Аҳли қибланинг яхшиси-ю фожири ортидан намоз ўқиш жоиз, деб биламиз. Улардан ўлганларига жаноза ўқиш жоиз, деб биламиз…Шарҳ: Ушбу иборада икки масала бор:
Биринчиси: Намозда аҳли қибланинг яхшисига ҳам, фожирига ҳам иқтидо қилиш жоизлиги.
Иккинчиси: Аҳли қибланинг яхшисига ҳам, фожирига ҳам жаноза ўқиш жоизлиги.
Биринчи масаланинг далили:
1.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ҳар бир яхши ва фожир ортидан намоз ўқийверинглар”, деган сўзлари (Дора Қутний Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
2. (Сахихи Бухорий) да Абдуллоҳ ибн Умар ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумнинг Хажжож ибн Юсуф Сакафийнинг ортидан намоз ўқиганлари ривоят қилинган. Хажжож фосиқ ва золим бўлгани эса маълум ва машҳур.
3. Шунингдек, яна “Саҳиҳи Бухорий”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Улар сизларга намозга ўтадилар. агар тўғри қилсалар , сизга ҳам , уларга ҳам фойда. Агар нотўғри қилсалар ,сизга фойда , уларга зарар”, деганлар”.
Ҳеч ким шак-шубҳа қилмайдики, фожирдан мурод эътиқодида ширкка олиб борувчи эътиқодий бидъат йўқ одамдир. Чунки ширк соҳиби ва эътиқодий бидъат соҳиби мўмин бўлмайди. Унга қандай қилиб иқтидо қилиб бўлади?! Имомлар иттифоқ қилганларки, бидъати ва фосиқлиги маълум бўлмаган одамнинг орқасидан намоз ўқиса бўлади. Муқтадийнинг (иқтидо қилувчининг) имомнинг эътиқоди қандай эканини билиши иқтидо қилишнинг шартларидан эмас. Уни “У ёки бу нарсада қандай эътиқоддасан? деб имтихон ҳам қилмайди. Ҳоли номаълум одамнинг ортидан намоз ўқийверади.
Умуман олганда, ўз бидъатига даъват қилаётган бидъатчининг ва фосиқлиги маълум бўлган фосиқнинг ортидан намоз ўқилаверади, агар у жума ва икки ҳайит намози ва Арафот имоми каби тайинланган имом бўлиб, ундан бошқанинг ортида ўқиш имкони бўлмаса. Барча салафу халафлар наздида муқтадий бундай имомнинг ортидан намоз ўқийверади. Бидъатчи ва фосиқнинг ортидан намоз ўқиш жоиз бўлгани билан, макруҳликдан ҳоли эмас. Аммо қайта ўқиш лозим бўлмайди. Чунки Абдуллоҳ ибн Умар, Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳум каби саҳобаи киромлар фожир бошлиқлар ортидан жума ва жамоат намозларини ўқиганлар, аммо қайта ўқиб олмаганлар.Иккинчи масаланинг далили: Саҳобаи киром розияллоҳу анҳум золим бошлиқларнинг жанозасини ўқиганлар. Уларни жанозасиз кўммаганлар. Осийлар ва гуноҳи кабира қилганларни ҳам шундай қилганлар. Аммо давлатга қарши чиққан боғийлар, йўлтўсарлар ва ўзини ўлдирганлар бу умумий ҳукмдан истисно қилинади. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳдан бошқа имомларнинг наздида ибрат учун уларга жаноза ўқилмайди.
Улардан бирортасини жаннатга ҳам, дўзаҳга ҳам туширмаймиз.
шарх: Яъни аҳли қиблалардан муайян бир кишини “Бу аҳли жаннатдир” ёки “Бу аҳли дўзаҳдир”, деб айтмаймиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннат башорат берилган ўн кишига айтганлари каби, “Бу аҳли жаннатдан”, деб айтган бўлсалар, мустасно. Агар умумий қилиб, “Гуноҳи кабира қилганларни Аллоҳ дўзахга киритади, сўнгра шафоатчиларнинг шафоати ила чиқаради”, десак ҳам, муайян шахс ҳақида бу гапни айтмаймиз. Муайян шахсни жаннати ёки дўзахи деб гувоҳлик бермаймиз. Чунки ҳақиқат махфийдир. Яхшилар учун хайрли оқибатни умид қиламиз. Ёмонларга ёмон оқибат етишидан хавфсираймиз.
Ва уларга куфр, ширк ва нифоқ ҳақида, мадомики уларда мана шу нарсалардан бирортаси зоҳир бўлмаса, (кофир, мушрик, мунофиқ деб) гувоҳлик бермаймиз. Сирларини Аллоҳнинг ўзига ҳавола қиламиз. Шарҳ: Ҳеч кимнинг кофирлиги, мушриклиги ва мунофиқлиги ҳақида ҳукм ёки фатво чиқармаймиз. Мадомики бу нарсалардан бирортаси улардан очиқ-ойдин сиртга чиқмадими, сирларини, яъни ботинларини Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қиламиз. Чунки биз зоҳирга қараб ҳукм чиқаришга амр қилинганмиз. Ўзимизда илми бўлмаган нарсага эргашишдан қайтарилганмиз. Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир:“Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масҳара қилмасин, эҳтимол улар булардан яхшироқдир” (Хужурот сураси,11-оят).

Сурхондарё вилояти Олтинсой туман
«Хидиршо Ота» жомеъ масжиди имом-хатиби: Абдусалом Султонов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here