Худога шукр, доимо халқ орасида юрамиз, кечаю кундуз одамлар билан мулоқотда бўламиз. Кимнингдир ҳаёт тарзидан хурсанд бўлсак, кимларнингдир дунё қарашидан ранжиймиз.
Ёши улуғларимиздан кўп эшитганмиз. Ўтган асрнинг қирқинчи, эллигинчи йилларида халқнинг бошига чунонам қийинчиликлар тушган, эшитган одам “Оҳ!” деб юборади. Лекин ўша вақтлар ҳам одамлар ҳалол яшашган. Умумий, оммавий сабр қаноат бўлган. Очарчилик, қаҳатчилик, ҳар хил офатлар тез тез бўлиб турган, очлик, касалчиликдан қанча қанча одамлар ўлиб кетишган, бироқ ялпи талон торож бўлмаган. Нимага? Чунки одамларнинг инсофи, имони бўлган, қорни оч эса-да, кўзи тўқ бўлган.
Инсон дунёнинг қаерига бормасин, барибир, нима биландир шуғулланиб, тирикчилик қилиши керак. Бу ҳамма биладиган гап. Шароитлар сал бошқачароқ, енгилроқ бўлиши мумкин. Бироқ ҳар жойнинг ҳам ўзига яраша яхши ёмон томонлари бор. Мукаллаф ҳар бир мусулмон ҳалол ризқ излашга буюрилган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ёзадилар: “Ибодат фақат намозу рўзадан иборат эмас”. Демак, бир мусулмон киши газета кўтариб, сотиб юрадими, фаррош бўлиб ишлайдими, мол боқадими, бирор юқори идорада, заводда ишлайдими, ҳарбий ва бошқа хизматлар билан машғулми, машинаси билан киракашлик қиладими, барибир, нияти тўғри бўлса, у ибодат қилаётган бўлади. Худди минглаб ракат нафл намоз ўқиган, роса иссиқ ёки ўта совуқ кунда нафл рўза тутган кишилар қанчалик савоб топса, ўшанчалик савоб топиши ҳам мумкин бўлади. Мўмин банда касб қилиб чарчаса, фарз ибодатини адо этиб, ухлаб қолса, уйқуси ҳам ибодат бўлиб ёзилаверади. Чунки у ҳам диний, ҳам дунёвий ибодат билан банд эди.
“Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ, 5).
Инсон ўз яқин атрофида тирикчилик қилиш имкони бўлатуриб, нотинч жойларга бориб юриши, ўз Ватанида тижоратми ё бошқа бирор касб биланми шуғулланиб яшаш имконини ташлаб, фаҳшу зино вабосига ғарқ бўлган бошқа давлатга кетиши ҳеч дуруст эмас. Ибодатли одам ўзининг, бола чақасининг ризқини таъминлашга интилиб чарчаса, бу қийинчилигу оғирчиликлар жаннат роҳатига етишиш учун тўлов бўлиб юзага чиқади.
“Аллоҳ йўлида (бойликларингиздан) сарфлангиз ва ўз қўлларингиз (бахиллик қилиш) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара, 195).
Зеро, жаннатга кириш учун пок ният билан Аллоҳ ризосига мувофиқ ҳаракат қилиш талаб этилади.
Аллоҳ таоло рози бўлган савдолар
Бу мавзуда жуда кўп гапирилди, китобу мақолалар чоп этилди. Биз ҳам маърифат излаган дилларга айрим нарсаларнигина эслатиб ўтишни мақсад қилдик. Бу ўринда ҳеч бир кишини айблаш ниятимиз йўқ. Фақат жамиятимизда бўлаётган айрим ҳодисалар санаб ўтилади. Қандай қилиб бўлса ҳам, юртдошларимиз ўзаро ҳамжиҳатликда маънавий моддий чиройли ҳаёт кечиришларига сабабчи бўлсак, шояд Вал аср сурасидаги илоҳий тавсияга эргашганлардан бўлиб қолсак, деб умид қиламиз: “Асрга қасамки, (ҳар бир) инсон зиён (бахтсизлик)дадир! Фақат имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига сабрли бўлишни тавсия этган зотларгина (бундан мустаснодирлар)”. Яъни, бошқача айтилса, имон келтириб, солиҳ амаллар қилган ва бир бирларини ҳақ йўлга, чиройли сабрга чақирганларгина зиёнкорлардан бўлмайди.
