Танувхий айтади: Бағдод шаҳрининг вазирларидан бири бир кампир аёлнинг мулкига тажовуз қилди, унинг нарсаларини тортиб олиб, мол-мулкини мусодара қилиб юборди. Кампир унинг жабр-зулмидан шикоят қилиб, вазир олдига йиғлаб борди. Вазирнинг пинагини ҳам бузмаганини кўрган кампирнинг жаҳли чиқиб: Мен сени дуоибад қиламан, деди. Вазир истеҳзо билан кулиб деди: «Тун охирида ҳам дуоибад қилиш эсингдан чиқмасин». У бу сўзларни жоҳиллиги ва мутакаббирлиги сабаб истеҳзо билан айтди. Кампир кетди, вазир айтганидек тун охирида ҳам уни дуоибад қилди. Ҳеч қанча вақт ўтмай вазир ишидан четлатилди, мол-давлати тортиб олинди, ер-мулклари олиб қўйилди. Кейин одамларга қилган зулмлари сабаб таъзирини бериш мақсадида бозор ўртасида қамчиланди. Кампир собиқ вазирнинг ёнидан ўтиб кетар экан, унга қараб: «Тўғри айтган экансан, сен айтган туннинг охирги қисми энг яхши пайт экан», деди.
Туннинг охирги вақти бизнинг ҳаётимизда энг қимматли, вақтларимизнинг энг нафисидир. Парвардигор айтади: «Сўровчи борми ижобат қиламан, истиғфор айтганни мағфират қиламан, дуоларни қабул қиламан».
Бир нечтамиз Абҳо шаҳридан Риёз шаҳрига учиш учун тайёрага ўтирдик. Ҳавога кўтарилганимиздан сўнг тайёрамизда техник носозлик юзага келганлиги сабаб Абҳо Аэропортига қайта қўнишлигимиз хабар қилинди. қайтдик. Имкон борича тайёрани тузатганларидан сўнг яна ҳавога кўтарилдик. Риёзга яқинлашганимизда тайёрамиз яна ўша носозлик сабаб ерга қўнишдан бош тортди ва бизларни Риёз осмонида тўла бир соат айлантирди. Неча марталаб ерга қўнишга ҳаракат қилиб, имкон қила олмади. Яна ҳавога кўтарилдик. Бу пайтда бизларни хавотир ўраб олган, аёллар йиғиси кўпая бошлаган, кўзёшлар ёноқларга тушган эди. Бизлар ер билан осмон ўртасида кўз очиб юмишдан ҳам яқин турган ўлимни кутар эдик. Шунда мен барча нарсани эслаб, солиҳ амал каби эслашга арзигулик нарсани топмадим. қалб Аллоҳ азза ва жаллага, Охират томонга отланар эди. Дунё кўзимизга арзон, бемаза бўлиб кўрина бошлаган эди. Бизлар дунёдан юз ўгирган эдик. Барчамиз шу сўзларни тилу дилимизда содиқ овоз билан такрорлар эдик: Шериги бўлмаган Ёлғиз зотдан ўзга илоҳ йўқдир. Мулк ҳам ҳамд ҳам Уникидир. У барча нарсага қодирдир.
Ёши улуғ бир оқсоқол ўрнидан туриб Аллоҳга илтижо қилинглар, Унга дуо қилинглар, Ундан мағфират сўранглар, деб барчамизга хитоб қилди. Аллоҳ таоло бундай инсонлар ҳақида Ўз оятида айтади: «қачон улар кемага минсалар, (ғарқ бўлишдан қўрқиб) Аллоҳга, У Зот учун динни холис қилган ҳолларида (яъни, чин ихлос билан) дуо-илтижо қилурлар». (Анкабут сураси 65-оят).
Музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган Зотга дуолар қилдик, ҳеч қанча ўтмай ўн бир ё ўн иккинчи уринишда саломат ерга қўндик. Ерга қўнар эканмиз гўё қабрлардан қайтиб чиққандек эдик. Кўнгиллар ўз жойига келган, кўзёшлар қуриган, юзларда табассум кўрина бошлаган эди. Аллоҳнинг Лутфи қанчалар буюк.
«қасийм» жаридаси мана бу воқеани ҳикоя қилади:
Бир ёш йигит сафар қилмоқчи бўлиб, онасига тайёра фалон соатда жўнашини, ўша вақтда уни уйғотиб қўйишини айтиб, ухлашга ётди. Онаизор эса об-ҳаво маълумотларидан бугун шамол туришини, ҳаво булутли эканлигини эшитган сабаб (У ерларда қумли бўронлар бўлар эди) ўғлини бундай ҳавода сафарга чиқишини истамаган, ёлғиз фарзандига раҳми келган она ўғлини уйғотмади, фавқулодда ҳодиса бўлишидан қўрқди, чунки бундай ҳавода сафар қилиб бўлмас эди. Сафар вақти ўтиб, тайёра учиб кетганига ишонч ҳосил қилгач, ўғлини уйғотиш учун ёнига борди ва уни ўз тўшагида ўлган ҳолатда топди. «Айтинг: «Сизлар қочаётган бу ўлим албатта сизларга йўлиққувчидир. Сўнгра сизлар ғайбу шаҳодатни (яъни, барча яширин ва ошкора нарса-амалларни) Билгувчи (Аллоҳ)га қайтарилурсизлар. Бас, У Зот сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур!». (Жумъа сураси, 8-оят).
Шўрчи тумани Толли ота жоме масжиди имом хатиби Х. Рашидов