Аллоҳ таоло ер юзида яшовчи бандаларини ерни обод қилиб яшашликлари учун, тўғри юриб, тўғри туришликлари учун уларга Пайғамбарлар, ҳамда шариат юбориб турган.Ана шу Пайғамбарларга ва ул зотлар келтирган шариатга эргашган инсонлар икки дунё саодатига эришганлар, Аллоҳ таоло айтганидек истиқомат қилишган.Ваҳоланки, Аллоҳ таоло қуръони каримда,”Мен инсонлар ва жинларни фақат ўзимгагина ибодат қилишлик учун яратдим”(Ваззорият,56).Самовий китобларнинг энг сўнгиси қуръони карим, шариъатнинг энг сўнгиси ислом шариъати, Пайғамбарларнинг энг сўнгиси эса Пайғамбаримиз Мухаммад Мустафо соллоллоҳу алайҳи васалламдирлар.Шундай экан, инсонлар айниқса мўъмин-мусулмон кишилар ҳозирги замонамизда мана шу диний қонун-қоидага мустаҳкам амал қилишликлари зарур.Зероки, мана шу муқаддас ислом динининг қонунлари мусулмонлар учун абадий дастуриламалдир.Аллоҳ таоло қуръони каримда муқаддас ислом дини ҳақида«Албатта, Аллоҳ наздида (мақбул) дин Ислом динидир» (Оли Имрон, 19),дея марҳамат қилади.
Биз, алҳамдулиллаҳ, қадимдан Ислом динидамиз. Ота-боболаримиз Ислом дини аҳкомларига амал қилиб яшашган. Биз бундан оғишмаймиз. Афсуфки, ҳозирги кунда диний қадриятларимизга, маънавиятимизга раҳна солишга, диний можароларни келтириб чиқаришга интилаётган айрим чет эллик нопок кимсалар миссионерлик йўли билан фарзандларимизни йўлдан оздиришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳол, ғанимларимиз режалаштирганидек, ижтимоий, оилавий низолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Фикримизча, бунинг сабаби динимиз асосларини, унинг инсоният саодатини таъминловчи йўриқларини билмаслик оқибатидир. Зеро, айнан Ислом динимиз моҳиятини билмаганлар миссионерларнинг сафсаталарига кўр кўрона эргашадилар.Ҳаттоки, баъзи бир оилаларда ана шу миссионерларнинг ҳийла-найрангларига билиб-билмай эргашиб, эр ислом динида, хотин бошқа динда бўлиб, бир оилада яшашлик ҳолатлари ҳам кўзга ташланяпти.
Қонунчилигимизда барча динларга эътиқод қилувчилар тенгҳуқуқлидирлар. Лекин миссионерлик ва прозелитизм расман тақиқланган. Шунга қарамай, миссионерлар ҳар хил олижаноб номлар остида давлат рўйхатидан ўтишга ҳам улгуришган. Пул бериб туриш, чет элга текин саёҳатлар уюштириш, турли “хайрия ёрдамлари” кўрсатиш каби қинғир йўллар билан юртдошларимизни ҳақ диндан чиқариб ботил динларига киритмоқдалар..
Уларнинг мақсади бузуқ ақидаларини ёйиш ҳам эмас, миллатимизни пароканда қилишдир. Бу дунёда авж олган исломофобиянинг бир кўринишидир..
Миссионерларнинг қилмишларини ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Ўзининг юртида черковлар масжидга айлантирилаётган, Исломни қабул қилаётганларнинг сафи кундан-кунга кўпаяётган бир паллада бу разил кимсалар Аллоҳ комил қилиб берган охирги дин Ислом номига туҳматлар қилишяпти.Ҳаттоки Аллоҳ таоло ўзининг ҳоҳиш-иродаси билан шундай қилиб яратган, табиий нуқсонли, имконияти чекланган инсонларни ҳам ўзларининг ҳийла найранглари орқали миссионерликка даъват қилишиб, сафларига қўшиб олишмоқда. Тажрибасиз, оми ёшларни пул билан алдаб, имондан жудо қилишмоқда.
Имом Аҳмад ва Байҳақий Жобирдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилишади: «Умар (розийаллоҳу анҳу) Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: «Бизлар яҳудийлардан ажойиб гапларни эшитамиз, ўша гапларнинг баъзиларини ёзиб олсак, нима дейсиз?» деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Яҳудий ва насронийлар роҳибларнинг сўзларидан ажабланиб китобларини тарк қилганларидек, сизлар ҳам уларнинг гапларига учиб китобларингизни тарк қилмоқчимисиз? Мен сизларга уни гард юқмаган, мусаффо ҳолатда келтирганман. Агар Мусо (алайҳиссалом) тирик бўлганида эди, менга эргашишдан ўзга чораси бўлмас эди», дедилар».
Имом Муслим Жобирдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Исо (алайҳиссалом) ер юзига тушганларидан сўнг пайғамбаримиз Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) шариатларига амал этишлари баён қилинган. Динимиз асоси Қуръони карим олдинги китобларга амал этишни бекор қилди. Бу охирги самовий китоб ҳукми ҳамма замон ва маконга дахлдордир. Унинг ҳукмини ҳеч қандай китоб, ҳеч бир кимса бекор қилолмайди.“Ўзини ҳимоя қилолмаган халқ ҳалокатга маҳкумдир”, дейди донишмандлар. Алҳамду лиллаҳ биз ор-номусли, ўтмишда ўтган ота-боболаримизнинг бизлар учун муқаддас мерос қилиб бериб кетган миллий урф-одат, анъаналаримизга содиқ авлодлармиз.Шундай экан, асрлар давомида ўзларининг соф эътиқодлари билан бутун дунё мусулмон халқларига ибрат, ўрнак бўлган аждодларимиз эътиқодларидан ҳеч ҳам оғишмаслигимиз керак.Бизни бу эътиқодимиздан на пул-у мол-у дунё, на ёлғон пуч даъволар чалғита олмаслиги лозим. Бизнинг исломиятимиз, асрлар мобайнида халқимизнинг шуурига кириб, унинг жон томири сингари жой олган, Аллоҳ комил қилиб берган динимиз бор. Миллат келажаги унинг эртанги соғлом турмуши учун бу каби разил тўдаларга қарши биргаликда ҳаракат қилмоғимиз лозим.Зероки, жаҳолатга қарши маърифат билан курашмоқлик бизнинг асосий шиорларимиздан бири ҳисобланади. Асрлар мобайнида авлодларнинг миллий қадриятлари, улар ҳаётининг асосий омили бўлиб хизмат қилган муқаддас динимиз келажак авлод учун ҳам шундай бўлиб қолажак.
Аллоҳ таоло берган улуғ неъмат тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиб, диёримизни ёвуз кучлардан сақлаш ҳар бир мусулмон зиммасидаги бурчдир. Яратган зот адашганларга диёнат, тавфиқ ато айласин.
Жарқўрғон туман
бош имом хатиби Худойберди Рўзиев