Сотиладиган нарсанинг айби ва камчилигини айтиб сотиш талаби
Яхши танишларимиздан бири сўзлаб берди. У киши поездда кўп юрар экан.
Поезд бир бекатга борганида, ҳар галгидек асал сотиб юрадиган бир йигит вагонга чиқибди. У йигит вагонларни айланиб, асал сотиб келгач, ўша танишимизнинг олдига келиб ўтирибди да, салом аликдан сўнг тамадди қила бошлабди. У ёқ бу ёқдан суҳбат бошланибди. Гап айланиб, асал ҳақида сўз кетибди. Маълум бўлишича, асал сотувчи йигит бир идишдагини тоза асал деб, қолганларини тоза эмас, деб сотиб юраркан. Танишимиз мўминлик фаросати билан йигитнинг бир камчилигини сезиб қолибди ва йигитнинг ўзидан сўраб, бу масалага аниқлик киритиб олибди: йигитнинг тоза асал деб сотаётгани асал экан-у, тоза эмас деб сотаётгани қиём экан. Уларнинг суҳбатини ҳеч ким эшитмаётганини билгани учун танишимиз очиқ танбеҳ берибди: “Ука, асал бўлмаган нарсани асал деб сотишингиздан ўзингизнинг кўнглингиз розими?” Йигит жавобан: “Ака, шундай қилишга мажбур бўляпман, чунки савдо яхши бўлмаяпти. Қиёмлигини билишса, одамлар умуман олишмайди”. У киши давом этиб: “Укажон, мен сизни бирон кишининг олдида уялтириш учун эмас, Аллоҳ учун айтяпман, “Мўмин мўминнинг кўзгуси”, деган ҳадиси шариф борлигини биласиз. Сиз Аллоҳга таваккул қилинг да, ё қиёмни умуман сотманг, ё қиёмлигини айтиб сотинг. Сизга тўғрилигингиз учун харидорни Меҳрибон Худои таолонинг Ўзи жўнатади. Ҳозиргача қиммат асал оз сотилаётган бўлса, ундан кейин кўрасиз қанча сотилишини. Шу вақтгача одамларни алдаб, қиёмни асал деб сотганингиз учун астойдил тавба қилиш эсингиздан чиқмасин”. Йигит: “Хўп, айтганингиздек қиламан”, дебди.
Кўпинча, тўй қиладиган одамлар совға салом учун тарқатиб юборишга арзон ва қулай кийим кечаклар излаб қолишади, қидириб қидириб, шунчалик арзон кўйлаклар топишадики, ўйлаб ҳам ўтиришмасдан, бемалол ўнлаб, балки яна ҳам кўпроқ сотиб олишади. Сотаётган “ишбилармон”лар харидорларнинг кўйлакларни очиб кўришларига йўл қўйишмайди. Агар очиб кўришни хоҳлашса, пулини аввалдан тўлашларини ва сотиб олингач, қайтариб бермасликларини шарт қилиб қўйишади. Харидор бу ерда бир гап борлигини билса-да кўйлакларни сотиб олади ва уйга боргач, очиб ҳам кўрмайди. Тўй куни бу совғалар тарқатилади. Ҳадя теккан киши уйига бориб очиб кўргач, кимдан хафа бўлишни билмай қолади. Чунки кўйлак на бирор кишининг қоматига тўғри келади, на кийишга, на бирон кишига беришга ярайди, матоси ҳам “ҳалигидақа”. Бу катта қаллоблик кимдан чиққанини билмай, тушунолмай хуноб бўлади.
Бу ерда на ишлаб чиқарувчи, на савдогар, на сотиб олувчи барака топмайди. Чунки барака Аллоҳдан, Аллоҳни эса алдаб бўлмайди. Гап савдо ҳақида кетаётгани учун бу можароларда кўпроқ савдогарни айблаш мумкин. Чунки у шунақа каззоб ишлаб чиқарувчининг маҳсулотларини нафақат сотиб олмаслиги, балки уни инсофга чақириши керак. Чунки бундай қаллоблик маҳсулотларини сотиб олаётганлар биринчи бўлиб сотувчидан норози бўлишади. Ва очиб, киймоқчи бўлганлар совға қилганлардан хафа бўлишади. Ноилож қўл силтаб қўя қолишади. Агар савдогар ишлаб чиқарувчига танбеҳ берса ва сотиб олмаса, ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотини сота олмайди ва “кўзи очилади”.
