ҚАРЗ МУОМАЛАЛАРИ
Бугунги кунимизга келиб инсоният барча соҳаларда тараққий этишда бир сония ҳам тўхтамаяпти. Дунёйимиз кундан-кунга гўзаллашиб, кенг имкониятларлар, техникалар ва бошқа қулайлик воситалари кўпайгандан-кўпайиб, кишини беихтиёр ўзига жалб қиляпти. Ўз навбатида инсонларнинг ҳожатлари ҳам ушбу буюмларга ортиб, ота-боболаримиз эътиборсиз деб билган нарсалар бугунги кунга келиб ҳаётимизнинг ажралмас бир қисмига айланаётгандек, гўё!
Ушбу қулайликлардан тўла қонли фойдаланишга ҳар бир кишининг имконияти етарли эмас, лекин кўпчилик наздида бунга эришишни энг осон йўлларидан бири бу – қарз олишдир. Тортишувлар, муаммолар ва бошқа кўнгилсизликлар ҳам шу орқали намоён бўлмоқда. Биз қуйида бугунги кунда кўп учраётган қарз турлари, улардан келиб чиқаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари хусусида бироз тўхталиб ўтамиз. Мамлакатимизда энг кўп амалда бўлиб турган қарз олди-берди ва қарздорлик ҳолатлари қуйидагича кўринишда бўляпти:
Мошина ва шунга ўхшаш қиммат баҳо нарсаларни қарзга олиш
- Кўпайтириб қайтариш эвазига қарз олиш
- Оз миқдордаги қарзларга эътиборсизлик ва унутиб юбориш
- Коммунал тўловлардан “оммавий” қарздорлик.
Бугунги асримизда мусулмонлар яшайдиган мамлакатларнинг ҳаммасида кенг тарқалган савдо турларидан бири тақсит (мато пулини бўлиб-бўлиб тўлаш) савдосидир. Кўп инсонлар ўзларига керакли нарсаларни сотиб олиш, уйларини жиҳозлаш ва ўта қиммат замонавий асбоб-ускуналардан фойдаланишда бу турдаги савдодан фойдаланадилар. Диёримиздаги қарздорлик сабабларидан бири ҳам шу савдо тури билан олди-берди қилишдир. Бу келишувда кўпинча мато нархи бозор нархидан қимматроқ бўлади. Мана шу зиёдалик шаръан жоизми? Муддатга эваз ҳақ олиш кўринишида бўлиб, рибонинг кўриниши бўлмаяптими? Бу масала борасида уламолар ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам зикр қилишган. Шуларда баъзи уламолар: “Жоиз эмас, бунда рибо, ёки рибога ўхшашлик бор”, дедилар. Аммо тўрт мазҳаб имомлари, фуқаҳолар ва муҳаддислар бу савдо турига рухсат берганлар, башарти икки келишувчи ақд пайтида маълум вақтга ва маълум суммага келишиб, бир тўхтамга келсалар. Аммо сотувчи айтсаки: “Нақдга бунчага, насияга мана бунчага сотаман”, деб. Кейин иккилари икки нархдан бирига келишмасдан тарқалсалар бу байъ дуруст эмас. Имом Термизий ўзлариниг жомеъларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир байъ ичида икки байъдан қайтардилар”, деган ҳадислари остида шундай дейдилар: “Баъзи аҳли илмлар: “Бир савдо ичида икки савдо” дегани “Бу кийимни нақдга ўнга, насияга йигирмага сотаман”, деб икки байъдан бирини тайин қилмаслигидир, агар келишув иккисидан бирига бўлиб, бирини тайин қилса ҳечқиси йўқ”. Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ сўзларининг хулосаси шуки ҳадиси шарифда бу келишувдан манъ қилиниш сабаби келишув пайтида нарх икки ҳолатдан бирига тўхтамасдан тараддудда бўлганидир. Бу ҳолат пулда ноаниқликни келтириб чиқаради, манъ қилиш сабаби муддат туфайли пулни зиёда бўлиши эмасдир. Имом Термизий зикр қилиб ўтган нарса айнан тўрт мазҳаб ва кўпчилик фақиҳлар йўллари бўлиб, далил билан қувватлидир. Чунки, Қуръони карим ва суннати набавийда бунга ўхшаш байъни жоиз эканлигига монелик йўқ. Шу билан бирга рибо ҳолати пулдаги мана шу зиёдаликка тўғри келмайди, чунки у (очиқ-ойдин) қарз олди-бердиси эмас ва рибовий молларни бир-бирига сотиш ҳам эмас. Бу фақат шундоққина савдони ўзи бўлиб, савдогар молини хоҳлаган нархига (инсофдан чиқиб кетмаган ҳолда) сотиш имкониятига эга, доимги бозор нархида сотишга мажбур эмас.