Ўзбекистон халқаро ислом академиясига Қувайт давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Аҳмад Холид Ал-Жийрон ташриф буюрди.

Меҳмонларни Ўзбекистон халқаро ислом академияси Халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Б.Мамадиев, Ўқув ишлари бўйича проректори И.Усмонов, “Араб тили ва адабиёти Ал-Азҳар” кафедраси мудири А.Казакбоев, Хорижий талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Б.Хўжаев самимий кутиб олди.

Дастлаб тор доирада ўтган учрашувда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Б.Мамадиев мартабали меҳмонга академия фаолияти, мақсад ва вазифалари, келажакдаги режалари, академия таркибидаги ташкилотлар, таълим муассасалари, шунингдек, юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берди.

Шундан сўнг Аҳмад Холид Ал-Жийрон ҳам Қувайт давлатининг таълим тизими, ёшларнинг билим олиши учун яратилган шароитлар, давлатлараро халқаро ҳамкорлик муносабатлари ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан дўстона алоқаларини мустаҳкамлашга катта эҳтиёж ва қизиқиш мавжудлиги хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Бугун дунё нигоҳи ўзбек диёрига қаратилган десам, адашмаган бўламан, — деди ўз сўзида Қувайт давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Аҳмад Холид Ал-Жийрон жаноблари. — Чунки юртингизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ёшлар камолоти, илм-фан соҳасида эришилаётган ютуқлар ўзаро тажриба алмашишга ундамоқда. Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатингиз ички ва ташқи сиёсатида олиб бораётган оқилона ва одилона йўли тараққиётга омил бўлаётгани шубҳасиз. Шу боис Қувайт ҳукумати ҳам Ўзбекистон билан яқин ҳамкор ва дўст бўлишга тайёр.

Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашув якунида Қувайт давлат университетлари билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўртасида ҳамкорлик меморандумларини имзолашга келишиб олинди.

Тадбирнинг навбатдаги қисмида Қувайт давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Аҳмад Холид Ал-Жийрон Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари билан учрашиб, яқиндан ўзаро суҳбат қурди.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here