Фарзанд – Аллоҳнинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлари ичидаги улуғ бир неъматдир. У дунё ҳаётининг зийнатидир
Аллоҳ таоло айтадики: «Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир…». Фарзанд қалб райхонаси, гулидир. Ёшлик чоғларида уларни эркалаб кўнглимиз ҳузур қилади. Катта бўлганларида ёрдамларидан баҳраманд бўламиз. Вафот этганимиздан кейин эса уларнинг сайъ-ҳаракатлари туфайли номаъи аъмолимиздаги савобларимиз зиёда бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:
“Албатта, фарзандларингиз Аллоҳнинг сизларга берган ҳадясидир. “У зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур. (шуро сураси 49-оят.) Фарзанд бизларга берилган ҳадя экан, омонат экан. Бу неъматнинг қадрига етмоғимиз вожибдир. Фарзанд берилган хонадон албатта, баракага тўла бўлади. Чунки Пайғамбаримиз с.а.в. ўзларининг жиянларига шундай дедилар:
“Эй Абдуллоҳ ибн Аббос, боласи йўқ уйнинг баракаси ҳам бўлмайди”
Бола хоҳ қиз бўлсин, хоҳ ўғил бўлсин Аллоҳнинг ҳадясидир. Шунинг учун қайси биримизга фарзанд инъом қилинган бўлса, унга ношукрлик қилмасдан қадрига етиб шукрини адо этайлик. Мусулмон кишининг фарзанд кўришлиги, албатта бу умматнинг кўпайишига сабабдир, дунёда бир мусулмоннинг кўпайишига сабабчидир. Шунинг учун қайси бир хонадонга фарзанд туғилса, унга мол-мулкка қарагандек эмас ёки менинг пушту камаримдан бўлган бир арзимас нарса демасдан, балки Аллоҳнинг бир буюк бандаси, Расулуллоҳ с.а.в.нинг умматларидан бир уммат деб диққату эътибор билан назар қилмоғи лозим. Мана шундай назару диққат билан Ислом динимиз фарзанд тарбиясига эътибор беришини қуйидаги ҳадислардан билиб оламиз: “Ҳеч бир ота-она фарзандига гўзал тарбиядан ортиқроқ нарса бера олмайди”.
“Фарзанднинг отадаги ҳаққи:ота боласига чиройли исм қўйиши, ўқиш ва ёзишни ўргатиши, болағатга етса уйлантириши ва ҳалолдан едириши”.
“Эрта қиёматда сизлар исмларингиз ва оталарингизнинг исми билан чақириласизлар, шунинг учун исмларингизни чиройли қилинглар”.
“Бирор киши фарзандига чиройли одоб бериши афзалроқдир, ҳар куни мискинларга яримта нон садақа қилганидан кўра”.
Кўпинча болаларда таомга очкўзлик билан ташланиш туйғуси ғолиб бўлади. Бунда тарбия таом ейиш одобидан таълим бериш билан бошланади. Масалан, таомни ўнг қўлда ейиш, «бисмиллоҳ» билан бошлаш, катталардан олдин лаганга кўл чўзмаслик ва таомни фақат ўзининг олдидан олиш, еяётган кишининг оғзига қарайвермаслик, шошмасдан яхшилаб чайнаб ейиш, луқмани оғзига кетма-кет тиқавермаслик, таом юқини кийимига артмаслик, баъзан зиравор ёки ширинликларсиз қуруқ ноннинг ўзини ейишга одатланиш.
Қачонки болада чиройли хулқ, мақтовга арзигулик бир феъл содир бўлса, уни ҳурмат билан шарафламоқ, кўнглини қувонтирадиган нарса билан тақдирламоқ, кўпчилик орасида бу феълини изҳор этмоқ зарур. Баъзи ҳолатларда бир марта бу феълига хилоф иш қилиб қўйса, уни кўрмаганга олиш фойдалироқ. Айниқса, бола бу ишини яширишга ҳаракат қилса. Чунки, бола бундай ҳолда айбидан ортикроқ жазога тортилиб қолса, жазо акс таъсир этиши, айбининг очилиб қолишига ўрганиб, хатога журъатли бўлиб қолиши мумкин. Пайғамбаримиз (с.а.в) Муоз ибн Жабал (р.а) га насиҳат қилиб:“Топганингдан аҳлингга едир ва асоингни аҳлинг бошига кўтарма ва уларни ўзингдан эмас балки Худодан қўрқит”, дедилар. Яна бир ҳадисда эса:“Болаларингизни ҳурмат қилинглар ва одобларини гўзаллаштиринглар”, дедилар.
Тарбиянинг энг мураккаб даври ўсмирлик давридир. Бола энди мустақил ҳаракат қила бошлаган, ҳаётга ўз назари билан баҳо беришга киришаётган, доимий эшитиб юргани ота-онанинг сўзидан кўра ўзгаларнинг, янги танишларнинг фикрлари жозибалироқ кўринаётган пайтда унга эҳтиёт бўлиб муомала қилмоқ керак. Али (р.а) дедилар: “Фарзандларингизни ўз замонларига мос илм беринглар, ўзларингиз яшаган илгариги замонга мослаб эмас. Чунки улар сизларнинг замонларингизга яшамайдилар, балки ўз замонларини яшайдилар”. Бас, шундай экан биз фарзандларимиз тарбиясини гўзал қилайлик, уларга замонамизга хос бўлган янги илмларни ҳам ўргатиб борайлик.
С.Азимов
Денов тумани Имом Бухорий жомеъ масжиди имом ноиби