Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугунги кунимизда одатга айланиб қолган ачинарли ҳолатлардан бири – қалблардан дуонинг йўқолишидир. Фақатгина Аллоҳ раҳм қилган зотлар бундан мустасно. Агар бирортаси сизга муаммосини айтса ва сиз унга: «Дуода мустаҳкам бўлинг», десангиз, унинг фақат қовоқ уйиб, тумшуғи осилиб, умидсизланиб, хўмрайиб қолганини кўрасиз. Гўё сиз унинг шаштини пасайтириб, ҳафсаласини пир қилиб, дардини сариқ чақага олмагандек бўлиб қоласиз. Бизнинг наздимизда дуонинг мартабаси не ҳолга тушиб қолди?!

Дуо аслида ибодат эмасмиди?! Ибодат бўлганда ҳам, ибодатларнинг мағзи эди-ку! Айнан дуо билан банданинг Роббига яқинлиги, Унга тобелиги, Унинг буюклигига бўйсуниши, Унинг ягона эканига иқрор бўлиши ўлчанар эди-ку!

Асарларда келишича, дуо қилувчилар бу дунёда қабул бўлмаган дуоларининг ажрини  охиратда кўрганларида бирорта ҳам дуолари ижобат бўлмаслигини орзу қилиб қолар эканлар.

Мусо ва Ҳорун алайҳимассаломлар Аллоҳга дуо қилганларида, «У Зот: «Батаҳқиқ, икковингизнинг дуоингиз қабул қилинди. Бас, мустақим туринглар ва билмайдиганларнинг йўлига эргашманглар», деди» (Юнус сураси, 89-оят).

Ибн Касир айтади: «Мусо дуосининг ижобатини қирқ йилдан кейин кўрди».

Дуо қилиб, қирқ йил кутган Аллоҳнинг набийси эди. Нега энади биз дуо қилганимиздан қирқ кун ўтмасидан, «Дуойимиз қабул бўлмади», дейишни бошлаймиз.

«Саҳиҳи Бухорий»да келтирилган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан дуо қилгач, «Дуо қилдим, дуойим қабул бўлмаяпти», деб шошмайдиган кишининг дуоси қабул бўлади. Аллоҳга дуо қилинглар ва шикоят қилиб, «Дуойим ижобат бўлмади, дуойим қабул бўлмади», деманглар», деганлар.
Биз дуо қилар эканмиз, дуонинг қабул бўлиш сабабларини тўлалигича юзага чиқаришимиз лозим. Дуоларни қабул қилиб, ижобат этиш эса Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўз хоҳиш-истагига, иродасига боғлиқдир.

Ақл-идрокимизни тараққий эттириб, зеҳнимизни чархлайлик, шунда қалбларимизда иймонни топамиз ва Аллоҳнинг афви ва раҳматидан умид қилиб, ижобат бўлишига ишониб дуо қиламиз. Кундалик дуоларни ҳаётимизга татбиқ қилайлик ва мустажоб вақтлардан фойдаланиб қолайлик. Биз ҳоким ёки амир, ёки вазирдан сўрамаяпмиз, балки осмону ернинг Яратувчиси, подшоҳларнинг Подшоҳига дуо қиляпмиз.

Бандага суяниб, ундан умид қиламиз, лекин ана шу банданинг Роббини унутиб қўямиз?! Бундай ҳолга тушишдан, Аллоҳ билан бизнинг ўртамизга тушиб, бизга фойда ҳам, зарар ҳам беролмайдиганларга суянишдан У Зотнинг Ўзи сақласин. Бизга ҳечбир банда ёрдам беролмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай дейди:

«Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо қилувчи Менга дуо қилганда, дуосини ижобат қилурман» (Бақара сураси, 186-оят).

Мазкур ояти каримани маҳкам ушлаб, унга амал қилайлик. Аллоҳ таоло яна марҳамат қилади:

«Ҳақиқий дуо Унгагинадир. Ундан ўзгага дуо қилаётганларга эса ҳеч бир нарсада ижобат этмаслар. Магар, икки кафтини сувга узатиб, сув оғзига етишини кутган одамга ўхшарлар. Ҳолбуки, у унга етувчи эмас. Кофирларнинг дуоси фақат йўқотишдадир»  (Раъд сураси, 14-оят).