Ҳар хил маиший техника, машина, мотоцикл ва асбоб ускуналар савдоси билан шуғулланадиганлар ҳақида ҳам шундай гапларни айтиш мумкин.
Озиқ овқат ва дори-дармон сотувчилар масъулияти
Бу ўта муҳим иш билан шуғуланувчилар, ҳали харажатини чиқармадим, балки сотилиб қолса, яна фойда кўрарман, деб ўтирмасликлари керак. Агар яроқсиз ҳолга келиб қолган маҳсулотларни, одамларга зарар етказмаслик учун Аллоҳдан қўрқиб, ташлаб юборишса, Парвардигор бошқа тарафдан ўша мард савдогарнинг молига ва ризқига барака ёғдиради.
Аксинча бўлса, маҳсулотни сотиб олганларнинг соғлигига кўпроқ ё камроқ зиён етиши, бунинг орқасидан жабрланувчи сотувчидан норози бўлиши ёхуд жанжал чиқариши
мумкин. Натижада, сотувчи яхшигина жарима тўлаши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Бу муомалада ким фойда кўрди-ю, ким зарар? Охир оқибат сотувчи ҳам, харидор ҳам маънавий ва моддий шикаст кўришди. Барака ҳам кўтарилди. Ўзи, аслида, ҳамма барака учун тирикчилик қилмайдими?!
Усталар ва иш берувчилар муомаласидаги нозик жиҳатлар
Уста қиладиган ишининг сифатига, иш берувчи эса керакли ашёлар, иш шароити ва иш ҳақи учун жавоб бериши лозим. Қайси бир томон ғирромлик қилса ҳам, иш бузилади, ҳар иккала тараф учун бош оғриғи кўпаяди. Атрофга қаранг, қанчалаб усталар бажариб бўлган ишларига иш ҳақи олишолмай юришибди, неча неча кишиларни усталар алдаб кетишган. Ҳаммаси ҳам ўзини ҳақ деб, нариги тарафни ноҳақ деб гапиришади. Нима бўлганида ҳам, ғирромлик қилган тарафдан барака қочади. У то ўзи алдаганларни топиб, рози қилмагунича, ҳаловат, ҳузур деган яхшиликлардан узоқда бўлади.
Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло: “Мен қиёмат куни уч тоифанинг хусуматчиси бўлурман: Мен билан аҳд бериб, кейин алдаган одамнинг, ҳурни сотиб, пулини еган одамнинг ва одам ишлатиб, ҳақини бермаган одамнинг,” деди”, деб огоҳлантирдилар”.
Бу каби жанжаллар шунчалик кўпки, ҳатто қўшни давлатларга бориб ишлаганлар ҳам ҳақларини ололмай, қайтиб келишяпти.
Биз суҳбатлашаётган мавзудаги низолар келиб чиқмаслиги учун тавсия этилаётган қуръоний кўрсатманинг моҳияти қисқача мана бундан иборат: уста ва иш берувчи ўртада бўладиган иш жараёни ва унга белгиланадиган иш ҳақи тўғрисида бир холис, одил гувоҳ ҳузурида келишиб олишади; ўша одил инсон шартномани бир неча нусха қоғозга ёзиб, томонларга беради. Ундан кейин иккала тараф иш кўламини ҳар уч кун ёки бир ҳафтада аниқ ўлчаб ё чамалаб кўришгач, бажарилган иш ҳақи тўланиб, ҳисоб китоб икки нусхада ёзилиб кетилаверади. Бу ёзма ахборот иш берувчига ҳам, устага ҳам қулайлик ва аниқлик келтиришидан ташқари, ҳар иккаласини ҳушёрликка чорлаб туради. Жами иш ҳажми тугаб, иш ҳақи тўлиқ тўланиб бўлгач, икки томон бир бири билан розилашади ва ўша одил гувоҳ иштирокида ёзилган қоғозга яна керакли ёзувларни киритишиб, имзо қўйишади.
