Нақлдурки, бир куни шайх Ҳасан Басрий олдига бир сахройи араб келиб сўради: Эй шайх сабр дегани қандай нарса? Шайх деди:Сабр икки ҳил бўлади. Биринчиси балога сабр этмоқ, иккинчиси қаноат этмоқ ва ҳеч кимдан нарса тиламасликдир. Араб деди: мен сендан кўра зуҳтсиз ва сабрсиз кишини кўрмадим. Шайх деди: рост айтасан, илм керак, илмга амал ва ихлос билан бирга қаноат керак бўлади. Шунда амаллар қабул бўлади.

Сабр доим керак. Яхшилик етганида ҳам, ёмонлик етганида ҳам, зарар-камчилик пайтида ҳам, фойда-борчилик пайтида ҳам. Йўқчиликка сабр қилиш осон. Аммо борчилик, тўқчиликка ҳамма ҳам сабр қила олмайди. Аслида эса, банда оғир пайтда бардош билан, неъмат етганида шукр ва яхшилик билан сабр қилиши керак. Ҳам енгил, ҳам оғир пайтларда:
«яхши амалларни қилганлар, ана ўшаларга мағфират ва катта ажр бор».
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, Аллоҳ мўмин банда учун нимани қазо қилса, ўша унинг учун яхши бўлади. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади, унга яхши бўлади. Агар унга хафачилик етса, сабр қилади, унга яхши бўлади. Бу фақат мўминлардагина бўлади», деганлар. Аммо одамларнинг кўплари бу ҳақиқатларни тушунмайдиганлар, дин йўлига юрмаганлар Пайғамбарлик моҳиятини ҳам англай олмайдилар. Шунинг учун бу ҳақда турли нотўғри тасаввурлар қиладилар.

Аллоҳ таоло яна:«Улар Роббилари юзини кўзлаб, сабр қиларлар», деган (Раъд, 22).
Яъни, ақл соҳиби бўлган бандалар Аллоҳнинг ризосини умид этиб, сабр қиладилар. Уларнинг сабрлари фақат Аллоҳнинг розилиги учун бўлади. Хўжакўрсинга, риё учун бўлмайди. Ўзига-ўзи мақтаниб юриш учун ҳам бўлмайди.

Сабр турли хил бўлади. Энг улуғи Иймон-Ислом талабларини бажариш йўлидаги қийинчиликларга сабр қилиш. Одамларнинг ноўрин тасарруфларига сабр қилиш. Етган мусибатлар ва неъматларга сабр қилиш ва ҳоказолар. Аллоҳ таоло яна:«Албатта, Биз сабр этганларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз», деган (Наҳл, 96).
Яъни, ахдига вафо қилиб, қасамига риоя этиш йўлидаги машаққатларга чидаб, сабр қилган одамларни энг яхши ажрлар билан мукофотлаймиз. Энг яхши амалига тегишли ажру савобимизни умумлаштириб, ҳамма ишларига берамиз.

Аллоҳ таоло: «Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва, албатта, у нафси синиқлардан 6ошқаларга жуда катта ишдир», дея Бақара сураси 45 оятда марҳамат қилган.
Ёрдам сўранг, деб таржима қилган ибора араб тилида «истаъийну» деб келган. Бу сўзнинг маъноси бир ишга уриниб туриб, яна қўшимча ёрдам сўрашни англатади. Демак, мусулмон киши ҳар бир ишга астойдил уринади ва шу уриниш билан бирга, Аллоҳдан ёрдам сўрайди. Сабр ҳам, кўпчилик хаёл қилганидек салбий маънода, яъни, нима бўлса ҳам сабр қиляпман, деб жим-ҳаракатсиз туриш эмас, балки Аллоҳнинг айтганини бажариш жараёнида дуч келадиган машаққатларни енгишдаги сабрдир.

Энг бош сабр ҳавои нафсни, роҳат-фароғатни, мансабни тарк қилиб, Аллоҳнинг айтганига юришга чидамдир. Намоз эса, бандани Аллоҳга боғлаб турувчи нарса бўлиб, инсон намоз орқали қувват, матонат, чидам ва бардошга эришади. Пайғамбар алайҳиссалом қачон бошларига қийин иш тушса, намоз ўқишга шошилар эдилар.

Аллоҳ таоло каломида: «Эй иймон келтирганлар! Сабр ва намоз ила мадад сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир», деган (Бақара, 153).
Ислом умматига Аллоҳ таоло улкан масъулиятни – бутун дунёни илоҳий йўлга даъват этишни юклаган. Бу жуда ҳам машаққатли иш. Бундай улкан масъулиятни адо этиш учун камида шундай улкан сабр керак бўлади. Шу боис Аллоҳ ушбу оятда мўмин бандаларини сабр-тоқатга чақирмоқда.

Қуръони Каримда сабрга даъват кўп такрорланади. Чунки Аллоҳга тоатда ҳам, гуноҳдан сақланиш, йўлдаги тўсиқларни енгиш учун ҳам, заифлик келиб қолганда ҳам, ҳавои нафсни жиловлаш учун ҳам сабр керак ва ҳоказо. Ўтган уламоларимиздан бирлари сабрни умумий тарзда учга бўлганлар: Биринчиси: Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан ва гуноҳлардан сақланишга сабр. Иккинчиси: тоат ва қурбат ҳосил қилиш учун сабр. Учинчиси: етадиган мусибат ва қийинчиликларга сабр.

Демак, мўмин-мусулмон банда мазкур қийинчиликларни енгиш учун катта микдордаги сабрга эга бўлиши керак. Аммо ҳамма нарсанинг чегараси бўлганидек, гоҳида сабр ҳам тугаши, сусайиши мумкин, бундай ҳолатда намоз ёрдамга келади. Намоз битмас-туганмас ёрдамчи, кучга куч, қувватга қувват бахш этувчи, қалбга мадад берувчи, сабрга сабр қўшувчи, сокинлик ва хотиржамлик манбаидир. У ожиз, заиф одамни қувват ва ёрдамнинг асл манбаи бўлмиш Аллоҳ таолога боғловчи воситадир. Шу боис Аллоҳ таоло қийинчилик ва машаққатлар остонасида турган Ислом умматини сабрга ва намозга чақирмоқда. Ва ортидан: «Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир», деб таъкидламоқда. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларидан бирида: «Мўминнинг иши ажойиб, Аллоҳ унга нимани қазо қилса ҳам, яхшилик бўлади. Хурсандлик етса, шукр қилади, яхши бўлади. Мусибат етса, сабр қилади, яхши бўлади», деганлар.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар 
ўрта махсус ислом билим юрти 
М. Саиджалолова

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here