(Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг илмий меросларидан)
Адабий асарлар халқ оммасига катта таъсир ўтказиши ҳаммага маълум. Уларнинг асосий вазифаси инсонларнинг маънавий дунёсини бойитишдан иборат. Дарҳақиқат, адабиёт кишиларда юксак инсоний қадриятлар, ахлоқ-одоб, яхши сифатларни шакллантириши, борларини ривожлантириши каби эзгу ният ва ишларга хизмат қилмоғи даркор. Аммо ҳамма соҳаларда бузғунчилик бўлганидек, баъзи инсонлар адабиётдан мазкур олий қадриятларга эришиш йўлида эмас, балки одобсизлик, фаҳш ишлар, даҳрийлик ва ҳоказо мақсадларда фойдаланишга уриниб, бузғунчилик қилишган ва қилишмоқда.
Мусулмон дунёси ўзининг буюк шоирлари билан ҳам машҳур. Одатда мазкур шоирлар юксак маънавий асарлари билан донг таратишган. Дунёда мусулмон шоирлар ҳақида гап очилганда, пурҳикмат, инсонни юксак ахлоқий ва маънавий чўққиларга чорловчи шеърий асарлар ҳақида сўз юритилишини ҳамма тушуниб қолган.
Аммо баъзи ҳолларда адабиёт дунёсида исломий адабиёт ҳақидаги тасаввур бузилди. Бир пайтлар ҳамма «Умар Хайём рубоийлари» деб аталмиш шеърий асарлар ҳақида кенг миқёсда гапира бошлади. Бу рубоийлар дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинди. Ҳамма жойларда ўқила бошланди. У рубоийларга машҳур бастакорлар куй басталаб, хонандалар қўшиқ қилиб айтишди. Майхўрликнинг мадҳи ва шунга даъват, ҳаётлик чоғида маза қилиб, иложи борича лаззатлардан баҳраманд бўлиш, бу борада ҳеч кимга, ҳеч нарсага эътибор бермаслик каби мазкур рубоийларда куйланган нарсалар одамларни ўзига ром қилишига асосий сабаб эди. Шу билан бирга, бу рубоийларда куфр, даҳрийлик ва бир қанча бузуқ мазҳабларнинг мафкураси ҳам ўрин олган эди. Мазкур мафкурага берилган ва айш-ишрат, майхўрликка мойил кишилар Умар Хайёмдек катта устоз топганларидан хурсанд бўлиб, унинг шуҳратидан мақсадлари йўлида фойдаланишди. Бу беодобликка қаршилар эса Умар Хайёмни кофир, даҳрий, ботиний, шариатни оёқ ости қилувчи деб фатво чиқаришарди. Учинчи бир тоифа эса Умар Хайёмдек одам бунчаликка бормайди, у сўфийлик мазҳабида экан, ёзган шеърлари рамзий, буни тушуниш учун алоҳида тайёргарлик керак, дейишарди. Аммо бу фикрга ҳеч ким эътибор бермас, ҳамма Ислом дини белгилаган чегарадан чиққан шоир топиб олганидан хурсанд бўлиб, уни кўкларга кўтариб мақташ билан бирга, «Умар Хайём рубоиёти» деб номланган асарларни кенг тарқатишга, улардаги чақириқларга амал қилишга ошиқарди. Шу билан бирга, исломий одоб-ахлоқ чегаралари парчаланиб борар эди.
Бу рубоиёт эски совет замонида ҳам кенг тарғиб қилинди. Китоб ҳолида қайта-қайта чоп этилди. Чунки бу жамият дунёдаги энг майхўр жамият эди. Рубоийлардаги майхўрлик мавзуси уларга жуда ёқарди. Шундай қилиб, ароқхўр жамиятнинг энг ароқхўр шоирлари «Умар Хайём рубоиёти» деб аталмиш асарларни турли тилларга, жумладан, ўзбек тилига ҳам таржима қилишди. Ҳеч ким бу рубоийлар ҳақида жиддий ўйламас, илмий асосда баҳс қилишни хаёлига ҳам келтирмас эди.
Аммо вақти етиб ана шундай инсофли инсон ҳам топилди. Бу киши улуғ ватандошимиз, аллома Абу Наср Мубашшир Тарозий эдилар. Аллома Тарозий биринчи бўлиб «Бу рубоиёт Умар Хайёмники эмас, балки бошқалар томонидан тўқилиб, у кишига нисбатан берилган», деб чиқдилар ва бу фикрни араб тилида ёзилган «Кашфул-лисам ар-рубоийят Умарул-Хайём», яъни «Умар Хайём рубоийларидан пардани очиш» номли китобларида илмий асосда баён қилиб бердилар. Аллома Тарозий бу китобини ҳижрий 1375 йилнинг 13 жумадус-соний куни (1956 йил 26 январда) ёзиб тугатганлар.
