Барча яхши хулқлар қатори сабр ҳам бизга пайғамбарлар (алайҳимуссалом)дан мерос.Илк расул ҳазрат Одам (алайҳиссалом) дан хотамул анбиё Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) гача ўтган даврда улкан сабр мактаби, матонат ўрнаклари бор: Ҳазрат Нух (алайхиссалом) 950 йил инсонларни ҳақ динга чақираркан, уларнинг турли маломатларига чидадилар. Ҳазрат Айюб (алайҳиссалом) хасталик денгизидан бардош кемаси ила ўтдилар. Ҳазрат Юнус (алайҳиссалом) балиқ қорнидан сабр ва дуо ипини маҳкам тутиш билан озод бўлдилар. Ҳазрат Юсуф (алайҳиссалом) ни қудуқдан чиқарган чидам ва таслимиятдир.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг ҳаётлари ҳам сабр ипларидан солинган энг олий нақшлар ила безанган. Уларнинг барчалари синов, имтихонлардан матонат,таваккул,розилик, дуо ва ибодатлар билан энг чиройли тарзда ўтдилар.Сабр йўли узун ва машаққатли. Аллоҳ ҳар банданинг тоқатига яраша синов беради. Сабр имтихон пайтида ўзини йўқотмасдан, турли номақулликлар қилмасдан олдин кўрсатилади. Жаннат йўли тиканларга, тошларга тўла. Бу йўлда энг яхши йўлдош сабрдир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “ЁКИ (эй мўминлар!) СИЗЛАРДАН ИЛГАРИ ЎТГАНЛАРНИНГ КУНИ (бошингизга) КЕЛМАЙ ТУРИБ, ЖАННАТГА (осонгина) КИРАМИЗ, ДЕБ ЎЙЛАДИНГИЗМИ?…” (Бақара, 214).
Дунё ҳаётининг синовли йўлларида мўминга энг яхши икки ҳамроҳ сабр ва шукрдир. Бало, мусибат, қайғуларга сабр, хурсандчилик, неъмат ва марҳамат учун шукр!..»Одамларга раҳмат айтмаган, Аллоҳга шукр қилмас! …» (Абу Довуд ривояти). Чунки бутун яхшилик, гўзалликларнинг боши ва манбаи Аллоҳ таолодир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: «Тўрт нарса кимга берилган бўлса, дунё ва охират яхшилиги берилибди: зикр қилувчи тил, шукр этувчи қалб, сабрли бадан ва мўмина, солиҳа жуфти ҳалол» (Имом Муслим ривояти).
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Аллоҳ таолонинг яратган бандалари ичида мухтор-танланганлари бор, улар яхшилик қилсалар, хурсанд бўладилар, гуноҳ қилсалар, мағфират сўрайдилар, неъмат келса, шукр айтадилар, балога дучор бўлсалар, сабр қиладилар».
Аллоҳ таоло барчамизни шукр қилишга буюради: » БАС,МЕНИ ЁД ЭТИНГ, ( Мен ҳам) СИЗЛАРНИ ЁД ЭТУРМАН. МЕНГА ШУКР ҚИЛИНГ, НОШУКРЛИК ҚИЛМАНГ!» (Бақара 152). Парвардигор шукр қилувчиларга чиройли мукофотлар, Ўз фазлу карами ва неъматларини янада зиёда этиши хушхабарини беради.
Аллоҳ таоло сабр ва шукр барчаларимизга ажралмас ҳамроҳ бўлишини насиб этсин.
Олтинсой туман «Хидиршо Ота» жомеъ масжиди имом хатиби
Султонов Абдусалом