Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«(Эй Муҳаммад), одамлар орасида шундай кимсалар борки, унинг гапирган гапи ҳаёти дунёда сизга қизиқ туюлади» (Бақара сураси, 204).
Яъни, шундай кимсалар борки, баён қилиш санъати етуклигидан гапираётган гапидан лол қоласан, ҳайратланасан. Лекин улар ёлғончи, мунофиқдирлар. Уларнинг «ҳунарлари» бу дунёдагина ўтади. Охиратда эса қалбларидаги сирлардан бохабар бўлган, ғайбларни билгувчи Зотгина ҳоким бўлади.
«…Ва ўзи (исломга) ашаддий хусуматчи бўлган ҳолида дилидаги «иймони»га Аллоҳни гувоҳ келтиради» (Бақара сураси, 204).
Яъни, аслида дили куфр ва мунофиқлик иллати билан муҳрланган бўлса-да, ўзини иймонли деб даъво қилади ва бу даъвосини «Аллоҳ шоҳид» деб исботлашга уринади. Ҳолбуки, у ашаддий хусуматчи бўлиб, ноҳақлик – ботил билан баҳс-мунозара қилади.
«(Олдингиздан) кетганида эса ерда бузғунчилик, экин ва наслларни ҳалок қилиш учун югуриб-елиб юради. Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди» (Бақара сураси, 205).
Яъни, фасодни ёмон кўради, фасодчиларни ёқтирмайди. Ҳужжатул Ислом Фаззолий айтганлар: «Баҳс-мунозара – ўзингни билимдон қилиб кўрсатиб, бошқани таҳқирлаш ниятида хатосини изҳор этиб, таъна қилишингдир».
Тортишув (мужодала) ўз мазҳабини бошқасидан устун қўйиш ва фикрини маъқуллашдан иборат.
Хусумат эса мол ёки бошқа бир кўзлаган нарсасини қўлга киритиш учун айтган гапида қатъий туриб олишдир. У гоҳида бирон нарсани ёқлаши, гоҳида эътироз қилиши мумкин. Баҳс-мунозарада эса фақат эътироз бўлади».
Имом Нававий айтадилар: «Билгинки, тортишув гоҳ ҳақ, гоҳ ноҳақ бўлади. Аллоҳ таоло айтганки:
«(Эй мўминлар), сизлар аҳли Китоб билан фақат энг чиройли йўсинда мужодала – мунозара қилинглар» (Анкабут сураси, 46).
«…Улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала – мунозара қилинг!» (Наҳл сураси, 125).
«Аллоҳнинг оятлари ҳақида фақат кофир бўлган кимсаларгина талашиб-тортишурлар…» (Фотир сураси, 4).
Агар мужодала (тортишув) ҳақни аниқлаш ва уни қарор топтириш учун бўлса, у маҳмуд – мақталгандир. Борди-ю, ҳаққа қаршилик кўрсатиш учун ёки билмасдан туриб қилинадиган бўлса, у қоралангандир. Мужодаланинг жоиз ва ножоизлиги хусусида ворид бўлган оятлар мана шу йўсинда нозил бўлган».
«Гуноҳи кабиралар» китобидан
БИР ДОНА ПОЙАБЗАЛ
Пойафзал сотувчи янги келтирган молларини пештахтага жойлаштираётганди. Кўчадаги бир болакай уни кузатиб турарди. Сотувчи моллар орасидан бежиримларини ойна томонга қўяркан, болакай пештахтага яқинлашди.
Болакай қўлтиқтаёққа суяниб юрса-да, кўриниши тетик эди. Сотувчи унга бир қур кўз ташлади. Шимининг чап почаси тиззасидан шалвираб турарди. Бир оёғи йўқ эди. Болакай кўргазмада турган пойабзалларга маҳлиё бўлиб қараб турарди. Бир муддат шундай турди. Дўкондан узоқлашганди, сотувчи ташқарига бош чиқариб:
— Болакай! — дея овоз берди. — Пойабзал олишни мўлжаллаганмидинг? Сенга мос келадиган ажойиб оёқ кийимлар бор.
Болакай унга қайрилиб:
— Ҳақиқатдан ҳам пойабзаллар чиройли экан, — дея табассум қилди. — Лекин менинг оёғим туғма чўлоқ.
