Ватан муқаддас даргох!
Ватан меҳри аввало инсоннинг ўз оиласи, уйи, маҳалласи ҳамда туғилиб ўсган юртига меҳр муҳаббатдир. Ватанга муҳаббат юксак инсоний фазилатлардан экани кўп зикр этилади. Бу ҳақда “Ватанни севмох иймондандир” – дейилган хикматни эсга олиш кифоядир. Ватанни севиш инсонга хос табиий туйғу бўлгани учун ислом уни иймоннинг бир бўлаги деб қарайди.
Машхур сахобалардан: Ҳазрати Билол розиаллоху анху Мадинага хижрат қилиб, ўзларининг азиз ва муқаддас диёрлари бўлмиш Маккани эслаб шеърлар ўқир эдилар. Бу ҳам албатта ҳар бир инсоннинг қалбида Ватанига, туғилиб ўсган диёрига бўлган мухаббатидан туйғу ва қадриятларини улуғлайди ва кишиларни шунга ўргатади. Мана шундай туйғулардан бири мехр-оқибат, соғинч ва муҳаббатдир. У аввало ота-она, ака-ука, опа-сингил, ёр-биродарлар билан чамбарчас боғлиқдир. Бошқача қилиб айтганда уларнинг барчаси инсон туғилиб ўсган уйи, маҳалласи, кишлоғи-бир сўз билан айтганда Ватан деган тушунча мужассамлашган. «Ватан» – атамаси аслида арабча сўз бўлиб, ”Она юрт” маъносини англатади. У кенг маънода бирор халк вакиллари жамулжам яшаб турган, уларнинг аждодлари азал-азалдан истиқомат қилган худудни англатади. Тор маънода киши туғилиб ўсган уй, маҳалла, қишлоқ назарда тутилади. Бир инсонни ўз Ватанидан бадарға қилиш мажбурлаб чиқариб юбориш оғир гунохлиги муқаддас китобларда таъкидланади. Жумладан Қуръони каримда: “Сизлардан бир-бирингизнинг қонларингизни тўкмайсиз ва диёрингиздан чиқармайиз, деб ахду паймонингизни олганимизни эсланг. Сўнгра гувохлик бериб туриб иқрор бўлдингиз”. (Бакара сураси 84оятда).
Шунингдек, Пайғамбаримиз Расулуллох(с.а.в.)дан шундай хадис келадики: “Мадинага хижрат килаётганларида” «Агар хавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида хеч хам ўз ихтиёрим билан юртимни ташлаб кетмаган булур эдим» деганлар.
Ватан муқаддас даргох. Уни химоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаравонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам қарздир.
Мухтарам юртбошимиз айтганидек, “Биз хаётга катта орзу-умидлар билан кириб келаётган ёшларимизга бир хақиқатни яъни “Эй болам, сени Ватанинг битта, барчамизга азиз, бетакрор мана шу Ўзбекистон. Ота боболарингнинг хоки шу ерда ётибди. Шу муқаддас замин сени дунёга келтирган, сен уни обод этишинг, химоя қилишинг шарт. Нафақат сенинг ўз ҳаётинг, балки сенга умид кўзини тикиб турган ота-онанг, опа-сингилларинг, ёш гўдаклар, нуроний қарияларимизнинг ҳаёти хам ана шу бурчингни нечоғлик адо этишингга боғлик” деган тушунчани уларнинг қалбига, онгу шуурига сингдиришимиз даркор.
Сурхондарё вилоят вакилининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси
Х.Қосимова