Ёлғиз Аллоҳга муножот қилинг. Унинг гўзал исмлари билан сўранг:

«Энг гўзал исмлар Аллоҳникидир. Бас, Унга улар ила дуо қилинг ва Унинг исмларида оғадиганларни тек қўяверинг. Тезда қилган амалларининг жазосини олурлар» (Аъроф сураси, 180-оят).

Агар ризқ хоҳласангиз: «Ё Раззоқ, ризқлантир», денг…

Агар мол-мулк хоҳласангиз: «Ё Ғаний, бой қилгин», денг…

Агар кечиришини хоҳласангиз: «Ё Ғофур, кечиргин», денг…

Агар раҳматини хоҳласангиз: «Ё Раҳмон, раҳм қил», денг…

Агар илмни хоҳласангиз: «Ё Алийм, билдиргин», денг…

Агар дуойингиз  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлганига кўра бўлса, сизни табриклаймиз. Фақат ўзингиз учун сўраб қиладиган дуоларингизда ёмонлик йўқдир, фақат дуойингизда ҳаром бўлишидан ёки Аллоҳга қарши боришдан эҳтиёт бўлинг.

Тақуюддин Абул Аббос айтади: «Инсонга шу пайтгача айтиб келинаётган дуолар билан дуо қилиш машруъдир. Дуо энг афзал ибодатлардандир. Аллоҳ бизни дуо қилмасликдан қайтарди. Бошқа ибодатларимиздаги каби дуода ҳам шариат ва суннатга эргашиш лозим. Машруъ бўлган дуода бошқалар учун ҳам адолат бўлади. Бунда энг яхшиси комиллик ва афзалликни ўтказиб юбормаслик ва мана шу набавий дуодир. Бу дуо баъзи шайхларнинг айтганидек эмас, балки мусулмонларнинг иттифоқи билан афзал ва комилдир. Қандай қилиб дуонинг айни ўзи хато, гуноҳ ёки яна бошқа нарса бўлиши мумкин?!»

Шайх Али Хузайфий айтади: «Дуонинг ҳақиқати – дунёвий ва ухровий ҳожатларни сўрашда, қийинчиликларни ечишда, дунё ва охират ёмонликларини кетказишда Аллоҳга қаттиқ боғланишдир».

Ибн Қайюм раҳимаҳуллоҳ айтади: «Дуо энг фойдали дорилардандир. Дуо касалликнинг душманидир, уни даф қилади, тузатади, касалликнинг олдини олади, агар касаллик келса, уни кўтаради ёки енгил ўтказади. Дуо мўминнинг қуролидир».

Гоҳида кўча-кўйда, касалхоналарда оғир беморлар ичида баъзи худбинларни ҳам кўрамиз. Бу кабиларнинг васфи қуйидаги оятда ҳам келган:

«Қачонки инсонга зарар етса, ёнбошлаган, ўтирган ёки турган ҳолида Бизга дуо қиладир. Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо қилмагандек, кетаверадир. Ҳаддидан ошганларга қилаётган амаллари ана шундай чиройли кўрсатилди» (Юнус сураси, 12-оят).

Оғир кунда қолган инсон, ким бўлишидан қатъий назар, ёнбошлаган, ўтирган ёки тик турган ҳолида, яъни ҳар қандай ҳолатда Аллоҳга ёлворишни бошлайди. Ҳатто энг катта кофир, фосиқлар ҳаётида ҳам бундай воқеалар рўй берганига тарихда мисоллар кўп. Турли мусибатлардан кейин дин йўлига кирганларнинг кўплиги ҳам шу ҳолга далил. Аммо, афсуски, кўплар бундан ўзига яраша хулоса чиқариб олмайди. Бошига мусибат тушганда Аллоҳга ёлворади-ю,

«Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо қилмагандек, кетаверадир».