Мубашшир Тарозий ўша пайтгача Умар Хайём ҳақида айтилган фикрларга эътибор бермай, унинг ҳаёти ва фаолиятини аввалбошдан, асосий ва ҳақиқий манбалардан ўрганиб чиқиб, алломани машҳур қилган рубоийлар аслида уники эмаслигини исбот қилиб бердилар. Умар Хайём, яъни Абул Фатҳ Ғиёсиддин Умар ибн Иброҳим Хайём Найсопурий билан ҳамаср, ҳамдарс бўлган ва ундан кейин яшаган барча тарихчи ва олимлар, жумладан, унинг шогирди Абу Ҳасан Аҳмад ибн Умар ибн Алий ан-Низомий ал-Арузий Самарқандий «Чор мақола», Шамсуддин Муҳаммад ибн Маҳмуд Шаҳрзурий «Назҳатул-арвоҳ ва равзатул-афроҳ» асарида, Заҳриддин Байҳақий «Хукомоул-Ислом» китобида ёзиб қолдиришларича, Умар Хайём тақво билан яшаб, оқибати яхши ҳаёт ўтказгани, улуғ ва мўътабар бир инсон экани таъкидланган. Умар Хайём катта илм эгаси, фалакиёт, риёзиёт, тиб каби илмларда замонасининг пешқадами бўлган. Шунингдек, бошқа илмларда ҳам Умар Хайём нодир асарлар яратган.
«Кашфул-лисам» китоби муаллифи Тарозий ҳазратлари юқорида зикр этилган далилларни китобларида аниқ ҳужжатлар билан исботлаб келтирадилар. Шу билан бирга, у киши Умар Хайём ҳаёти ва ижоди ҳақида, унга асрдош ёки кейинги вақтда яшаган олимларнинг Умар Хайёмнинг шоир бўлгани, рубоийлар ёзгани ҳақида зикр қилишмаганини, мазкур номаълум рубоиёт эса Умар Хайёмники эмаслигига далил келтирадилар. Аллома Тарозийнинг фикрича, Умар Хайём бўш вақтларида кўнгил ёзиш учун шеър машқ қилгани эҳтимол, лекин асосий иши шоирлик бўлмаган.
Тарозий мазкур рубоиёт Умар Хайёмники эмаслигига яна бошқа далилларни ҳам келтиради. Умар Хайём даврининг энг машҳур кишиларидан бўлиб, подшоҳлар, амирлар, уламолар, фузалолар билан доимо учрашиб турган. Агар унга нисбатан берилаётган рубоийларга ўхшаш бирор нарса ёзганида дарҳол ҳаммага машҳур бўлиши табиий эди, албатта. Исломга ғайратли кишилар эса буни эътиборсиз қолдирмай, тезда раддия берар эдилар. Ҳолбуки, Арузий Самарқандий, Аллома Замахшарий, Қози Насавий, имом Абу Ҳасан Ғаззолий, хусусан, Ҳужжатул-Ислом имом Абу Ҳомид Ғаззолий каби кишилар Исломга футур етказадиган ҳар бир фикрни қаттиқ танқид остига олиш билан танилишган. Улар Умар Хайём билан бирга вақтда яшаб, ўзаро муносабатда бўлишган ва у киши ҳақида фақат яхши гапларни айтишган. Аллома Тарозий Умар Хайёмнинг поклигини, рубоиёт унга нисбатан туҳмат эканини исботлаш учун яна бир кучли далил келтирадилар. Умар Хайёмнинг ҳақиқий фикри, фалсафаси ва айтган гапларини ишончли манбалардан келтириб, улар рубоийларда келган фикрга тамомила зид, балки соф исломий фикрлар эканини исбот қиладилар.
