ҳар қачонгидан қалқиб, бўртиб кўринади. Шу:боис, Рамазон ойи давомида бўлгани каби ҳайит арафасида ҳам меҳр-муҳаббат, ўзаро ёрдам, саховат ва хаё, етим ва ҳожатмандлар холидан хабар олиш, кексаларни қадрлаш ва ҳурматларини жойига қуйиш, ота-оналарга ҳар қачонгидан кўра эътибор кўрсатиш, умуман инсонлар ўртасида меҳр-оқибатни янада кучайтириш талаб этилади. Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи васаллам) ўзларининг ҳадиси шарифларида марҳамат қилганлар: “Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи киши Аллоҳ таоло йўлида саъй-ҳаракат қилувчи ёки кечалари тоат-ибодат қилиб, кундузлари рўза тутувчи киши кабидир”. (Муттафақун алайҳ).
Айникса, ёшларимизни турли мутаассиб кучларнинг таъсирига берилиб қолмасликларини таъминлаш ҳамда уларни Ватанга муҳаббат, миллий ва диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, энг асосийси, билимли қилиб ўстиришга қаратилган эътибор ва ғамхўрлигимизни ошириш барча мўмин-мусулмонларимизнинг асосий вазифаларидан бири саналади. Муҳтарам юртбошимизнинг ўртага ташлаган “Ўз болангни ўзинг асра!” шиорларини дастуруламал қилган ҳолда, фарзандларимизга биргаликда тўғри тарбия бериб, келажаклари учун қайғуриб яшайлик.
Азизлар ! Ҳар ҳайит арафасида қайта-қайта такрорланадиган яна бир гапни эслатиб ўтмоқчимиз: Ҳайит — баъзи жойларда бўлаётганидай азахонлик, таъзияхонлик маросими эмас. Балки хурсандчилик, яхши кайфият ва эзгу ишлар, фазилатли ой рўзасини эсон-омон, соғ-саломат тутиб олганимиз учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва шукроналар изҳор этиш рамзидир. Шу кун янги вафот этган кишилар хонадонига бориб, уларнинг мусибатини қайта эсларига солиш ўрнига бу куннинг шукрини адо этиш, ушбу шодиёна кунда ҳаммамизга ардоқли ота-оналаримиз, қавм-қариндошларимиз, улуғларимиз зиёратига бориб уларнинг дуоларини олиш, бетоб, муҳтож диндошларимиз, умуман барча инсонлар ҳолидан хабардор бўлиш, ёрдамга муҳтож кишиларга қўлидан келганича хайр-саховат кўрсатиш, бир-бирларимизни ҳайит билан муборакбод этиш, эски гина-кудуратларни унутиб, силаи раҳмни ва инсоний муносабатларни тиклаб олиш ва шу тариқа Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратига сазовор бўлиб олиш ҳар бир мусулмоннинг байрам кунларидаги энг муҳим вазифаларидан саналади.
Аллоҳ таоло Рамазон ҳайитини барчаларимизга муборак айласин !
Ҳақ таоло байрамнинг шарофатидан мустақил ватанимиз равнақи, халқимизнинг аҳил-иноқлиги, бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги янада мустаҳкам бўлишини насиб айласин!
Фарзандларимизнинг имонини бутун, илмларини зиёда қилсин !
Бу тинчлик, осойишталик йўлида саъю-ҳаракат қилаётган барчани Аллоҳ таоло эзгу мақсадларидан афзалига муваффақ қилсин !
Юртимизни ёмон кўзлардан Парвардигорнинг ўзи асрасин !
Муҳтарам Юртбошимизнинг эл-юрт равнақи, бахт-саодати йўлида олиб бораётган хайрли ва савобли ишларида Аллоҳ таолонинг Ўзи мададкор бўлсин !
Рамазон ҳайити намозининг савобидан ҳаммамизни баҳраманд айлаб, бу байрам баракотидан барча мўмин-мусулмонларнинг гуноҳларини мағфират айлаб, даражотларини юқорига кўтариб, икки дунё саодатига мушарраф қилсин ! Омин !
“Шоҳ Машраб” жомеъ масжиди ноиб имоми А.Хаитов