Қариялардан эшитиб юрадиганимиз: “Яхши ёдида сақлашдан ёмон ёзув яхши” ҳикмати ҳам бежиз айтилмаган. Чунки Ислом таълимоти мустаҳкам имонли аждодларимиз қон қонига сингиб кетган. Улар “Мардикор устанинг ҳақини унинг пешона тери қотмасдан беринг”, деган қоидага амал қилишган. Ислом арконларини, тартиб интизомни қаттиқ ушласак, ўзаро муомалотларимизда ҳеч қачон совуқлик бўлмайди, ҳаловат билан яшаб, ёруғ юз, комил имон билан ўтамиз бу дунёдан!
Ишлаб чиқаришдаги ҳалоллик
Мўмин мусулмон инсон ўзининг ва аҳлу аёлининг нафақаи рўзғорини таъминлаши учун бир ёки бир неча касб ҳунар қилса, айниқса, халққа фойдаси етадиган нарсалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйса, бу ҳартомонлама катта ютуқ ҳисобланади: ҳам ўзи ва оиласига, ҳам жамиятга, ҳам давлатга манфаат келтирган бўлади. У, албатта, ишлаб чиқарувчи сифатида фаолият бошлаш билан бирга ҳуқуқий, илмий, фиқҳий, иқтисодий илмларни ҳам имкон қадар ўрганиб олса, нур устига нур бўлади. Бундан ташқари, у қилаётган иши дунё учун ҳам, охират учун ҳам фойдали бўлиши, бировнинг ҳақини емаслиги ва ўзининг ҳақини ҳам ҳеч кимга олдирмаслиги ҳақида Аллоҳ таолодан дуо қилиб, сўраб туриши керак.
Ишни юритиш давомида қўл остидаги ишчиларни ҳам саралашга эътибор қилиши, уларнинг иш шароити, ишлаш самараси ва сифатини доимо назоратда сақлашга ҳаракат қилиши лозим. Ишни ташкил қилиш жараёнида кичкина бўлса ҳам ғирромликка йўл қўйилмасликка астойдил интилиши зарур. Чунки кичик алдовдан катта қаллоблик келиб чиқиши хавфи йўқ эмас.
Бошқа ташкилот ёки корхоналар билан олди берди қилишда муаммолар занжирига тушиб қолмаслик чорасини олдиндан кўриб қўйган яхши. Бунинг учун мунтазам равишда корхонанинг ички ва ташқи фаолиятини тафтиш қилиб бориш лозим. Шундай қилинганида, ҳеч бир замон на юқоридан уюштирилган назоратларда, на бошқа хил ҳисоб китобларда ноқулай аҳвол юзага келмайди. Ишлаб чиқарган маҳсулотини сифатли қилиб сотув шохобчасига етказса, бараканинг ошишига сабаб бўлади.
Ишлаб чиқарувчи фаолиятини мазкур тариқаларда амалга оширса, “Ҳалоллик сўзда эмас, ишда” шиорининг соҳибига айланади. Бундай кишилар, иншааллоҳ, Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳам, одамлар ўртасида ҳам фазилатлилар, обрўлилардан ҳисобланади.
2010 йил бошида оммавий ахборот воситаларида бир хабар тарқалди: “TOYOTA” ширкати ўзи ишлаб чиқарган 7 000 000 дона машинани чақириб олди”. Бунга машиналарнинг қаеридадир ўтиб кетган камчилик сабаб эди. Яъни, ўша камчилик қайсики машинада кузатилса, ўша машина эгаси ширкатнинг расмий вакилларига бориб, машинасини бепул таъмирлатиб олиши керак. Аввало, бу чақириб олиш ҳалоллик ва айбини тан олишдир.
Иккинчидан, бу чақириб олиш – сиртдан қаралса, “TOYOTA”нинг обрўсини туширганга ўхшаб кўринса да, аслида, ширкат аҳлининг ҳалоллиги ва ўз ишларига талабчанлигини жаҳон афкор оммаси олдида билдириб, исботлаб қўйди. Бу ишлар рекламасиз реклама бўлиб юзага чиқди ҳамда мазкур автомобил ширкатининг обрўси ошишига хизмат қилди. Биз ҳам бунга ибрат кўзи билан қараб, ишлаб чиқаришни ташкил қилишда, режалар тузишда бу усулни эътибордан соқит қилмаслигимиз керак.