Табиийки, «У ҳолда қандай қилиб Умар Хайём шоир сифатида танилиб, рубоиёти бутун дунёга машҳур бўлиб кетган?» деган савол пайдо бўлади. Бу саволга ҳам аллома Тарозий китобда аниқлик киритиб ўтадилар. У кишининг ёзишича, Умар Хайём ҳақида илк бор 1700 йили инглиз олими, Оксфорд дорулфунунининг ўқитувчиси Томас Гайд, кейинроқ эса фон Гомер Биргестел ва Меме Николослар ёзишган. 1856 йили инглиз шоири Эдвард Витз Геральд таржима этиб, нашр қилдирган етмишта рубоий жуда машҳур бўлиб кетди. Геральд бу таржима ҳақида устози Говлга ёзган мактубида, «Мен бу рубоийларни аслидек таржима қилмадим, баъзи жузъиётларини сақлаб қолган ҳолда бир-бирига аралаштириб ўзгартирдим», деб таъкидлаганини ҳам Тарозий келтирадилар. Бу таржимага Ғарбда катта эътибор қаратилгани сабабли қайта-қайта чоп этилди ва рубоиётнинг асли деб қабул қилинди. Кейинчалик бу инглизча рубоийлар араб, урду, турк ва бошқа шарқ тилларига ҳам таржима қилинди.
Ғарбда «Умар Хайём клублари» тузила бошланди. Рубоий ўқиб, май ичиш йўлга қўйилди. Таржимон Геральд вафот этганида Умар Хайём қабри устида ўсаётган гулдан кўчириб бориб, унинг қабрига экишди ва қабр тошига миннатдорчилик сўзлари ёзишди. Ғарбнинг Шарқдаги шотирлари бу борада устозларидан ҳам ўтиб кетишди. Рубоийлар динсизлик, ароқхўрлик, фаҳш ишларнинг шиори бўлиб қолди.
«Кашфул-лисам» китоби муаллифининг таъкидлашича, Умар Хайём номидан сохта рубоийларни тарқатиш одамларни, хусусан, мусулмон ёшларни Исломдан узоқлаштириш учун Ғарбда ўйлаб чиқилган ўйин эди. Агар ғарбликлар, ҳақиқатда, беғараз равишда Шарқ шеъриятига қизиқишса, нима учун Фирдавсий, Фаридиддин Аттор, Ҳофиз Шерозий ва бошқа шарқ-форс адабиётининг улуғ намояндалари ижодига мурожаат этишмади. Айнан аслининг тайини йўқ рубоийларни топиб, Умар Хайёмдек мўътабар инсонга нисбат бериб, сўнг уни ташвиқ қилишди. Умар Хайём уларга нима учун керак бўлиб қолди?
Маълумки, Ғарб шарқшунослари Исломга зарба бериш учун ҳар бир қулай фурсатдан унумли фойдаланиб келишади. Улар «Умар Хайёмдек аниқ фанларнинг улуғ вакили ўзи мусулмон саналса ҳам Исломга ва унинг ақийдаларига қарши чиққан» дейиш учун шундай йўл тутишган. «Оддий одамларга ўхшаб кўр-кўрона эътиқод қилмагани ва илм соҳиби бўлгани учун шу гапларни ёзган», деб кишиларни ишонтиришга уринишган ҳамда Исломга илмсиз, бесавод кишиларгина ишонади, деган фикрни шу йўл билан олға суришган. Шунинг учун ҳам Хайёмни улуғ олим дейишган-у, илмий асарларини чоп этишмаган. Унга ёлғондан нисбат берилган рубоийларни эса ривожлантиришган, ҳатто билим юртларида дарслик қилиб ўтишган. Бу ҳам Исломга қарши курашнинг энг маккорона услубларидан бири эканини кўриб турибмиз. «Ғарбликлар мазкур рубоийларни қаердан олишди?» деган саволга жавоб тариқасида аллома Тарозий кўплаб маълумотларни санаб ўтадилар. Аввало, рубоийларнинг сони ҳақида аниқ бир фикр йўқлигини айтиб, уларни «ўн битта» дегандан тортиб, то «бир минг икки юз ва ундан ҳам кўп» деган гапларни бирма-бир келтирадилар.
Сўнг Умар ибн Иброҳим Найсопурийга замондош ва у кишининг ҳаёти ҳақида маълумот тўплаган олимларнинг асарларидан иқтибослар олиб, Умар Хайём аслида Умар Хаёмий экани, Хайём эса Алоуддин Алий ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Халоф ал-Хуросоний исмли форс шоирининг лақаби эканини таъкидлайдилар. Худди шу жойда бу икки шахс алмаштириб қўйилган бўлса керак, дейдилар. Умар Хайём ботинийларга қарши қаттиқ кураш олиб борган ҳукмдор Низомулмулкнинг яқин дўсти эди. Ушбу эътибордан ботинийлар ундан ўч олиш мақсадида турли рубоийларни ёзиб, Умар Найсопурийга нисбат берган бўлишлари мумкин, дейилган. Бу фикрнинг далили сифатида рубоийларнинг энг қадимий қўлёзмаси Умар Хайёмнинг вафотидан сўнг уч юз эллик йил кейин ёзилганини эслатиб ўтадилар.