Чунки савдогарларнинг пулларни (нархларни) тайин қилиш ва белгилашда турли хил фикрлари бор. Гоҳида мато нархлари ҳолатлар ўзгариши билан турлича бўлиши мумкин, шариат савдогарни ўз матосини бир вақтда бир нархга, бошқа вақтда ўзгача нархда сотишдан манъ этмайди. Хуллас, бу байъни жоизлиги тўғрисида барча иттфоқ қилган ва бу борада бунда ортиқ мавзуни узайтириш лозим эмас, фақат бунда доим эсда туриш лозим бўлган нарса бир нарх устида тўхтамга келишдир. Савдогар матосини ҳаридорга таклиф қилаётган пайтда: “нақд берсанг ўн минг, бир ойдан кейин ўн икки минг, икки ойдан кейин ўн тўрт минг ва ҳоказо”, деса бокиси йўқ, фақат ақдлашаётган пайтда шу айтилганларнинг бирига аниқлаб, келишиб олиш керак. Аммо икки ақдлашувчи яқоридаги нархлардан бирига тўхталмасдан бир-бирларидан ажралиб, кейин қайси бири мувофиқ бўлса шуниси ихтиёр қилармиз қабилида иш тутадиган бўлсалар, ёки ўн тўрт минг баробарига икки ойдан кейин пулини беришга келишиб, икки-уч кундан кейин ҳаридор келиб: “кечаги келишувимизни пулини ҳозир тўлаб, ўн мингга савдони тугатиб қўя-қолайлик”, дейиш мумкин эмас.[1]
Кўпайтириб қайтариш шарти билан қарз олди-берди қилиш шариат нуқтаи-назарига кўра рибо ҳисобланади ва у катта гуноҳлардандир. Бу турдаги қарз олди-бердилари билан асосан шу ишни ўзига касб қилиб олган айрим шахслар ва пул айрбошлашнинг барча турлари билан иш юритадиган муассасалар шуғулланадилар. Ислом уламолари ушбу муассасалар пайдо бўлиб, ўз фаолиятини бошлаганидан буён бу борада узундан-узун баҳслар, тадқиқотлар ва анжуманларни узлуксиз олиб бормоқдалар. Дарҳақиқат, бугунги асримизга келиб бу муассасаларни ўрни борасида иқтисодчиларнинг бири шундай деган эди: “Бу муассасалар мамлакатнинг молиявий хазинаси бўлиб, давлатни ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, тижорат ва бошқа соҳаларидаги лойиҳаларига ишлатадиган моллар билан таъминлаб туради ва у орқали мамлакат ўз ишчиларига ойлик маошларини беради. Ҳатто, ҳар қайси давлатни бюджетининг катталиги ушбу муассасаларда йиғилган пулларда намоён бўлади”.[2] Бу муассасаларнинг асосий иш фаолияти ўз ҳисобидаги маблағларни кўпайтириш мақсадида бир неча хил хизмат турларини ташкил этиш бўлиб, шулардан бири зиёда қилиб қайтариш эвазига қарз бериб туришдир. Бу зиёдалик олинаётган қарз ишлатиш ўрнига қараб ҳар-хил бўлиши мумкин. Мисол учун олинадиган қарз йўқ бўлиб бораётган соҳани жонлаштириш учун ишлатиладиган бўлса зиёдаси озроқ, бундан ишлаб чиқаришни айрим соҳаларига ишлатиш кўзланса кўпроқ ва яна шуларга ўхшаш ҳар хил бўлиши мумкин. Ислом уламолари олдиларига кўп келаётган масала мана шундай муассасалар билан ўзаро олди-берди қилиш, хусусан, ўзининг шартларига кўра қарз олишнинг ҳукми бўляпти. Биз ислом уламоларининг бу борада ўтказган баҳслари, анжуманлари ва чиқарган фатволари тўғрисида алоҳида-алоҳида тўхталиш ниятида эмасмиз, бунга иложимиз ҳам йўқ. Фақат бу борадаги маълумотлар билан танишиш асносида ҳосил бўлган мулоҳазаларни баён этмоқчимиз холос, фатво чиқариш зикр аҳлларига ҳавола қилинадиган нарсадир. Бу борада келган маълумотларнинг кўпи шуни кўрсатадики, қарз олди-бердиси мусулмон билан бошқа дин вакили орсида бўладими, ёки бир киши билан шунга ихтисослашган муассаса орсида бўладими, ёки бир мусулмон билан бошқа мусулмон ўртасида бўладими агар ўзаро ёрдам тариқасида, ўртада ҳеч қандай фойдани шартлашилмасдан ва муддат узайиб кетадиган бўлса ҳам қўшимчаси бўлмайдиган кўринишда бўладиган бўлса монелиги йўқ. Агар маълум миқдорда қўшимчаси бўладиган бўлса ва у қўшимча мазкур муассаса ёки қарз берувчи шахснинг ёзди-чиздилари, ишчиларининг маошлари ва бошқа шунга тааллуқли ички харажатлари учунгина бўлиб, бундан ортиқча бўлмаса бу келишув ҳам дуруст. Агар қарз қўшимчалари юқоридаги ички харажатлардан ортиқча бўлса ва вақт чўзилган сари у ҳам кўпайиб борадиган бўлса бундай муомала туридан эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки бу иш шариатда ман этилган рибо доирасига кириб қолади. Ушбу муассасалар фаолиятига эътибор бериладиган бўлса хизмат