Лафз савдоси
Лафз, бошқача айтилса, тил билан берилган ваъда инсоннинг атрофдагилар орасида субутли ёки субутсиз эканини белгилайди. Агар у лафзида турса, демак, унга теварак атрофдагиларнинг ишончи ортиб боради. Тескариси бўлса, аксинча, ҳеч ким ишонмай қўяди.
Бироқ ишончни сақлаш ҳам осон эмас. Баъзида бу анча қимматга тушиши ҳам мумкин. Лекин сақлай билиш керак. Чунки ҳадиси шарифда айтилган: “Ваъда қарздир”. Бу – жиддий гап. Бирор кишига ваъда беришдан олдин ўйлаб кўриш, кейин ваъдани бажаришнинг ҳаракатида бўлиш керак. Шундай қилинганидагина доимий, кўп йиллик ишонч ва обрўга эга бўлиб борилаверади.
Дунё тажрибасига эътибор қиладиган бўлсак, оламга донғи кетган шундай ширкатлар ва консернлар борки, улар бу даражадаги обрў ҳамда муваффақиятларга эришувининг асосий сабабларидан бири лафзга масъулликдан, деб бемалол айтиш мумкин. Албатта, уларнинг фаолиятларида юқорида таъкидлаб ўтилган қоидаларнинг деярли ҳаммасини топиш мумкин.
Сут маҳсулотлари ва шарбатлар ишлаб чиқарувчи хорижий ширкатнинг юртимиздаги вакиллигида ишлайдиган Нодиржон исмли йигит ҳикоя қилишича, ширкат одамлари ниҳоятда тоза ишлайди; ноҳақликка умуман йўл қўйилмайди, кимнинг ғирром ёки ёлғончи экани сезилиб қолса, у ишдан четлатилади. Қишлоқлардан ва маҳаллалардан сутни йиғиб олишга махсус одамлар ҳамда хизмат машиналари тайинланади; сут одамлардан қиммат нархда сотиб олинади, ҳар бир жойнинг сути алоҳида идишга солиниб, бу ҳақда тегишли белги қўйилади. Сотиб олинган сутлардан таҳлил учун озгинадан намуна олинади ва то лаборатория натижалари чиққунча қолган сутнинг ҳаммаси совитгичларда сақланади, бир қанча соатдан кейин таҳлил натижаси тайёр бўлади: шунга кўра, агар сут яроқли бўлса, ишлаб чиқаришга киритилади, агар яроқсиз бўлса, махсус ажратилган жойга тўкилади; ўша сут олинган жойнинг одамлари ишончни оқламаган ҳисобланади ва бошқа улардан сут олинмайди. Сув ишлаб чиқариш ҳам шу даражадаги аниқлик ва ҳалоллик асосида ишлайди. Ишлаб чиқарилган сув ҳам, сут ҳам бирданига сотувга чиқарилмайди, балки катта катта қисмларга ажратилиб, махсус жойларда маълум бир вақтгача сақланади. Назорат вақти ўтиб бўлгач, ҳар бир қисм ичидан яна таҳлил учун намуналар олинади, худди аввалгидек, таҳлил натижаси чиққунича тайёр маҳсулот сотувга чиқарилмай тўхтатиб турилади. Натижа ижобий бўлсагина, шохобчаларга тарқатилади. Борди ю, таҳлил натижаси салбий бўлса, ўша қисм ҳеч ачинмасдан йўқ қилиб ташланади. Иш шу билан тугамайди. Сотув шохобчалари ҳам назорат қилинади. Агар улар маҳсулотни сақлаш қоидасига амал қилишмаётгани ёки нархни келишилганидан инсофсизларча ошириб юборгани аниқланса, ўша савдо ташкилоти билан, гарчи жуда кўп маҳсулот харид қилаётган бўлса ҳам, лафзсизлиги сабаб, иқтисодий алоқа тўхтатилади.