Демак, ғарблик шарқшунослар сиёсатнинг ажралмас бир қисми сифатида маданий мустамлака бобида аслининг тайини йўқ рубоийларни Умар Хайёмга нисбат бериб, кишиларни Исломдан узоқлаштириш, фисқу фасодга бошлашга уринишган. Ҳозирги кунда Британия кутубхонаси музейида Геральдга оид таржималарнинг 153 хил нашридан нусхалар қўйилгани ҳам уларнинг бу ишга қанчалик аҳамият берганини кўрсатиб турибди.
Ана шундай бир пайтда аллома Тарозийнинг «Кашфул-лисам ар-рубоийят Умарил-Хайём» асари ўша даврдаги жамоатчилик фикри, олим ва шоир, тарихчи, шарқшуносларга, қолаверса, маданий мустамлакачилик сиёсатига қарши катта инқилоб эди. Муаллифнинг ўғиллари доктор Абдуллоҳ Мубашшир Тарозийнинг айтишича, оталари бу китобни ёзишдан олдин Қоҳирадаги илмий анжуманлардан бирида худди шу мавзуда маъруза қилганлар. У киши гапларини тугатганда ҳамма жим тураверган. Чунки маърузачини қўллайлик дейишса, у ҳозиргача бўлган гапларга бутунлай тескари гапларни айтди. Танқид қилайлик дейишса, ҳужжатлари шунчалик кучлики, унга қарши оғиз очиб бўлмайди. Фақат бошқа ерда қилинган иккинчи маърузадан кейингина аллома Тарозийни қўллай бошлашди ва у кишидан бу борада китоб таълиф этишни илтимос қилишган.
Бу китобнинг нашр этилиши Ислом олами маданий ҳаётида катта воқеага айланди. Кўпчилик у кишини қўллаб китоб, мақолалар ёзишди. Эронлик машҳур адабий танқидчи олим Алий Даштий, устоз Саид ал-Омудий, устоз Анвар Жундий, устоз Абдуллатиф ал-Жавҳарий ва бошқаларнинг асарлари шулар жумласидандир. Баъзи олимлар аллома Тарозийнинг «Кашфул-лисам ар рубоийят Умарил-Хайём» китобини янги асрдаги исломий уйғонишга сабаб бўлган ўттиз китобнинг бири, деб ҳисоблашади.
Илмий тажрибалар ҳам аллома Тарозийни ёқлаб чиқди. Қоҳирада чиқадиган «Ал-Аҳром» газетасининг 1978 йил 6 декабрь сонида «Лондондаги Умар Хайём рубоиёти қўлёзмаси сохта экан» деган хабар босилди. Унда қуйидагилар баён қилинади: «Илмий текширишлар Лондондаги Кембриж дорулфунунида сақланаётган «Умар Хайём рубоиёти» дейилган қўлёзмалар сохта эканини исботлади. Бу қўлёзмалар милодий 1200 санада ёзилган деб ҳисобланар эди. У кўп йиллардан бери илмий изланишларга асос бўлиб келди. Энди эса бу рубоийлар юз йил аввал ёзилгани маълум бўлди. Кембриж дорулфунуни бу қўлёзмаларни уларни Эрондан топган марҳум устоз Артур Арбортисдан сотиб олган эди».
Эҳтимол, ушбу илмий текшириш ва эълонга ҳам аллома Тарозийнинг китоблари сабаб бўлгандир. Шу жойда «Ҳар бир нарсада аниқлик бўлишини даъво қиладиган ғарбликлар, ушбу рубоиётни нашр этиб, шов-шув кўтаришдан олдин текширишса бўлмасмиди?» деган савол пайдо бўлади. Таассуфки, бу тоифа аниқликни ҳам фақат ўз фойдасига бўлишини хоҳлайди. Бир гуруҳ рус олимлари, кейинроқ совет олим ва шоирлари ҳам ушбу ёлғонга муносиб ҳисса қўшишган. Лекин ёлғон фош бўлганидан кейин, ўз одатларича, ҳақиқатни эътироф этиб, халққа етказишгани йўқ. Илм омонат нарса, унга хиёнат қилмаслик зарур. Ушбу мақолада зикр этилган илмий баҳснинг соҳиби аллома Тарозий араб, форс, турк тилларини яхши билган, олим инсон бизнинг улуғ ватандошимиз экани билан фахрланишдан ташқари, у киши очган ҳақиқатни инсонларга етказиш ҳам керак, деб ўйлайман.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг
«Тарих омонатдир» асаридан.