Динимизда бировни муболаға билан мақташдан қайтарилади. Шунингдек, ўзини ўзи олқишлаш, қилган иши билан манмансираш нотўғри экани таъкидланади. Зеро, буям қалб касалликларидан биридир. Қуръон бу иллатни ҳам муолажа қилади.
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай хитоб қилган: “(Эй Муҳаммад,) ўзларини пок қилиб кўрсатаѐтган кимсаларни кўрмадингизми? Йўқ, фақат Аллоҳ Ўзи хоҳлаган зотларни поклайди. Уларга қилчалик зулм қилинмайди” (Нисо сураси, 49-оят).
Ҳасандан ривоят қилинишича, бу оят “Биз Аллоҳнинг болаларимиз, суйганларимиз”,
“Жаннатга фақат яҳудий ѐки насронийлар киради” деган кимсалар ҳақида нозил бўлган . Ривоят қилинишича, яҳудийлар намозда болаларини олдинга ўтказишар, “Уларнинг гуноҳи йўқ. Фарзандларимиз бизни Аллоҳга яқинлаштиради, шафоат қилади, кундузи қилган гуноҳларимиз кечаси мағфират этилади”, деб ўзларини покдомон кўрсатишарди.
Бу оят яҳудий, насронийлар ҳақида тушган бўлса ҳам, кўп тоат-ибодат қилиши билан, тақвоси билан ўзини мақтайдиган ҳар қандай кимсага тегишлидир.
Яҳудий ва насронийларнинг юқорида келтирилган гапи қуруқ даъводан бошқа нарса эмас. Зеро, уларнинг биронта ҳужжат йўқ. Аслида бу борада Каломи мажидда очиқ-ойдин далил келган. Аллоҳ айтади: “Йўқ, ким чиройли амаллар қилган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, унинг учун Парвардигори ҳузурида ажр бор, улар учун хавф-хатар йўқ, улар ғамгин бўлмайдилар” (Бақара сураси, 112-оят).
Жаннатга кириш учун яҳудий ѐки насроний эмас, мусулмон бўлиш керак, Аллоҳга тўлиқ бўйсуниш, У Зот айтганларини қилиб, қайтарганларидан тийилиш лозим. Жаннатга киришнинг асосий шарти шу. “Мен зўрман”, “Тақводорман”, деган билан одам муттақий бўлиб қолмайди. Аллоҳ Ўзи истаган бандасини имон билан, солиҳ амаллар билан поклайди, гуноҳларини кечиради. Бошқа оятда шундай дейилган: “Улар (яъни, жаннатга сазовор бўладиганлар) кичик хатолардан бошқа катта гуноҳлардан, бузуқликлардан йироқ бўладиган зотлардир. Албатта Парвардигорингиз мағфирати кенг Зотдир. Унинг Ўзи сизларни (яъни, оталарингиз Одамни) ердан – тупроқдан пайдо қилган пайтиданоқ, сизлар оналарингиз қорнида ҳомила бўлган пайтингизданоқ жуда яхши Билувчидир. Шундай экан, сизлар ўзларингизни покламай қўя қолинглар! Унинг Ўзи тақводор кишиларни яхши Билувчидир” (Нажм сураси, 32-оят).
Ривоят қилинишича, бир гуруҳ одамлар чиройли амалларни қилиб, кейин “Намозимиз, рўзамиз, ҳажимиз!” деб ўзларига юқори баҳо беришганида, мана шу оят нозил бўлган.
Жаннатий инсонлар катта гуноҳлардан, бузуқ ишлардан йироқ юрадилар. Агар ожизлик қилиб “кичик” гуноҳларга қўл уришса, Аллоҳ фазли ила кечириб юборади. Бандалар нима иш қилаѐтганларини Аллоҳ кўриб туради. Шунинг учун ожиз банда ўзини мақтамасин, амали билан керилмасин, “Менинг амалим кўп, гуноҳим йўқ”, демасин. Зеро, ким тақводор, ким фожир эканини Ёлғиз Аллоҳ билади. Тақво қалбда бўлади. Қалб сирлари Аллоҳдан ўзга ҳеч кимга маълум эмас.
Шундай экан, “Мен тақводорман”, деб айтиш маъқул эмас.
Айрим одамларни яхшиликка буюрсангиз, ѐмонликдан қайтарсангиз, “Имон қалбда бўлади” ѐки “Менинг қалбим тоза”, деб айтади. Тўғри, имон ҳам, тақво ҳам қалбда бўлади. Бироқ имон қалбда мустаҳкам қарор топганининг тасдиғи амал қилишдир. Аллоҳга, охират кунига ишонган банда солиҳ амалларни холис ният билан бажаради, гуноҳлардан тийилади. Имон қалбда бўлади, деб туриб гуноҳлардан тап тортмаса, шариат талаб этган амалларни қилмаса, унинг гапи ѐлғон бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу ҳадисларига эътибор берайлик: “Огоҳ бўлинглар! Инсон танасида бир парча эт бор. Агар у тузалса, (одамнинг) бутун танаси тузалади. Агар бузилса, тананинг ҳамма аъзоси бузилади. Огоҳ бўлинглар, у қалбдир”.
Агар қалб ҳақиқатан тоза бўлса, аъзолар иши ҳам тоза бўлади. Қалби пок инсоннинг қилган ҳар битта амали шариатга мувофиқ бўлади. Банданинг амаллари Аллоҳнинг, Расулининг амрига зидми, демак, унинг қалби тоза эмас экан. Чунки инсон сирти бузилгани ичида қандайдир иллат борлигини кўрсатади.
Хуллас, банда қанча амал қилса ҳам, замонасининг энг тақводори бўлиб кетса ҳам, қилган ишларини одамларга айтиб мақтаниши тўғри эмас. Инсон камтар бўлса, Аллоҳ наздида ҳам, одамлар наздида ҳам обрў-эътибори ошиб боради. Озроқ амал қилиб қўйиб кериладиган риѐкор, мақтанчоқ кимсалар савобдан қуруқ қоладилар, ҳеч қандай қадр-қиймат топа олмайдилар.
Ангор тумани бош имом хатиби Э.Гулмуродов