Замонавий тиб илми қанча ривож топиб, сўнгги кашфиётлар туфайли қанча янгиликлар киритилмасин, Китоб ва Суннатда бундан сал кам ўн беш аср муқаддам инсониятга тақдим этилган тиббий тавсиялар ҳамиша долзарб ва фойдали бўлиб қолаверади.

«Пайғамбар табобати» («Тиббун-набавий»)да келтирилган жуда кўп муолажа ва касалликлар давосига оид тавсиялар ҳозирги пайтда тиб илмининг асоси сифатида тан олиб келиняпти. Масалан, «Шифо учта нарсада: асал ичиш, қон олиш ва куйдиришда, аммо мен умматимни куйдиришдан қайтараман», деган ҳадис тавсиясида тиббий муолажанинг асос омиллари зикр этилган.

Пайғамбар табобатида турли касалликларга таъриф берилади, уларни даволаш йўллари келтирилади, руҳ ва бадан табобатининг фарқлари кўрсатилади. Унда ёзилишича, касаллик икки хилдир: қалб касаллиги ва бадан касаллиги. Қалб касаллиги ҳам ўз навбатида икки хил: шубҳа ва гумон хасталиги ҳамда шаҳват ва залолат касаллиги. Бадан табобатининг қоидалари учтадир: соғлик муҳофазаси; зарардан ҳимоя; фасодли моддалардан фориғ бўлиш.

Қамалиб-тиқилиб қолиб, зарар етказадиган нарсалар ўнтадир: кўпирган қон, қўзғалган маний (шаҳват уруғи), бавл (сийдик), катта ҳожат, қориндаги дам, қусқи, акса, уйқу, очлик, ташналик. Мана шу ўн нарсанинг ҳар бири ушланиб-тутилиб қолса, албатта бир дард-касалликни келтириб чиқаради.

Бадан табобати икки турли бўлади: очлик, ташналик, совуқ, чарчаш ва уларга зид ҳолатлар муолажасига ўхшаш биринчи турини Аллоҳ тилли ва тилсиз махлуқида яратиб қўйган, бунда табибнинг муолажасига эҳтиёж йўқ. Иккинчи тури эса фикр ва ҳаракатга муҳтождир. Мизожда пайдо бўлган ва уни мўътадилликдан чиқарадиган касалликларни даф қилишга ўхшаш. Зотан, мизож иссиқ ёки совуқ, қуруқ ёки ҳўл бўлиши мумкин.

Пайғамбар табобатида мизожий касалликлар икки хил – модда сабабидан ва моддасиз сабаб билан бўлиши айтилган. Моддали хили иссиқ, совуқ, ҳўл ёки қуруқ бўлади. Мана шу тўрт кайфиятдан иккитаси иссиқ ва совуқ таъсир этувчи кайфиятга, ҳўл ва қуруқ эса таъсирланиш кайфиятига эга. Абу Абдуллоҳ ал-Мозарий айтишича, «Касаллик келиб чиқишига кўра тўрт турли бўлади: қондан, сафродан, балғамдан ва савдодан. Агар у қондан бўлса, унинг шифоси қонни зулук, қортиқ қўйиш, ништар уриш каби усуллар ёрдамида чиқариб ташлашдир. Агар қолган уч қисмдан бўлса, уларнинг шифоси ҳар бир мизожга лойиқ сурги билан амалга оширилади. Пайғамбаримиз асал ҳам сурги эканини айтганлар».

Мизожий касалликларнинг асли таркиб кайфиятларининг кучлисига, яъни иссиқлик ва совуқликка тобеъдир. Агар касал иссиқдан бўлса, венадан қон олиш, зулук ёки ништар, қортиқ ёрдамида қон чиқариб ташлаб муолажа қилинади. Чунки бунда модда бўшанади, мизож совийди. Агар у совуқдан бўлса, қиздириш йўли билан даволанади, бу асалда мавжуддир. Агар совуқ моддадан бўшанишга эҳтиёж бўлса, бу ҳолда ҳам асал кор келади.

Лекин замонавий шифокорлар даволаш чоғида аксари ҳолларда беморнинг мизожи билан мутлақо қизиқишмайди, касалликнинг ботиний сабаблари ҳақида сўраб-суриштиришмайди, ташқи кўринишларга қараб хулоса чиқаришади ва ташхис қўйишади. Натижада кўп ҳолларда беморнинг тузалиши кечикиб кетади, баъзан эса муолажалар ҳатто оғир оқибатларга олиб келиши ҳам мумкин.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларида мусулмонлар ҳаётининг барча жабҳалари қатори улар саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни даволаш каби муҳим масалалар ҳам қамраб олинган. У зот таълим берган муолажа усуллари, содда дорилар, шифобахш таомлар, овқат истеъмол қилиш ва ичимлик ичиш қоидалари асрлар мобайнида умматга хизмат қилиб келмоқда.

