Аллоҳ таолонинг сўнги ва мукаммал дини, қиёматгача боқий қолувчи таълимотлари йиғиндиси бўлган Ислом динидаги икки асос манбанинг иккинчиси, Қуръони Каримдан кейинги манбаи ҳадиси шарифлардир. Маъноси ваҳий, ифодаси башарий бўлган бу набавий ўгитларни ўзида мужассам этган асарларнинг энг машҳур ва мўътабарлари қўлингиздаги «Олтин силсила» туркумига кирган тўққизта ҳадис тўплами ҳисобланади. Уларнинг биринчиси, энг олийси, ҳеч шубҳасиз, буюк ватандошимиз Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Саҳиҳул Бухорий» асаридир. Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки, асарнинг ўзбек тилидаги таржима ва изоҳи «Олтин силсила» туркумининг биринчи тўплами ўлароқ, гўзал суратда, саккиз жилдда чоп қилиниб, халқимизга тақдим қилинди. Навбатдаги тўплам – «саҳиҳайн», яъни икки саҳиҳ асарнинг иккинчиси, бошқача қилиб айтганда, «Саҳиҳул Бухорий»нинг эгизи, «Саҳиҳул Бухорий»дан кейинги энг саҳиҳ китоб дея эътироф этилган тўплам, Муслим ибн Ҳажжож раҳматуллоҳи алайҳ таълиф этган «Саҳиҳи Муслим» китобидир. Бугун ушбу тўпламнинг биринчи китобини сиз азизларга тақдим этиб турганимиздан бағоят мамнунмиз.
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ раҳбарлигида юртимизнинг жонкуяр уламолари томонидан чоп қилинаётган «Олтин силсила» туркуми бугун кўпчиликка маълум. Ҳадислар қомуси ҳисобланган бу лойиҳани юртимизда ҳадис илми қайта жонланишининг энг ёрқин намунаси, халқимизнинг илмий диний ҳаётидаги тарихий ҳодиса деб атасак, муболаға бўлмайди. Ушбу жараённинг навбатдаги босқичи ‒ иккинчи тўплам нашри билан сизни муборакбод этамиз.
Муаллиф: Муслим ибн Ҳажжож (Имом Муслим)
Таржимон: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва таржимонлар гуруҳи
Номи: «Олтин силсила – Саҳиҳи Муслим» 1-жуз
Нашриёт: «HILOL NASHR» нашриёти
Сана: 2019 йил
Нархи: 76 000 сўм