Мусибат ўзи биргинадир…
Аллоҳ таоло яратган барча махлуқотлари ичида энг азизи ва мукаррами инсон зоти бўлиб, унинг ёшу-қариси ҳам, эркагу-аёли ҳам, тиригу-ўлиги ҳам бирдек қадр-қийматга эга. Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга ўлчаб умр, ризқ-насиба, ўғил-қиз, келин-куёв, набира неъматини берган. Ўзининг муқаддас каломи шарифида: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик…”-деб марҳамат қилади. (Исро сураси, 70-оят). Ислом дини инсон қадрини унинг ҳаётлиги ва ҳаётдан кўз юмгандан сўнг ҳам юқори даражага кўтаради. У вафот этганида яқинлари маълум муддат давомида унинг хотираси, ҳурмати учун аза тутишади.
Қачонки бир мусулмон инсон вафот этар экан албатта, унинг шариатда алоҳида ҳурмати бўлади. Маййит эгалари яқини ўлганидан шод-хуррам бўлмасдан уни сўнгги йўлга кузатишда афсус ва маҳзунлик билан, жасадни ювиб, тоза матолар билан кафанлаб, хушбўй нарсалар сепиб, қабристонга елкада кўтариб бориб дафн этиш ва дафн маросимларини шариатга мувофиқ тарзда бажаришлари лозим бўлади. Шу жараёнда ҳаддан ошиб, шариатда йўқ одатларни пайдо қилса, риё, шуҳратпарастлик, исроф каби шариатимизда ҳаром саналган иллатларни дафн маросимларига аралаштирса, гуноҳ ботқоғига ботган ҳисобланади.
Шариатимиз таълимоти вафот этган киши дафн қилинган кунидан бошлаб унга узоғи билан уч кунга қадар аза (мотам) тутишга рухсат беради. Бу хусусда саҳиҳ тўпламларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бирор аёлга, биронта ҳам ўлик учун, уч кундан зиёд аза очиб ўтириши ҳалол бўлмайди. Магар, эрига тўрт ой ўн кун ўтиради”, деган мазмундаги ҳадислари бор.
Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий айтадилар: “Мусибат ўзи биргинадир. Ҳар қачон банда шикоят ва бесабрликка мубтало бўлса, мусибати икки ҳисса бўлур”. Яъни, мусибатга бериладиган ажру савоб ҳам қўлдан кетади. Бундай маҳрумликнинг ўзи катта мусибатдир.
Хотиндан бошқа кишига, хоҳ ота-онаси бўлсин, хоҳ оға-иниси бўлсин, хоҳ фарзандлари-ю амма холалари бўлсин, хоҳ қавму қариндоши бўлсин, уч кундан ортиқ аза тутмоқ, тарки зийнат қилиб ўтирмоқ, хушбўйликлардан, атир-упалардан ўзини тортиб ўтирмоқ шариатга хилофдир. Яна устидаги либосини ўзгартириб, қора кийиб ўтириши мутлақо ножоиздир.
Ҳумайд ибн Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Менга Зайнаб бинти Абу Салама ушбу уч ҳадиснинг хабарини берди; У айтдики, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Умму Ҳабийбанинг олдиларига кирдим. Ўша пайт унинг отаси Абу Суфён вафот этган кунлар эди. У сариқ рангли бир аралаш ёки бошқа хушбўй нарса келтиришларини сўради. Ундан бир қизчага суртиб кўрдида, кейин ўзининг икки юзига суртиб туриб, Аллоҳга қасамки, ҳозир хушбўй нарса суртадиган ҳолим йўқ, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбардан туриб: “Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёл учун бирор маййит учун уч кундан ортиқ аза тутиши ҳалол эмас. Фақат эрига тўрт ойу ўн кун тутади” деганларини эшитган эдим”, деди”.
“Шу уч кун ичида маййит чиққан хонадонда овқат қилинмайди. Таъзия билдиришга келган одамларга дастурхон ёзилмайди, зиёфат берилмайди. Мусибат етган хонадон аҳли қайғули бир ҳолатда турганда меҳмонларга қараш, уларга ош-нон тортиш мусибат устига мусибатдир” (Фатовои оламгирия).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”, деганлар.Марҳумнинг яқинига таъзия билдиришда: “Аллоҳ таоло вафот этган яқинингизни мағфират қилсин, раҳматига олсин, яхши инсон эди, сизга чиройли сабр ва ажр берсин” дейиш мустаҳабдир.
Ҳозирги вақтда кўп тарқалган хурофий одатлардан бири шуки, пайшанбалик, якшанбалик, 52 кунлик, йил оши деб турли худойилар қилиш, катта қозонларда ош дамлаб, кўп жойлардан одам чақириб, катта маросимлар ўтказишдир. Мусибатхонада кўпгина бидъат хурофотга аёллар иштирокида йўл қўйилмоқда. Майитга 40-кун чироқ ёқиш ёки майит олиб чиқиб кетгандан кейин пиёла, чойнак синдириш каби амаллар шариатимизда йўқ амалдир.
“Мусибат кунларида зиёфат қилишлик макруҳ бўлади. Чунки у кунлар афсус-надомат кунлари бўлиб, Хурсандчилик кунларда қилинадиган тадбирлар унга тўғри келмайди” (Фатовои Қозихон).
Таъзияга келганларнинг ҳаммасига ош бериб зиёфат қилиш макруҳ бўлсада, инсоният ҳолини-заруратларини ҳамиша ҳисобга олиб келган мукаммал шариатимиз узоқ ерлардан келган таъзиячиларни меҳмон қилишга рухсат беради.
“Агар таом пиширишга ҳожат туғилса, у жоиз бўлади. Чунки кўпинча, маййитни йўқлаб узоқ қишлоқ ҳудудларидан одамлар келишади, уларнинг уйида тунаб қолишади. Уларни меҳмон қилмасликнинг имкони йўқ” (ал-Муғний). Лекин яқин масофадан келганлар ва тезда кетадиганларга у таомдан ейиш жоиз бўлмайди”. “Узоқдан келган”лар—деб кимга айтилади? Таъзияга келиб уйига қайтиб кетмоқчи бўлганлар ўша куни ўз уйида тунашга улугурмас даражада узоқ масофадан келган бўлса, шуларни узоқдан келган меҳмон—дейилади.
Муқаддас динимиз кўрсатмаларига кўра маййит ортидан қилинадиган барча диний расм-русумларнинг шаръий тартиб-қоидаларини билиш муҳим аҳамият касб қилади. Қолаверса, бугунги кун давлатимиз қонунчилигида ҳам тўй, маърака ва маросимларни ислоҳ қилиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган масалалардан биридир. Юртимизда 1998-йил 28-октябрда “Тўй ҳашамлар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги ПФ-2100 Фармони қабул қилинди. 2002-йил эса шу фармоннинг янги таҳрири қабул қилинди. Бу тўғрисида яна Ўзбекистон мусулмонлар идораси томонидан эълон қилинган “Мусибат етган хонадон аҳлига таъзия билдириш ва баъзи маросимлар одоби ҳақида”ги фатвода ҳам тегишли кўрсатмалар бериб ўтилган. Биз отинойилар бу фатвога амал қилишимиз, жойларда тушунтириш ишларини олиб боришимиз мақсадга мувофиқ.
ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг хотин — қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси: Хосият Қосимова