Коинот сарвари бош оғриғидан халос бўлиш учун хина қўйишни тавсия этганлар. Кўз касалликларида тинчликни сақлаш, осойишталик ва дам олишни буюрганлар. Томоқ оғриғини даволашда ҳинд ёғочини, қорин оғриғида асални қўллаганлар. «Пайғамбар табобати» китобида истисқо, ўпка яллиғланиши, бадан қичимаси, ҳуснбузар ва бошқа касалликларни даволашда фойда берадиган дорилар ҳам тилга олинган.

Абу Баракотнинг ёзишича, «Бир касал чиққан жойда бўлсангиз, бошқа ёққа чиқманг, бир ерда касаллик тарқаса у ерга саёҳат қилманг», деган кўрсатма билан карантин усулини ҳам илк марта Расулуллоҳ алайҳиссалом тавсия этганлар. Яна у зот барча касалликларда парҳез буюриб, «Ҳамма даволарнинг боши шудир», деганлар.

Абу Ҳайённинг «Ал-Холис» китобида кўз касалликлари ва томоқ оғриқларига оид ҳазрати Пайғамбарнинг ушбу тавсиялари келтирилган: «Замбуруғларни олинг, намли қоронғи ерда уч кун сақланг, улар моғорлаб қолади. Сихга илиб қиздиринг. Совугач, кўзга худди сурма сургандай уч марта шу моғордан суртинг, томоққа босиб ўранг».

Кўзи оғриганларга доимо асал, хурмо ейишни тавсия этганларки, бунинг пенициллин экани кейинчалик аниқланди. Заҳарланганда дарҳол ошқозонни бўшатиш учун қайт қилдирар ва елкаларининг уч жойидан қон олдирар эдилар. Сил, йўталга чалинганларни ва балғам ташлаганларни чўпонлар ёнига қўйиб келардилар ва сут ичишни тавсия этардилар.

Аллоҳ берган умрни яшаб Унинг розилигини топиш учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом қуйидагиларга қатъий амал қилишимизни буюрадилар:

– Доимо тоза ва покиза таомларни енг;

– Жуда иссиқ ёки жуда совуқ овқатларни истеъмол қилманг, уларда барака ҳам, шифо ҳам бўлмайди;

– Таомни узоқ чайнаб, секин енг;

– Овқатдан олдин ва кейин қўлларингизни ювинг;

– Овқатни фақат иштаҳа келганида тановул қилинг, кўп еманг;

– Овқатланиш пайтида кўп сув ичманг;

– Қишда кўпроқ ёғли, кучли таомларни, ёзда эса енгилроқ овқат ва сабзавот-кўкатларни енг;

– Дастурхонингиздан хурмо аримасин;

– Узум, хурмо ва зайтун Аллоҳга шукр этмоқ учун сизга сиҳат ва қувват беради;

– Чарчаган вақтингизда ширинлик тановул қилинг;

– Синиқ косада овқат еманг, сув ҳам ичманг;

– Овқатланаётганда яхши кайфиятда бўлинг, ёлғиз овқатланманг;

– Сувни бирдан симирмай, ҳўплаб-ҳўплаб ичинг, акс ҳолда жигар хасталигини келтириб чиқаради;

– Агар сут ичсангиз, сув билан оғзингизни чайинг, чунки сутда ёғ бор;

– Нонни эъзозланг, чунки у ер ва осмон баракотидандир. Ким дастурхонга тўкилган ушоқни еса, Аллоҳ унинг гуноҳини кечиради;

– Беҳи ейиш юрак хасталигини кетказади;

– Шивит (укроп) истеъмол қилиш қуланж (йўғон ичак касаллиги)нинг олдини олади;

– Сигирнинг сути шифо, ёғи даво, гўшти эса касалликдир;

– Аллоҳ таоло ҳар бир дарднинг давосини ҳам яратиб қўйган;

– Сигир сутини кўпроқ истеъмол қилинг, чунки у турли доривор гиёҳларни териб ейди;

– Истеъмолда сут маҳсулотлари билан балиқни аралаштирманг, Пайғамбаримиз «Сут ичиб туриб, балиқ ема», деганлар, чунки улар қўшилса, қон бузилиши мумкин;

– Асал еб туринг, чунки у минг дардга даводир;

– Ҳар ойда бир кун рўза тутингки, токи вужудингиз дам олсин;

– Овқатдан сўнг дуо ўқиб, Аллоҳга шукр қилинг.

Қуръони Каримнинг ҳеч бир ҳукми замонавий илмга зид бўлмагани каби инсониятнинг етук табиблари Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг тиббиётга оид тавсияларининг ҳақлигини англайверадилар.

Аббос Турсунов

«Ҳилол» журналининг 8-сонидан

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here