Хурмо дарахти кўп хусусиятларга эга. Агар унга тош отсангиз, энг мазали мевасини ташлайди. Рофе ибн Амр Еифорий Исломнинг илк даврида ёш бола эди. У кўпчилик қатори қашшоқлик, муҳтожлик ва қийинчиликлар кўрди. Рофе очликдан қутилиш учун хур­мо дарахтларига тош отиб, тўкилган мевалардан еб юрарди. Одамлар насиҳат қилар, лекин у бу гап-сўзларга эътибор бермасди. Бир куни уни тутиб, Расулуллоҳ саллоллоҳу алай васалламнинг  ҳузурига олиб келишди. Набий алайҳиссалом: “Нега хурмога тош отасан?” деб сўрадилар ундан. Рофе: “Ейиш учун”, деб жавоб берди. Шундау зот: “Хурмога тош отма, чунки хурмо ҳам, дарахт ҳам эгасининг ҳақидир. Аммо жуда ҳам пишиб, ерга тушса ва уни ҳеч ким олмаса, оёқлар остида босилиб кетиши, қушлар еб битириши ё қуёш уриши хавфи бўлса, тўкилган хурмоларни ейишинг мумкин. Зеро, бу ўзганинг мулкига тажовуз қилиш бўлмайди”, дедилар. Сўнг меҳр ва шафқат билан унинг бошини силадилар ва: “Эй Раббим, унинг қорнини тўйдиргин ва тўйганини сездиргин ва таомларнинг ҳалолларидан ато этгин”, деб ҳаққига дуо қилдилар.

Умму Холид бинти Холид ибн Саъд ибн Ос бундай ҳикоя қилади: “Отам би­лан Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордик. Эгнимдаги сариқ кўйлакни кўрган Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам: “Ованраху, санраху”, дедилар. (Хабаш тилида: “Вой бунинг чиройлилигини, вой бунинг гўзаллигини”, деган маънони англатади. Умму Холид хабаш бўлгани учун Пайзамбаримиз саллоллоҳу алай васаллам шу тилда гапирдилар). Мен у зотга яқин бориб, икки елкалари орасидаги нубувват муҳрларига қўлимни текказиб, унга разм сола бошладим. Отам мени уришиб берди. Шунда Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: Қизчани ўз ҳолига қўй”, дедилар ва: “Кийимингни кийиб эскиртиргин, сўнгра бошқасини кий­иб эскиртиргин, сўнгра эса яна бошқасини”, деб, умримнинг узун бўлишини сўраб, дуо қилдилар (Имом Бухорий ривояти).

Аббод ибн Шурайҳбил бундай ҳикоя қилади: “Мадинага келаётиб йўлимда учраган биринчи боққа кирдим. У ерга буғдой ва арпа экилган экан. Озроқ бошоқ териб, донини ажратиб едим. Сўнг кийимимга ҳам бир қанча бошоқни териб олдим. Шу пайт боғнинг эгаси келиб қолди, югуриб келиб мени ура кетди. Бошоқлар билан бирга кийимимни ҳам тортиб олиб, ўзимни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига етаклаб келди. Набий алайҳиссалом боғ эгасига буғдой бошоқларини, менга эса кийимимни қайтариб бердилар. Кейин боғбонга оч болани жазолашдан ол­дин қорнини тўйғизиб, сўнг насиҳат қилиш кераклигини айтдилар. Пайғамбар алайҳиссалом мен ва Мадинага бирга келган амакиларимга ярим хуржун буғдой бердилар. Мен хурсанд бўлиб кетдим.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар Таййор бундай дейди: “Отам вафотидан уч кун ўтгач, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бизникига келдилар ва: «Бу кундан сўнг биродарим учун бошқа йиғламанглар.Унинг болаларини чақиринглар”, дедилар. Кейин бизларни уйларига олиб кетдилар. Набий алайҳиссалом сартарошни чақиртирдилар. У келиб, сочларимизни олди. Сўнгра Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам кулиб: “Муҳаммад амакимиз Абу Толибга ўхшайди. Абдуллоҳнинг хулқи ҳам, кўриниши ҳам менга ўхшайди”, дедилар. Сўнгра қўлимдан тутиб, маҳкам ушладиларда: “Ё Аллоҳ Абдуллоҳни Жаъфарнинг оиласига ўринбосар қилгин ва унинг қўлига барака бергин”, деб уч маротаба такрорладилар.

Т.Худойқулов
Сурхондарё вилояти Олтинсой туман
“Хўжа Бурхон” 
жомеъ масжид имом хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here