Иймонимиз зиёда бўлишига ҳаракат қилайлик ва юқорида ўрганганларимиз – Мусо, Ҳорун, Закариё алайҳимуссалом ва Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларини намозларимизда қўллайлик. Расуллар Аллоҳга энг комил таслим бўлган бандалардир. Иброҳим алайҳиссалом:

«Роббим, мени ва зурриётларимни намозни тўкис адо этадиганлардан қилгин. Роббимиз, дуони қабул этгин» (Иброҳим сураси, 40-оят), дея дуоларини қабул қилишини сўраб Аллоҳга ёлворганида биз У Зотдан сўрамасак, ҳолимиз қандай бўларкин?! Ёрдамчимиз ва ёлғиз мавломиз бўлган Роббимиздан сўрамасак, зарар кўрувчилардан бўлиб қолишимиз шубҳасиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб айтадилар:

«Дуодан бошқа ҳеч нарса Аллоҳга қадрли эмасдир» (Имом Термизий ривоят қилган).

Билингки, амалларнинг қабул бўлишидаги асл таянч ихлосдир. Қалбингизни тайёрламасдан, бўш қалб ила ёдлаб олган сўзларингизни такрор-такрор айтиб  дуо қилманг. Аксинча,

«Бас, агар кофирлар ёқтирмасалар ҳам, Аллоҳга динни холис қилган ҳолингизда илтижо қилинг» (Ғофир сураси, 14-оят).

Имом Нававий айтади: «Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло дунёга шўнғиган, Мавлоси билан бирга бўлиш ҳузуридан ғофил бандасининг дуосига ҳам беэътибор эмас. Дуога эътибор ва жидду жаҳд дуонинг улуғ одобларидандир».

Фахриддин Розийдан ривоят қилинади: «Уммат: «Ихлоссиз, тил учида қилинган  дуоларнинг фойдаси кам ва таъсири йўқ», деб ижмоъ қилдилар».

Имом Нававий айтади: «Билгинки, дуодан мақсад – қалб роҳатидир. Бунга далил чексиз кўпдир. Бу ҳақда билишимиз Унинг зикридан очиқ-ойдиндир (Яъни Қуръонда очиқ ойдин келган).

Имом Байҳақий айтади: «Дуонинг қисмлари бордир. Улар – ҳақиқий жидду жаҳд билан сўраш, ижодий ишларда дуони иқтибос қилиб олмаслик. Ва бу ҳақиқатда ғофилликдир».

«Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман…» деди» (Ғофир сураси, 60-оят) оятини Абу Бакр Шалабий: «Менга ғафлатсиз дуо қилинг, сизга муҳлатсиз ижобат қилурман», дея тафсир қилар эканлар.

Ибн Ражаб Ҳанбалий айтади: «Дуонинг ижобат бўлишини тақозо этадиган сабаблар – унинг шартларини комил қилиш билан бирга уларни бажаришдаги тўсиқларни ҳам олишдир. Дуо қабул бўлишининг катта шартларидан бири – қалб ҳозирлиги ва унинг ижобат бўлишини Аллоҳдан умид қилишдир. Шуни яхши билишимиз лозимки,  яна егуликларнинг ҳалол бўлиши, гуноҳлар ва ёмон ишларни тарк қилиш, солиҳ амалларни кўпайтириш ҳам дуонинг қабул бўлиш сабабларидандир».

Хўш, дуонинг шунча қийматга эгалигини билгандан кейин ҳам уни камайтириш ёки дангасалик билан унутишда давом этамизми?!

Шуни яхши билайликки, дуонинг ўзи кифоя қилмайди, балки унинг қабул бўлиш сабаблари билан бирга амалларини ҳам бажаришимиз керак.

Аллоҳ таолодан ҳар қандай ҳолатимизда ҳам бу ибодатга қоим қилишини сўраймиз. Аллоҳга туннинг охирги учдан бирида, азон ва иқомат орасида, жума куни қуёш ботишидан олдин, ёмғир ёғаётганда, енгилликда ва оғир пайтда, сафарда ва муқимликда –дуолар ижобат бўладиган барча фурсатларда дуо қилайлик.

Қўлимиз ва қалбимизни дуога очайлик!…

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here