(Ханафийлик асосчиси)
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ханафийлик мазхаби асосчиси Имоми Аъзам номи ила машҳур бўлган бу зот ҳақида кўплаб мақолалар ва китоблар ёзилган. Биз эса, у кишининг улуғ ҳаётлари билан қисқача танишиб чиқамиз. Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит Кўфа шаҳрида саксонинчи ҳижрий санада таваллуд топтилар. У киши аҳли сунна фиқҳ мазҳаб бошлиқлари ичида энг аввалгиларидир. Ёшликларидан таҳсили илм қилдилар, бир вақтнинг ўзида касб ҳам қилиб, ипак сотар эдилар.
Талаби илмни тугатишлари билан дарс ва фатво беришни бошладилар. У кишида илм билан бирга тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлвориш каби сифатлар ҳам мужассамлашган эди. У кишининг шаҳсий фазилатлари ҳақида алоҳида китоблар ёзилган. Диний фаолиятида фақат илмнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки, илм билан бирга, тақво ва Аллоҳга доимий боғлиқ бўлиши зарур. Бу нарсалар Имом Абу Ҳанифада олий даражада эди.
Бу буюк имомнинг Имоми Аъзам, яъни улуғ имом, катта имом деб номланиши хақиқатда ҳам у киши бунга сазовор зот эдилар. Имоми Аъзам ҳақида бошқа мазҳаб соҳиби Имом Шофеъий: «Одамлар фиқҳда Абу Ҳанифанинг боқимандаларидир», деганлар. Бошқа бир мазҳаб соҳиблари Имом Моликдан одамлар: «Абу Ҳанифани кўрганмисиз?» деб сўрашганда, «Ҳа, агар ушбу устунни тилло демоқчи бўлса, ҳужжат топа оладиган одамлигини кўрдим», деб жавоб берган эканлар. Машҳур Имом Абдуллоҳ ибн Муборак: «Фиқҳда энг кучли одам Абу Ҳанифадир. Унга ўхшашини кўрмадим», деганлар. Улкан илм соҳиби бўлмиш Имом Абу Ҳанифа ўз мазҳабларини бино қилишда Қуръони Карим, суннати набавия, ижмо, қиёс, саҳобаларнинг қавлларига суянадилар. Ҳукмлар чиқаришда қиёс ва истеҳсонга бошқалардан кўра кўпроқ мурожаат қилдилар.
Баъзилар, Абу Ҳанифа қиёсни заиф ҳадисдан устун қўяди, дейишган. Лекин, аслини олганда, ундай эмас. Уламолар бу масалани ҳам ўрганиб чиқишган ва Имом Аъзам заиф ҳадисни қиёсдан устун қўяди, деган хулосага келганлар. Бунга мисоллар ҳам келтирганлар: «Намозда қаҳқаҳа билан кулса таҳорат кетиши заиф бўлса ҳам, Абу Ҳанифа уни қиёсдан устун қўйиб қабул қилганлар». Имом Абу Ҳанифанинг ўзлари бу ҳақда: «Аллоҳга қасамки, ким бизни қиёсни ҳадисдан устун қўяди деса, ёлғон айтибди ва бизга туҳмат қилибди. Ҳадис бўлгандан кейин қиёсга ҳожат қолар эдими?!» дейдилар. Имоми Аъзам ўз мазҳабларида доимо мусулмонларга енгиллик бўлишининг тарафдори сифатида ижтиҳод қилганлар. Имом Моликнинг «Муватто» китобларида ҳадис ва фиқҳий боблар бўлиб-бўлиб келтирилган. Имом Аъзам ўзлари ажам бўлганлар, асосан арабмас халқлар билан яшаганлар, эҳтимол, яна бошқа омиллар бўгандирки, у киши фиқҳий ҳукмни айтиб, ўз сўзлари билан ифода қилганлару, ортидан унга далил бўлган ҳадисни зикр қилмаганлар. Ҳанафий мазҳабига оид фиқҳий китобларни мутоала қилган ҳар бир киши буни дарҳол тушуниб етади. Аммо, Али Қорининг «Мухтасари виқоя» китобиги ёзган «Ниқоя» номли шарҳини ўқиган одам Ҳанафий мазҳабида айтилган ҳар бир гапнинг оят ва ҳадисдан далили бор эканига ишонч ҳосил қилади.
