Марҳабо, қутлуғ ой марҳабо!
Мана ҳаётимизга маъно ва мазмун бағишлаб, қалбимизга сайқал салоҳият бериб, дилларимиздаги ғиллу-ғашликларни ҳайдаб, вужудларимиздаги гуноҳ исён доғларини ювиб, яна Рамазон келаётир! Марҳабо, қутлуғ ой марҳабо!
Рамазонни узоқ соғиндик, ўн бир ой интизор кутдик. Ўтган йилнинг ортиданоқ, уйғонган эди бу соғинч. Тўғри орада уни бир оз унутдик, дунё ҳавасими-эй, турмуш ташвишларими-эй, бизни чалғитди. Лекин меҳрибон Парвардигор бугун бизни яна унга етказди.
Рамазоннинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, сўнги дўзахдан нажот. Яна унда минг ойдан яхшироқ кеча бор, қутлуғ ойнинг қутлуғ кечаси. Қиёматда бутун бошли асрлар у кечанинг пойида бош эгажак, тарозида тортиладиган минглаб ойлардан у оғир келажак. Ана шундай барокатли ой Рамазон!
Рамазон Парвардигорнинг бизга берган улуғ неъмати, жаннатни қозониб қолиш фурсати. Тан олишимиз керак, қалбимиз анчадан бери ғуборли, бир-биримизга нисбатан кибрли, узрли-узрсиз хатоларимиз кўп. Бу ҳолатда Парвардигорнинг ҳузурига риҳлат этишдан Ўзи сақласин. Асл моҳиятни яхши англашимиз керакки, Рамазон озиш, танани эпақага солиш, зиёфатхўрлик ёхуд яна шунга ўхшаш нарсалар ойи эмас. Балки у ибодатга шўнғийдиган, Аллоҳга яқинлашадиган, савобларни кўпайтирадиган, бир сўз билан айтганда, дўзахдан нажот топадиган ойдир.
Набий алайҳиссаллам минбарга кўтарилаётиб 3 марта “амийн” дедилар. Хутба тугагач, саҳобалар бунинг боисини сўрашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Жаброил алайҳиссалом келиб: “Ота онасининг ёки улардан биттасининг ҳаётлигида розилигини олиб, жаннатий бўлмаган киши хор бўлсин!” деган эди мен: “Амийн (Аллоҳим ижобат қил)”, — дедим. Сўнг “Рамазон ойида нафсини ислоҳ қилиб, Аллоҳга яхши банда бўлолмаган киши ҳам хор бўлсин!” деган эди тағин: “Амийн” — дедим.
Хуллас соғиниб кутганимиз Муборак Рамазон келди, Аллоҳ таоло кириб келаётган Рамазон ойини барча юртдошларимизга муборак қилсин! Ватанимизни тинч-омон қилсин!
Олтинсой туман “Миён Абдусаид”
жомеъ масжид имом хатиби: Ж.Назиров