турларининг аксари фойда эвазига ва вақт узайиб кетиши билан зиёдаси ортиб бориш кўринишада амалга оширилиши ва қарздорнинг камида берилаётган қарз миқдоридаги, ёки ундан зиёд мулкини гаровга олиб туриш баробарига эканлиги маълум бўлади. Хизмат туриниг номлари, шарт-шароитлари ва муддатлари ҳар хил бўлса ҳам, мақсаб барибир бориб ўша фойдага тақалади ва эҳтиёт бўлишни тақозо қилади. Шуни яхши билиш лозимки, шариатда қайси иш ман қилинган бўлса, шу иш муқобилига рухсат йўли кўрсатилган бўлади. Кишиларни мазкур муассаса хизматларига (устида қўшимчаси бўлсада) ундаётган нарса ораларида бировни молига эътибор пасайиши сабабли ёки ишлаб чиқариш соҳаларига катта миқдордаги маблағ лозим бўлгани учун ва бу катта миқдордаги суммани ҳар қайси пулдор ҳам бера олмаслиги сабабли инсонлар бир-бирларга камдан-кам қарз берадиган бўлиб қолганларидир. Агар қарз сўровчи киши беғараз ёрдам кўрсатувчи киши билан бўладиган муомаласида юқоридаги мазкур муассасаларнинг айрим шартлари (ёзиб китобат қилиш ва қарздорнинг маълум мулкини гаровга олиш)ни бажарса муаммо осонгина ҳал бўларди. Кишилар ўзларига ёрдам қўлини чўзган ўз яқинлари, дўстлари ва қўшниларини ҳақини хоҳлаганларича чўзадилар ва ҳатто бермай қўйишни ҳам ўйлаб қоладилар. Аммо мазкур муассасалар пулини тез тўлашда қўлдан келган барча имкониятларини ишга солиб, вақти-вақтигача ва тийин-тийинигача эътибор қиладилар, акс ҳолда қарзлари кўпайиб, ёки гаровдаги моллари мусодара бўлиши, ҳатто ўзларининг маҳкамага тортилишигача бориши мумкин. Ўз навбатида савоб умидида ёрдам қилган кишини ҳақига эътиборсизлик ҳам дунёда молу-дунёси камайишига ва охиратда эса энг олий маҳкамага тортилишига олиб келади-ку! Демак, киши юқоридаги мазкур муассасалар билан муомала ўрнига беғараз ёрдам қилувчилар билан: “ака мана бу молимни гаровга олиб, зарур ҳожатим учун қарз бериб туринг, ёки мана икки гувоҳим” деб, ёзди-чизди қилиб ва омонатга вафо қилган ва яхшиликка кўрнамаклик қилмаган ҳолда муомала қилса бас. Оддий ёзди-чизди, гаровга қўйиш ва гувоҳ келтиришга истиҳола қиладилар-у қанча-қанча пулни чўзиб юриш ёки бермасликка истиҳола қилмайдилар!!! Ишлаб чиқариш ва катта-катта лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги қарз ҳаволаларга келадиган бўлсак, аввло киши ўз зиммасига тоқатидан юқори бўлган нарсани юкламаслиги, тўшагига қараб оёқ узатиши мақсадга мувофиқдир. Агар буни иложи бўлмаса ишлаб чиқаришига, ёки ўз лойиҳасига пулдор кишиларни шерикчилик қилишга ёки музораба қилишга таклиф қилиши мумкин. Ўз маблағи маълум миқдорга етганида ишини ўзи давом эттираверади. Хуллас, шариат қоидаларига мувофиқ қиламан деб яхши изланса бунданда кенгроқ йўлни Аллоҳ Ўзи кўрсатиб, ишини осон қилиб қўйиши шубҳасиз. Ушбу ўринда уламолар истисно қилган айрим ҳолатларни зикр қилиб ўтиш масалани янада ойдинлаштиради. Агар киши молу-жонига талофат етадиган даражада ўта танг ҳолатда бўлса ёки Америка қўшма шитатлари каби барча нарсалар ушбу муассасалар орқали амалга ошириладиган бўлса ва қарзи ҳасана бериб турадиган кишини топа олмаса фақат ҳожат миқдорича фойда эвазига қарз олиши мумкинлигини айтиб ўтишади ва бу шариатдаги: “зарурат манъ қилинган нарсаларга рухсат беради” қоидасига кўра эканлигини эслатадилар. Лекин, ушбу ҳолатда ён-атрофидаги буни билган имконияти яхши кишилар гуноҳкор бўладилар. Фақат ўша танг ҳолатни яхшилаб ўрганиб чиқиш керак, хусусан Ўзбекистон шароитида, ҳукумат ижтимоий ҳимояга алоҳида эътибор бераётган бир пайтда ва бир-бирини иссиқ-совуғидан хабардор бўлиб турадигаган Ўзбек халқи орасида очликдан ҳалок бўладиган даражадаги кишини учратиш жуда қийин. Хуллас, айрим сабаб учун рибога очилган игна тешигичалик кичкина йўл вақтики келиб туя сиғадиган бўлиб қолишини мулоҳаза қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди!
