Ислом динининг аҳли сунна вал жамоа йўналишида тўртта машҳур мазҳаб бўлиб, улар ҳанафий, моликий, шофеий ва ҳанбалий мазҳабларидир. Мазкур тўрт мазҳабнинг барчаси мўътабар ҳисобланиб, мусулмон киши уларнинг бирига эргашиши вожиблигига ислом уммати иттифоқ қилганлар. Ҳанафий мазҳабининг асосчиси Имоми Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит Куфа шаҳрида ҳижрий 80-сана милодий 699 – йилда таваллуд топди. Бу кишининг илми, тақвоси,ибодатлари, саховати каби сифатлари барчага маълум ва машҳур бўлиб, бу ҳақда кўплаб мақола ва китоблар ёзилган. Ҳанафий мазҳаби 2-ҳижрий асрдан ер юзининг турли мамлакатларига тарқалиб, дастлаб Аббосийлар давлати ундан кейин, бошқа ўлкалар томонидан қабул қилинди. Хусусан, Ироқ, Эрон, Мовароуннаҳр, Хуросон ва Туркия ҳудудларида турли даврларда ҳукм юритган Аббосийлар, Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Хоразмшохлар, Мисрда Айюбийлар, Мамлуклар,Мовароуннаҳрда Темурийлар, Бобурийлар, Шайбонийлар давлатлари ва Усмонийлар империяси томонидан расмий мазҳаб сифатида қабул қилиниб, барча ҳудудларида маъмурий идора ишлари ушбу мазҳаб асосида олиб борилди.
Бугунги кунда мусулмонларнинг 92,5 фоизини суннийлар ташкил этиб, улар мазҳаблар бўйича қуйидаги нисбатда бўлинадилар: ҳанафийлар, 47 фоизни, шофеийлар 21 фоизни, моликийлар 17 фоизни, ҳанбалийлар 7,5 фоизни ташкил қилади.Бундан маълум бўладики, ҳозирги кунда дунё мусулмонларининг деярли ярми айнан ҳанафий мазхабига амал қилиб, ўз ибодатларини шу мазҳабга мувофиқ адо этиб келмоқдалар. Ҳанафий мазҳаби асосан Марказий Осиё, Покистон , Эрон, Туркия, Афғонистон, Бангладеш, Ҳиндистон, Россия мусулмонлари ўртасида, Араб мамлакатларидан Ироқ, Миср, Сурия, Ливия, Яман каби юртларда кенг тарқалган. Шу жумладан, бизнинг минтақамиз мусулмонлари ҳам ҳанафий мазҳабига амал қилиб келадилар. Мазкур мазҳаб ўзининг мўътадиллиги , ислом динининг асл мазмун – моҳиятини ифодалаб бериши билан асрлар оша диёримиз мусулмонларининг ўзаро ҳамжиҳатлигида турли ҳуқуқий муаммоларнинг осон ҳал қилинишида, баъзида юзага келадиган зиддиятларнинг бартараф этилишида муҳим асос бўлиб келмоқда.
Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳунинг ва умуман ҳанафий мужтаҳидларнинг ижтиҳоддаги ўзига хослиги шундаки, бошқа мазҳаблардан фарқли ўлароқ, улар қиёс ва истеҳсонни кенг қўллайдилар. Хусусан, “истеҳсон” тушунчаси остида урфга ҳам алоҳида эътибор қаратадилар. Бу эса хаёт тарзида миллий урф- одатлар асосий ўрин эгаллайдиган халқларнинг бир қатор муаммоларини ҳал этишда муҳим ҳисобланади. Имоми Аъзам ибодатга доир кўплаб масалаларда динимизнинг руҳига монанд енгиллик йўлини тутган. Қуйида шуларга айрим мисоллар келтириб ўтамиз: Ҳанафий мазҳабида таҳорат қилишда ният фарз қилинмайди. Агар ният фарз дейилганда, ният қилиш эсидан чиқиб қолган кишининг таҳорати дуруст бўлмас эди. Ҳанафий мазҳабида имомга иқтидо қилган кишининг қироат қилиши фарз эмас, балки имом қироат қилса иқтидо қилувчилар ҳам қироат қилган ҳисобланади. Агар иқтидо қилувчиларга ҳам қироат қилиш фарз дейилганида, одамлар бир – бирларига, жумладан имомга халақит бериб, намозида чалғиб кетган бўлар эди.
Ҳанафий мазҳабида руку, рукудан қайтганда ва сажда холатларида бир нафас тин олиб туриш фарз эмас, балки вожибдир. Агар фарз дейилганида, намозда шошилиб, тин олмаган кишининг ўқиган намози дуруст бўлмас эди. Ҳанафий мазҳабида закотни Қуръонда баён қилинган саккизта ўринларнинг ҳаммасига бўлиб бериш фарз эмас. Агар саккизтасининг ҳаммасига закотни бўлиб бериш фарз бўлганда, закот берувчиларга машаққат бўлар эди. Ҳанафий мазҳабида Рамазон рўзасининг ниятини қуёш заволга келгунига қадар қилиб олса дуруст. Агар тонггача ният қилиш фарз бўлганида эди, саҳарликка ухлаб қолган кишининг рўзаси дуруст бўлмас эди. Ҳанафий мазҳабида кўзи ожиз кишига жума намози ва ҳаж ибодати фарз эмас. Агар фарз дейилганида, уларга машаққат туғдирилган бўлар эди.
Ҳанафий мазҳабида бир кеча-кундуздан кўп вақт бехуш ётган одамнинг қолдирган намозлари соқит бўлади. Агар соқит бўлмасдан қазо қилиши фарз дейилганда, бир неча кун бехуш ётган беморларга машаққат бўлар эди.Ҳанафий мазхабида аёлларнинг гувоҳлиги ҳам инобатга олдинади. Масалан, бир эркак ва икки аёлнинг гувоҳлигида никоҳ аҳди тузилса бўлади. Ҳанафий мазҳабида бирор жиҳозни ясашга буюртма бериш учун аввалдан ҳақ тўлаш жоиз бўлади. Агар жоиз бўлмаганда кўплаб ҳунарманд ва буюртмачиларга машаққат бўлар эди. Ҳанафий мазҳабида икки аёлнинг ўртасидан ўтса, таҳорат бузилмайди. Бу эса ҳаж ва умра зиёрати каби бугунгидек одам гавжум бўладиган ўринларда зиёратчиларга енгиллик туғдиради.
Олтинсой туман бош имом хатиби: М.Маматқулов