Оламларга раҳмат улароқ юборилган Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассаллам ташрифлари билан жаҳолат занжирлари парчаланиб, инсоният шараф ва ҳурматга қовушди. Зулм ва ёлғон ўрнини адолат ва ҳақиқат эгаллади. Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи вассаллам келтирган дин туфайли ҳар бир нарса маъно ва қиймат қозона бошлади. Жумладан, жоҳилият даврида ҳуқуқсиз бўлган аёллар эътиборли ўринга кўтарилди. “Жаннат оналар оёғи остидадир” (Хатиб ривояти). “Иймон жиҳатидан мўминларнинг комилроғи-хулқи яхши бўлгани ва хотинларига яхши муомалалисидир”. (Имом Термизий ривояти) каби кўрсатмалар унинг қадрини юксалтирди. Эрлар зиммасига хотинларини ҳар томонлама таъминлаш, никоҳда маҳрни бериш каби кўплаб мажбуриялар юкланди.
Динимиз аёл шаънини не қадар улуғлаганини ижтимоий ҳаётдаги иштирокидан билса бўлади. Масалан: Ҳудайбия сулҳида мўминлар онаси Умму Салама (розияллоҳу анҳо) давлат бошлиғининг бош маслаҳатчисига тенг вазифани бажарган. Кейинги замонларда ҳам аёллар жамиятда юқори ўринларни эгаллаб, (масалан, Бангладеш, Индонезия, Покистон, Туркия, Ҳиндистонда) ҳатто давлат ва ҳукуматга бошчилик қилганлари ва қилаётганлари ҳақида мисоллар кўп. Илм аҳли борасида ҳам Оиша онамиздан (розияллоҳу анҳо) бошлаган анъана давом этиб, неча-неча олимлар етишиб чиқди. Шарқшунос Голдзихер маълумот беришича, ўрта асрлардаги муҳаддисларнинг 15% и аёллар бўлган. Қоҳирадаги Сақлатуния мадрасасида фақат аёллар ишлаган ва мадрасани ўзлари маблағ билан таъминлаган.
Ҳазрат Оиша розияллоҳу анҳо Ислом оламидаги энг улуғ фиқҳ ва ҳадис олимаси бўлган. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассалламдан жами 2610 ҳадис ривоят қилган. Шогирди Урва ибн Зубайрнинг эътироф этишича, Қуръон, ҳадис, фиқҳ, ҳалол-харом, араб тарихи ва насабшунослик, адабиёт каби соҳаларда у зотга тенг келадиган олим бўлмаган. Ҳазрат Оишанинг аёллардан 88 нафар шогирди бўлса яна бир онамиз Умму Салама 32 нафар машҳур муҳаддис аёлни этиштирган.
Машҳур фақиҳа муҳаддисалардан Робия бинти Муаввад, Умму Атийя, Умра Бинти Абдураҳмон, Умму Саламанинг қизлари Зайнаб, Умму Абуддардо, Фотима бинти Қайс каби ўнлаб олималарнинг номи Ислом оламида таниқлидир. Саида, Нафиса Имом Шофеийдек улуғ олим ва мазҳаббошига устозлик қилган.
Динимиз оғир ишларни эркакларга фарз қилган. Лекин мактаб,шифохона, туғриқхона, чеварлик корхоналарида аёлларга тегишли баъзи ишлар бор, у ерда ишлаш билан аёллар эрлар қаторига савобга эришади. Ҳанафий мазҳаби фақиҳларидан ибн Обидийн бундай деган: “Қайси бир иш аёлларни эрнинг ҳаққини адо этишдан чекласа, бу хил ишлар ман қилиниши керак. Аммо зарар келтирмайдиган ишни ман этишда маъно йўқ. Шунингдек, бу иш доялик, тикувчилик, муаллималик, тарбиячилик каби фарзи кифоялардан бўлса, буни ҳам ман этиш тўғри эмас”.
Уйдами, жамият идораларида ишлайдими, муҳтарама аёлларимизнинг Аллоҳ таоло фарз қилган бирламчи вазифалари бор. Ана шу буряч вазифалар устидагина аёл эъзозли, иззатли, ҳатто жаннат оёғи остида бўлиши ваъда қилинган.
“Раҳмонбеди ҳожи” жоме масжиди имом хатиби З.Абсаломов