Ана сизга лафзга масъуллик ва ҳалолликка муносабат. Эътибор қилган бўлсангиз, лаборатория натижаси салбий бўлганида, қанчалаб пул эвазига қўлга киритилган хом ашё ёки тайёр маҳсулот ташлаб юборилади, фойда зиёнга қарамай, ноинсофлиги маълум бўлиб қолган ҳамкорлар билан алоқа бутунлай узилади. Бу харажатлар пулга чақиб кўрилса, яхшигина камомад, йўқотиш бўлаётганини сезиш қийин эмас. Лекин ким сўзда ҳам, ишда ҳам ҳалол бўлса, Аллоҳ таоло баракот ато этади. Биз билмаймиз, ёлғиз Унинг Ўзи билади.
Умр савдоси
Умр савдоси ҳақида бу рисолада ёзишнинг қандай зарурати бор эди, деган савол туғилиши мумкин. Жавоб шуки, ҳалол савдо ҳақида гаплашишга киришдикми, демак, гапимиз чала бўлиб қолмаслиги керак. Чунки умр савдоси ўзига хос нозик муомала тури. Чунончи, тафсирларда Масад сурасидаги “ва маа касаб” дан мурод Абу Лаҳабнинг халқ ичида гердайиб юришига сабаб бўлган ўғиллари дейилади. Оятнинг мазмуни бундай: “Унга топган мол мулки ва ўғиллари қора кунида асқотмади”. Демак, унинг ўғиллари касб қилиб топган нарсаларидан ҳисобланади.
Бугунги кунда аёл билан аёл, эркак билан эркак ўзаро никоҳ қуриб яшашига расман йўл бераётган давлатлар ҳақида ўқиб, эшитиб қоляпмиз. Баъзи жойларда одат бўлиб боряптики, йигит билан қиз ёки эркак билан аёл қонуний эр хотин бўлишдан олдин биргаликда қанчадир вақт ҳаёт кечиришиб, ундан кейин ё турмуш қуришяпти, ё навбатдаги жуфтини излаб, икки ёққа тарқаб кетишяпти. Ўртада фарзанд бўлиб қолиши масъулияти билан умуман қизиқишмаяпти. Гўёки бозорга бориб, мол танлади ю, уйига олиб кетди; ёқса, олади, ёқмаса, қўйиб юборади ва бошқасини танлайди. Бу каби умр савдосини олиб борадиганлар ҳақиқий яхшиликка асло етишолмайди. Чунки жинсий ҳаётга бундай масъулятсиз муносабат ҳеч бир шариат, ҳеч бир динда ҳалол эмас.
Шукр, халқнинг хизматидамиз, “Никоҳ ўқиб қўйинг”, дейишади, ўқиб қўямиз. Баъзан келин куёвлар наинки мусулмонча ҳаёт тарзи, ҳатто имон калимасини айтишни эплолмай қолишяпти. Биргина йигирма ўттиз дақиқалик никоҳ маросимида қайси айтилган нарсаларни эслаб қолишади, билмаймиз.
Худонинг берган куни диний идорага ораларига уч талоқ тушиб қолган эр хотинлар келишади: “У эди, бу эди, маст эдим, аласт эдим, талоқ айтиб юборибман, фарзандларимиз нима бўлади, илтимос, бир йўл топиб беринглар”.
Шукроналар бўлсин, ён атрофимизда қарийб эллик олтмиш минг табаррук ҳожи ота ва ҳожи оналаримиз юришибди. Уларни тез тез зиёрат қилиб, дуоларини олиб туриш ёшу катта учун фақат фойда бўлади. Ҳаётда у бу ишларни қилишда уларнинг қимматли маслаҳатларини сўраб туришга одатланиш керак. Чунки бу ерда Исломнинг бош шиорларидан бўлган одоб масаласи бор. Қолаверса, “Қари билганини пари билмас” деганларидек, уларнинг тажрибалари ҳам қўл келиб қолиши шубҳасиз.
