Инсон табиатида яхши сифатлар билан ёмон сифатлар ёнма-ён туради.Ақлли инсонлар яхши сифатларини асраб, камолга етказади, ёмон сифатларнинг зарарини билиб, улардан халос ва саломат бўлади.
Инсон табиатидаги ёмон сифатлардан бири ёлғончиликдир. Ёлғончилик ўғриликдир. Ўғри молингизни ўғирласа, ёлғончи ақлингизни ўғирлайди. Баъзилар фойда кўриш ё зарарарни даф қилиш учун ёлғон сўзлайди. Ёлғон сўзлаб, фойда кўрмоқчи ё балодан қутулмоқчи бўлади. Расулуллоҳ с.а.в бундай деганлар: “Рост сўзда хатар бўлса ҳам, рост сўзланг!. Нажод рост сўздадир. Ёлғон сўзда нажод кўрсангиз ҳам, ёлғон гапирманг! Хатар ёлғон сўздадир”.
Баъзилар суҳбатдошларини ўзига жалб қилиш учун ёлғон ишлатади. Улар ночор ва паст инсонлардир. “Тилсизлик ёлғончиликдан яхшидир”. Бу ҳикмат, эҳтимол, улар ҳақида айтилган.
Баъзилар душманидан ўч олиш мақсадида ёлғон гапиради. Ёлғонни душманига қарши қурол қилади. Бўлмаган қабиҳликларни тўқиб, душманига ёпиштиради. Шунинг учун динимизда кишининг душманига қарши гувоҳлиги рад қилинган.
Ёлғончилик барча ёмонликларнинг манбаи ҳамма разилликларнинг асли, оқибати бахтсизлик, самараси тубанлик бўлган иллатдир. Ёлғондан туҳмат, туҳматдан нафрат, нафратдан душманлик келиб чиқади. Душманлик бор жойда тинчлик ва роҳат бўлмйди. Ёлғончилик шахс ва жамиятга ана шундай зиёнлар келтириши боис динимизда харом қилинган. Сафвон ибн Сулайм бундай ривоят қилади: “Расулуллохдан (с.а.в) сўрашди: “Мўмин қўрқоқ бўладими?” “Ҳа”, деб жавоб бердилар. Яна сўрашди: “Мўмин бахил бўладими?” “Ҳа”, дедилар.Яна сўрашди “Мўмин ёлғончи бўладими?” “Йўқ”, деб инкор қилдилар”.
Олтинсой туман “Хўжа Бурхон” жомеъ масжеди имом хатиби Т.Худойқулов