Бир киши ҳийла билан бир қушни тузоққа туширди. Қуш тилга кириб унга ёлворди:
— Эй улуғ инсон, сен неча ҳўкизлару қўйларни единг, туялар қурбон қилдинг. Бу дунёда улар билан тўймадинг-у, мени еб тўясанми? Агар мени қўйиб юборсанг, сенга учта насиҳат айтаман. Бу насиҳатларга амал қилсанг, ҳар мушкулинг осон бўлади.
Биринчисини қўлингда туриб айтаман, агар маъқул бўлса, мени қўйиб юборасан. Иккинчисини шу том устига, учинчисини эса анави баланд дарахтга қўниб айтаман.
Одам қушни маҳкам ушлаб:
— Қани, айтгин-чи, агар ёқтирсам, сени қўйвораман, — деди.
Бечора қуш биринчи насиҳатини айтди:
— Бўлмайдиган гапга, ким айтса-айтсин, ишонма!
Одам қушни қуйиб юборди. Қуш учиб том четига қўнди. Иккинчи насиҳатини айтди:
— Ўтиб кетган нарса, бой берилган фурсат учун хафа бўлма, оҳ-воҳ чекма, — деди.
Яна бироз учиб, баланд дарахт шохига қўнди ва деди:
— Қорнимда оғирлиги ўн бир дирҳам қимматбаҳо дур бор эди. Қўйиб юбормаганингда ўша дур сеники бўларди.
Буни эшитган одам йиғлаб-сиқтади, сочларини юлди. Бу бемаънилик қаршисида қуш айтди:
— Мен сенга: «Ўтиб кетган нарса, бой берилган фурсат учун оҳ-воҳ қилиб хафа бўлма» , демадимми?
Модомики, фурсатни қочирдин, нега ғамга ботиб ўтирибсан? Ё насиҳатимни эшитмадинг ёки карсан.
Қуш сўзида давом этди:
— Бундан ташқари, сенга «Бўлмайдиган гапга ишонма!» демадим-ми? Ахир менинг оғирлигим уч дирҳам. Қорнимда қандай қилиб ўн бир дирҳамли дур бўлсин?!
Шундагина одам ўзига келади:
— Бўлди, бўлди! Айтганларингни энди яхши англадим. Қани энди, учинчи ўгитингни айтақол.
Қуш:
— Ҳой, Худо хайрингни бергур, икки ўгитимга риоя қилдингмики, мендан учинчисини сўраяпсан? Ухлаб ётган ношудга ўгит бериш — унумсиз тупроққа уруғ эккан кабидир. Аҳмоқлик ва ношудлик, илмсизлик йиртиққа ямоқ бўлмайди, — деди-ю учиб кетди…
«МАСНАВИЙ ҲИКМАТЛАРИ» китобидан.