— Менимча бу аҳамиятли эмас! — Сотувчи ташқарига отилиб чиқди. — Бу дунёда ҳамма нарсаси тугал одамнинг ўзи йўқ. Кимнингдир қўли йўқ, кимнингдир оёғи. Яна кимнингдир ақли, бировнинг эса виждони бўлмайди…
Болакай жим тураверди. Сотувчи эса гапида давом этди:
— Кошки виждонимиз бўлмагунча, оёғимиз бўлмасайди.
Болакай ҳайрон қолди. Сотувчига яқинлашиб:
— Тушунмадим? — деди.
— Шундай, болажон! — деди сотувчи. — Виждонимиз бўлмаса инсон бўлолмаймиз. Оёқларимиз бўлмаса, инсон бўлишимиз муаммо бўлмайди. Зотан инсонни жисми эмас феъл-атвори тўкис кўрсатади. Виждонсизлар жаннатга киролмайдилар. Оёғи йўқлар учун эса жаннатда бу нуқсондан фориғ бўладилар. Ҳатто жисмидан нуқсони бор инсонлар соғлом инсонлардан кўра кўпроқ мукофотга муносиб бўлишлари эҳтимол.
Болакай яна бир бор табассум қилди. Шу бугунга қадар чеккан изтироблари аригандай бўлди. Сотувчи эркак пештахтага ишора этиб:
— Ҳозир кўрганинг пойабзал сенга ярашади. Кийиб кўрасанми? -деди. Болакай боши билан «йўқ» ишорасини берди:
— Устига ўттиз лира деб ёзилган экан. Уни ололмайман.
— Ҳозир мавсум тушган пайт, шунинг учун бироз арзонлаштираман. Йигирма лирага туширишим мумкин. Сен унинг бир пойини оласан. Демак, бир пой оёқ кийими учун ўн лира берсанг кифоя қилади. Болакай бироз ўйланиб турди-да:
— Нариги пойи бирор ишга ярамайди. Ким олади уни?- деди.
— Оббо, роса гапни чўздинг, — дея кулди сотувчи.
— Уни ҳам ўнг оёғи бўлмаган бирор болага сотарман.
Болакайнинг кўнгли бироз тинчлангандай бўлди. Сотувчи ундан: — Мактабга борасанми?- дея сўради.
— Иккинчи синфни тамомладим. Учинчига ўтдим!
— Унда яна ҳам яхши, — деди сотувчи. — Ўқувчи бўлганинг учун беш лирага арзонлаштирамиз. Беш лира қолди. Демак, пойафзал сеники бўлди! Сотдим уни!
Сотувчи боланинг ҳайрат тўла боқишлари орасида дўконга кирди. Пештахталар болакайга ёққан пойабзал билан тўла эди. Аммо сотувчи кўргазмада турган пойабзални олди. Болакайни ўриндиққа ўтирғизиб, янги оёқ кийимини кийдирди. Эски пойабзалини болакайга кўрсатиб:
— Мен маҳсулотимни сотдим, — деди. — Сен ҳам бу пойабзалингни менга сотсанг мамнун бўлардим.
— Ҳазиллашяпсизми? — қиқирлаб кулди болакай. — Унинг тагчарми ейилиб кетган, эски бир пойабзал бўлса. Шу туришида пулга арзийдими у?!
— Сен қолоқ экансан-ку, кичик дўстим, — деб кулди сотувчи. — Антиквар нарсалардан хабаринг йўқ эканда. Антиквар нарсалар қанча эски бўлса, шунча нархи ошади. Шунинг учун ҳам менимча оёқ кийиминг ўттиз-қирқ лира турса керак.
Болакай шок ҳолатга тушган каби эди. Гўё туш кўраётганди у. Сотувчининг ҳаяжондан титраётган қўлларидаги қоғоз пулларга кўз югуртирар экан, ўн лиралик банкнотни нари сурди:
— Менимча йигирма лира ҳам етарли. Ҳозир мавсум тушган пайт-ку!
Сотувчи унинг гапини рад этмай ўн лирани қайтиб олди ва болакайнинг ёноғидан ўпди. Қувончи ичига сиғмасди сотувчининг. Агар бутун дўкондаги молларини бир кунда сотиб юборса ҳам ҳозиргидек бахтиёр бўлолмасди. Болакай секин ўрнидан қўзғалди. Гўё қўлтиқ таёққа ҳам эҳтиёжи йўқ эди унинг. Маҳзун табассум билан шундай деди:
— Отам ҳақ эканлар! «Жисмингдаги нуқсон учун ҳеч қачон ўкинма!» — дейдилар. Бугун биринчи марта нуқсонимдан уялмадим…
Денов туман Умари Одил жоме масжиди имом хатиби С.Haсриддинов