«Таҳрим» сурасининг 6 оятида: «Эй мўминлар! Сизлар ўзларингизни ва аҳли оилангизни ўтини одамлар ва тошлардан бўлган дўзах оловидан асрангиз!» деб марҳамат қилинди. Яъни бу ояти карима ҳукмига кўра ҳар бир ота-она ўзларини ва оила аъзоларини дўзахга олиб борувчи гуноҳ ишлардан сақламоғи лозим. Ҳар бир ота она бу гуноҳларни аввало ўзлари билмоғи ва фарзандларига ўргатмоғи лозим.

Динимиз бешикдан қабргача фойдали илм ўрганишга буюради. Инсон илм олиб, ўз билимларини мустаҳкамлаб бормас экан бақувват ва эгилмас дарахтга айланолмай, нимжон, ожиз ниҳол каби қолиб кетади.

Бу масъулиятли ишнинг бошида ота-оналар туради. Расулуллоҳ (сав): «Ҳар бир фарзанд аслида исломий фитрат билан туғилади, сўнгра ота-оналарининг таъсири билан яҳудий ва насроний ёки мажусий бўлиб етишади» дея марҳамат қилганлар. 7 ёшгача болада «гўдаклик» даври ҳукм суради. Бу даврда ота-она боланинг саломатлиги учун масъулдир. Уни кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқа барча зарурий нарсалар билан таъминлайди. Болага асл тарбия 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган «болалик» даврида берилади. Одоб ахлоққа пойдевор ҳам шу даврда ҳозирланади. Бола бу босқичда тақлидчи бўлади, ота-онасидан атрофдагилардан ўрнак олишга интилади, уларга тақлид қилади. Бу давр боланинг балоғатга қадам қўйиш даври бўлгани учун улар билан муомалада эҳтиёткорлик зарур. 14 ёшдан сўнг болада «ёшлик» босқичи бошланади. Бу даврда боланинг вужуди камол топади, тани куч-қувватга толади. Агар олдинги босқичда бола қалбига Аллоҳга юксак ишонч –севги, унинг қаҳрига қолишдан қўрқув ҳисси чуқур сингдирилган бўлса, ушбу босқичда фарзанд етук иймон эгаси бўлиб етишади.

Ота-она бу давргача фарзандлар тарбиясига беэтибор бўлган бўлса фарзандлар ҳеч қандай гуноҳ маъсият ишлардан тап тортмайдиган ота-онасини юзини ерга қаратадиган бадхулқ фарзанд бўлиб етишади. Ота-она фарзандларини асло дуоибад қилмасин қарғамасин. Чунки уларнинг хайрли дуолари каби, қарғишлари ҳам тез ижобат бўлади.

Бир киши Абдуллоҳ ибни Муборак (ра) нинг ҳузурларига келиб, ўғлининг беодоб ва бадкирдорлигидан шикоят қилди. Абдуллоҳ ибни Муборак сўрадилар: «Уни дуоибад қилганмидинг?» У киши тасдиқлаб, бош силкиди. Шунда ҳазрат: “Сен ўзинг уни бузиб қўйибсан “, деб у кишини маломат қилдилар. Ота-онанинг насиҳати, таълиму тарбияси фарзандга таъсир қилмоқ учун, аввало, ўзи ҳам солиҳ бўлмоғи лозим.

Шўрчи тумани «Абу Бакр Сиддиқ» жоме масжиди имом хатиби Р.Вахобов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here