Инсон салбий иллатларга ёпишганидан кейин, уни чиқариб олиш қийин бўлади, яхшиси, уни бундай иллатдан узоқ сақлаш керак. Кўз олдимизда боламиз қайноқ чойга интилса, жим қараб турмаймиз, бу аниқ гап. Маъсум маъсума ўғил қизларимиз, ўсмир ўспирин ёшларимиз, йигит қизларимиз, қайси динни ушласам экан, деб иккиланиб юрган фуқароларимиз бор. Уларга тўғри диний таълим олган мутахассисларимиз эътиқод илмини ўргатишмаса, кимдан ўрганишади? Бу савол пишиб етилган, ечимини кутиб турибди. Бебаҳо бойлик бўлган умр сармояси ботил нарсаларга харжланиб кетмаслиги керак. Мабодо шундай бўлиб қолса, бундай умр савдоси пуч, арзимаган нарсага айланиб қолган бўлади. Худо сақласин!
Оила қуриш савдосини етарли диний, дунёвий билимлар билан бошламаган кишиларнинг келажаги ҳавас қиларли даражада бўлмайди. Бу табиий. Янги қурилаётган оиланинг мутасаддилари – қуда андалар, тоға ва амакилар, амма холалар, янгалар бу юмушнинг чорасини олдиндан кўриб қўйишлари, келин куёв умр савдосини пухталик билан бошлашлари лозим. То бўлажак келин куёв ўзаро муносабатларида гуноҳ ишлардан узоқ бўлсин:
“Биз ўзимизни бошқара оламиз, жинсий муомаладан эҳтиёт бўламиз”, деб учрашувга чиқиш олов билан ўйнашгандек гап. Олов билан ўйнашган кишини у куйдириб қўйиши осон бўлганидек, хилватда қолган ёшларни устаси фаранг шайтон минг хил алдов билан “ёмонлик”ка бошлаб қўя олади. Мабодо шундай ҳолат юз берса, уларнинг умр савдолари хатар билан эгизак бўлиб қолади. Ҳатто аянчли кунларга тушишлари ҳам мумкин.
Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир гал саҳобаи киромларига: “Хотинларингиз билан қўшилганингиз учун ҳам ажр оласиз”, деб марҳамат қилдилар. Саҳобалар сўрашди: “Ё Расулуллоҳ, ўз нафсимизни қондирсак ҳам ажр бериладими?”. “Нафсингизни ҳаромдан қондирсангиз, гуноҳ ёзиладими?”. “Ҳа”, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Демак, жуфти ҳалолингиз билан қўшилганингизга ҳам ажр оласиз”, дедилар. Буни ёшу катталаримиз яхши билиб олишлари нур устига нур бўлади.
Келин куёвларга талоқ илми, жинсий алоқадаги ҳаром ва ҳалол илми, ғусл, таҳорату намоз илми, эр хотиннинг бир биридаги ҳақлари ва бурчлари, оила тежамкорлиги илми ва ҳоказолар, албатта, тўй бўлишидан хийла олдин ўргатилиши керак. Шундай астойдил ҳаракатлар натижасида миллатимизнинг обрўсини оширадиган фарзандлар туғилади. Солиҳ зурриётлар дунёга келиши, халқимизнинг бир бири билан ўзаро ширин шаръий ҳаёт кечириши учун шароитлар яратишимиз, ҳар турли зарурий хизматларни бажариш учун иккиланмасдан, тортинмасдан, жидду жаҳд қилишимиз керак.
Қуръони каримда “қайси қавм ўзини ўнгламаса, уларнинг аҳволини Аллоҳ ўзгартирмайди”, мазмунли оятлар бор (Анфол, 53; Раъд, 11). Миллатнинг умумий бахти, саодатли эртаси учун бугун ҳаракат қилиш шарт. Ҳаракат биздан, баракат Аллоҳдан!
Аллоҳ таоло ман қилган савдолар
Бу ўринда айрим манҳиётларни зикр қилмоқчимиз. Мақсад – жамиятимиз гуллаб яшнашига халал бераётган ишлардан халос бўлиш чорасини излаш.
Алим ва Ҳаким Зот бандалари учун зарарли бўлган нарса ва амалларни Ўзининг Китоби ва Расули орқали билдириб, бандаларига ақл юритиб, мазкур зарарли нарса ва амаллардан узоқда бўлишни буюрган. Ўша нарсалар ҳаром ва гуноҳ деган умумий ном билан аталади. Қайси бир инсон ёхуд қавм ҳаром ва гуноҳларга аралашиб қолса, энг биринчи навбатда ўз жонига зулм қилган бўлади.
Aбдурахмон Хурсандов