Биз юқорида қарздорлик ҳолати фақатгина бирор кишидан маълум нарсани олиш билан эмас, балки бошқа сабаблар билан ҳам бўлиши айтиб ўтган эдик. Мана шу сабаблардан бири коммунал хизматларидан фойдаланишдир. Бугунги кунда бу орқали қарздор бўлиш ҳолати ҳар-бир оилани зиммасида бор десак муболаға бўлмаса керак, чунки бу хизмат тури ҳаётимизни ажралмас бир қисмини ташкил этади. Лекин минг афсуски, бу неъматларни қадрига етиш ва ҳаққини ўз вақтида тўлаш борасида ҳолатимизга ҳавас қилиб бўлмайди. Коммунал ширкатлари (газ, сув, электр-энергия ва иссиқлик манбалари ширкатлари)дан қарздорлик ҳисобига етиш қийин бўлган даражада юқори бўлиб кетган. Ҳисоб-китобларга қараганда биргина электр-энегиянинг бор-йўғи 30% атрофидагина тўланар экан. Ушбу маълумотлар бу борадаги ҳолатимиз ҳам шаръий, ҳам қонуний жиҳатдан жуда ёмонлигидан дарак беради. Аввало шуни яхши билиш керакки, коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаш вожиб, чунки бу ўша ташкилот билан мижоз ўртасидаги шартнома талабидир. Буни пайсалга солиш ҳеч ҳам дуруст эмас. Аллоҳ таоло келишувларга вафо қилишга буюриб шундай деди:
“Эй, имон келтирганлар! Битимларга (аҳдларга)га вафо қилингиз!”
Бундай умумий аҳдномаларга инсоннинг дўстми-душманми бошқа шахслар билан, турли жамоат ҳамда гуруҳлар билан тузган аҳдномалари ҳам, савдо-сотиқми, қарзми, вакилликми, кафилликми–шуларга ўхшаш ишлар ҳам ушбу тушунча остига киради.
Аллоҳ таоло мўмин бандаларига хитоб этиб, барча аъдларига вафо қилишни буюрмоқда. Зотан, аҳдга вафо Исломдаги энг улкан хислатлардандир. Шунингдек, аҳдга бевафолик катта гуноҳдир. Юқоридаги маълумотлар кишилар қуйидаги гуноларни содир этаётганини кўрсатади:
Аввло, юқорида айтиб ўтилганидек мунофиқни сифати бўлган аҳдга вафо қилмаслик омматан бўлаётгани;
Энг оғир гуноҳлардан бири бўлган ўғирликни тап-тортмай қилинаётгани;
Кишиларни молу-дунёга ўта берилиб, киссаларидан бир сўм чиқса, пул билан бирга қўшилиб жонлари чиқадиган даражада бўлиб кетганлари;
Бу борада турли ҳийла-найранглар ва кўз бўямачиликларни ўйлаб топиб, уларни амалда қўллаётганлари;
Ушбу гуноҳларни энг хатарлиси буни гуноҳ санамаётганларидир.
Алиакбар САЙФУДДИНОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Сурхондарё вилоятидаги вакили,
Шеробод тумани “Имом Термизий”
жоме масжиди имом-хатиби
[1] Қаранг Муҳаммад Тақий Усмоний. Қозоя фиқҳийя муасира. Дар ал-қалам. Дамашқ. 2003. 1-жуз 11-14.б
[2] Муҳаммад Саййид Тантовий. Муамалат ал-бунук ва аҳкамуҳа аш-шаръиййя. Дар ан-наҳда. Миср.1997.122.б