Фақих Абу Лайс (рахимахуллох) айтадилар: Инсон илм ўрганиши билганига қаноатланиб қолмаслиги керак. Чунки Аллох таоло дейди: “Айтинг: биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!” (Зумар, 9). Илм ахли бошқа инсонларга нисбатан афзалдир. Набий (соллаллоху алайхи васаллам): “Олим ёки илм ўрганувчи бўлмаган кишида яхшилик йўқдир”, деб айтганлар. Абу Дардо (розийаллоху таъоло анху) айтадилар: “Нима бўлдики, олимларингизни ўлаётган, жохилларингизни илм ўрганмаётган холда кўряпман. Уламоларнинг ўлими билан илм кўтарилишидан олдин таълим олинглар. Чунки бир қавмнинг кичкинаси бўлсангиз, шояд бошқа қавмнинг каттаси бўларсиз. Менга илмсиз шайхдан хунукроқ махлуқ йўқдир”.
Шаъбий айтадилар: “Агар бир киши Шомнинг бу чеккасидан Яманнинг у четигача сафар қилиб, келажак умрида фойда келтирадиган бир дона калимани ёд олса, унинг сафари зоеъ кетмади деб ўйлайман”. Энди билгилки, илм бир неча навдир, хаммаси Аллох наздида чиройлироқдир, лекин фиқхга тенг эмасдир. Кишига фиқхни ўрганиш унга бошқа илмни ўрганишдан мухимроқ бўлиши керак, чунки фиқхни билган кишига бошқа илмлар осонлашади. Фиқх диннинг устунидир. Абу Хурайра (розийаллоху таъоло анху) ривоят қиладилар: Набий (соллаллоху алайхи васаллам) айтдилар: “Аллохнинг бандалари орасида динда фақих бўлганидан кўра афзали йўқ”. Яна айтадилар: “Битта фақих шайтон учун мингта жохил обиддан ёмонроқдир”.Абу Хурайра (розийаллоху таоло анху) айтадилар: “Бир соат ўтириб фиқх ўрганишим Аллохга бир кеча фиқхсиз ибодат қилишимдан яхшироқдир”. Ибн Аббос (розийаллоху таъоло анхумо) ривоят қиладилар: “Набий (соллаллоху алайхи васаллам): “Аллох кимга яхшиликни хохласа, уни динда фақих қилиб қўяди”, дедилар”.
Умар ибн Хаттоб (розийаллоху таоло анху): “Рахбар бўлишларингдан олдин фиқхни ўрганинглар”. Агар инсон фиқхдан насибасини тўла олса, унда қосирлик қилмаслиги хамда зухд ва хикмат илмида, охират каломида, солихларнинг шамоиллари хақида фикр қилиши лозим. Чунки инсон фиқхни ўрганса-ю, зухд ва хикмат илми хақида фикр қилмаса, қалби қаттиқлашади. Қаттиқ қалб Аллох таолодан узоқдир. Агар нужум билан хикмат илмини таълим олса, қалби қаттиқлашади, қаттиқ қалб эса Аллох таолодан узоқдир. Агар нужум ва хикмат илмидан хисоб-китобни биладиган миқдорда ўрганса, бунинг зарари йўқдир. Агар қиблани билиш ва хисоб-китобга йўл топа оладиган миқдорча ўрганса, ортиқчалик қилмайди. Аллох таоло: “Ва (у йўлларга) белгилар (қилиб қўйди. Кечаларда эса кишилар) юлдузлар билан йўл топурлар” (Нахл, 16), деб мархамат қилади.
Бошқа бир оятда эса: “У қуруқлик ва денгиз зулматларида йўл топишингиз учун сизларга юлдузларни яратиб қўйган зотдир. Биладиган қавм учун оятларни батафсил баён қилдик” (Анъом, 97), деб айтади.Умар ибн Хаттоб айтадилар: «Илми нужумдан қиблаларингни топадиган миқдорда ўрганинглар. Қариндошларинг билан алоқа қиладиган миқдорда насаб илмидан таълим олинглар”. Набийнинг (соллаллоху алайхи васаллам) юлдузлар хақида мунозара қилишдан қайтарганлари ривоят этилган. Абдуллох ибн Аббос (розияллоху анху) Маймун ибн Михронга: “Нужум илмига эргашманглар, чунки сехр ва фолбинликка олиб боради”, деганлар.
Олтинсой туман “Саййид Мухиддинхон”
жомеъ масжиди имоми: Қ.Ҳабиллаев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here