Дунё ташвишларидан ортиб зиёратга ҳам вақт топа олган киши оқибат аталмиш халқимизга хос бўлган фазилатни ўзига ҳамроҳ этган инсондир. Аммо, зиёрат дейилганда фақатгина улуғ алломалар мақбараларию, ўтганлар мангу қуним топган масканларни назарда тутиш ҳам ноўрин Зотан, кексалар, нуронийлар, ўзгалар ёрдамига муҳтож беморлар хамда минг бир орзу умидлар билан фарзанд тарбия этган ота- оналаримизни ҳам зиёрат қилиш айни савобли ишдир. Бундай зиёратда бўлган инсон аввало кўнгил хотиржамлигига эришади. Дийдор ғанимат инсонлар билан бўладиган суҳбатлар асносида инсонийлик, мехр-оқибат, эзгулик каби саодатга элтадиган суҳбатлардан сабоқлар олинади. Бу борада Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар:
“Ким бир мўмин биродарини Аллоҳ розилиги учун зиёрат этиб, қўл ушлашиб уч бора силкиб куришса, кузги дарахт барглари тўкилгандек, хар икковининг гунохлари тўкилади”.
Мазкур хадисдан ҳам кўриниб турибдики, бир бири билан ёруғ юз, покиза кўнгил, эзгу ният ва яхшилик муроди билан саломлашган инсонлар дийдор аталмиш улуғ саодатдан бахраманд бўладилар. Зотан, ётиб колган бемор дардкашга, кекса инсон суҳбатдошга, кекса ота-она эса йўклов ва оқибатга мухтож бўлади. Улар билан тез-тез кўришиб туриш, оқибат кўрсатиш эса мискин кўнгилларнинг тоғ каби юксалишига хизмат қилади. Бинобарин, муқаддас ислом динида бир кўнгилни обод этиш, Каъбани обод этиш билан баробардир, дейилган. Бу хақда хазрат Навоий шундай такаллуф этадилар:
Кимки бир кўнгли бузукнинг хотирин шод айлагай,
Онча борки, Каъба вайрон эса обод айлагай.
Афсуски, замонавий хаётнинг тирикчилик деб аталмиш важлари билан ўз ота- онасинииг холидаи хабар олмайдиган, шунчаки қўнғироқ қилиш билан оқибат кўрсатдим, дея ўзига тасаллий берадиганлар ҳам оз эмас. Оилада хонадон бошининг ўтганлар ва тириклар зиёратига бўлган муносабати ўсиб келаётган ёш авлод учун ҳам ибрат мактабидир. Буни эса халқимиз жўнгина қилиб “Қайтар дунё”, дейишади. Азалий урф одатларимиз, халкимизга хос бўлган эзгу амалларимиз қучоғида ўсган фарзандлар албатта балоғатга етганларидан сўнг худди шундай мехр билан бизларни ҳам сийлаши шубхасиздир. Оилада мехр, оқибат кўрсатилишининг гувохи бўлиб ўсган фарзандлар юртига ҳам садоқат кўрсатади. Унинг онгида муқаддас туйғулар қаторида инсонларга ҳам мехрибонлик килиш тушунчалари йиллар давомида шаклланиб боради.
Баъзида туппа тузик инсонларнинг фарзанди ватан хоини, деган қора ном орттирганини, ёки бўлмасам жиноятга қўл урганини, сохта даъватларга эргашиб, йўлдан адашганини эшитиб қоламиз. Аслида эса бундай йўлдан адашган фарзандлардан эмас, уларни вояга етказган ота-оналардан домонгир бўлса ўринли бўлади, назаримизда. Зотан, оқ-қорани ўз вақтида танитган, ўзгаларга ёрдам кўрсатиб, қавму-қариндошга мехрли бўл дея даъват этган, муқаддас ислом дини мохияти билан боғлаш кўникмаларини бергаи ота-онанинг фарзандлари доимо бурчдорлик хисси билан яшайдилар. Бурчдорлик туйғулари билан ўсган, қалби эзгулик чашмасидан бахраманд бўлган фарзандлар ота-онага эл ичра яхши ном беради,. ватандошларининг фахрига, ифтихорига айланади.
ЎМИ Сурхондарё вилоят вакили
ўринбосари А.Фатуллаев