Мўътабар китобларда келтирилган улуғ имомнинг ҳаёт йўллари, фазилатлари, айтган панд-насиҳатлари ҳақидаги ривоятларни ўрганиш билан оз бўлсада у зотнинг нақадар юксак фазилат соҳиби эканликларини билиб олсак бўлади. У зотга нисбатан айтилган таҳқиромуз сўзларнинг нафратга сазовор даражада катта туҳмат эканлиги барчага маълум бўлмоғи лозим. Ислом душманларининг бу каби фитна қўзғовчи бўҳтонлари, улуғ мазҳаббоши имомга таҳқир назари билан айтган хақоратлари уларнинг нақадар улкан ва халок қилувчи хатар остида эканликларидан нишонадир. Биз тубанда улуғ мужтаҳид, фазилатли имом ҳақларидаги ибратли ҳикояларни келтиришни лозим топганлигимизнинг сабаби ҳам у зотнинг шахсиятларига яна бир бор разм солиш, ҳаётлари билан яқиндан танишиш, ҳамда ўрни келса у зот ҳақларида бўҳтон сўзларни айтишга жазм этганларга ўз раддиямизни билдиришдир.
Имом Аъзамнинг Куфадаги уйлари баланд қилиб қурилган эди. Бу билан у муҳташам саройларни эсга соларди. Кунлардан бир кун бир киши у зотнинг ҳузурларига келиб: – Эй имом, ўзингиз олим бўла туриб яна дунё дабдабасига мойил бўлибсиз, бу қандай бўларкин? – деди. – Биномнинг кўркам ва муҳташам бўлишининг сабаби Куфага ташриф буюрган фақир кишилар энг аввал менинг уйимга кўзлари тушиб, шаҳарнинг бой одами экан деб ўйлашлари ва тўғри менинг уйимга меҳмон бўлишлари учундир, – дедилар улуғ имом. Савол сўраб келган киши имомнинг доноликларига тан берди. Ҳурмат ва эҳтиром билан қўлларини ўпиб, у зотга талаб бўлди. Бу ривоятдан кўриниб турибдики, Абу Ханифа ҳазратлари ғоятда очиқ кўнгил, меҳмондўст ва камбағалпарвар зот бўлганлар. Бу шундан далолатки, у зот умрлари давомида пайғамбаримиз (с.а.в)нинг “Ким Аллоҳга ва охират кунига имой келтирган бўлса меҳмонини икром қилсин” деган муборак ҳадисларига оғишмай амал қилганлар.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкин Ханафийлик мазхабимиз муътадил мазхаб бўлганлиги учун бутун дунё уламолари хам бирор бир масала юзасидан ихтилофлар бўлса дарров Ханафийликни ахкомларига суянадилар.
Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинган бир ҳадисда: «Илм Сурайё юлдузида бўлса, уни форс кишилари олажак», дея марҳамат қилинган.
Имом Суютий айтадики: «Бу ҳадиснинг асли саҳиҳдир. Унда Абу Ҳанифага ишора бор. Ҳадиснинг саҳиҳлиги муттафақун алайҳдир» («Зужожатул масобиҳ», 1- жилд, 62-бет)
Язид ибн Ҳорун айтганлар «Оқилликда, фозилликда ва шубҳали нарсалардан эҳтиёт бўлишда Абу Ҳанифадан устунроқ бирон кимсани кўрмадим».У гўзал юзли, хушсурат, ширинсухан, суҳбати юракни эритадиган киши эди. Бўйи ўртача, кийими нафис, юзи кўркам бу зотдан ҳар доим ширин ҳид уфуриб турар, одамларга юзма-юз келганида таралаётган беғубор исларидан уни тезда таниб олишар эди. Бу олим фиқҳ илмини биринчи бўлиб бойитган, сермаҳсул қилган ва унинг вужудига яширинган энг ажиб дурдоналарни ёруғликка чиқарган улуғ фақиҳ ва мазҳаббоши Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собитдир.
Абу Ҳанифа хушхулқ, хушмуомала, дилкаш киши эди. Ҳамроҳи у билан суҳбатлашса саодат топар, унга бегоналар эса, гарчи душмани бўлса ҳам озоридан омонда эди. У ғийбатдан узоқ бўлган, ҳатто душманларидан бирортасини ёмон сўзлар билан тилга олмаган. Аллох таоло мазхаббошимизни рахматига олсин ва ўзни тўғри йўлидан адаштирмасин.
Хурсандов Абдурахмон Рамазонович “Мурч бобо” жоме масжиди имом ноиби