Ислом динининг моҳияти, унинг инсон ҳаётидаги ўрни ана шу дин бағридан етишиб чиққан улуғ мутафаккир шайхлар, азиз авлиёларнинг поклик ва камолот сари етакловчи қарашлари, уларнинг ибратли хислатларини чуқур тадқиқ этиш, аждодлар руҳига ҳурмат ва эҳтиромни давом эттириш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шундай улуғ мутафаккирлардан бири Алишер Навоийнинг “Насойимул-муҳаббат мин шамойимул-футувват” асари муқаддима ва 770 та шайх (35 таси авлиё аёллар)нинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган.

“Насойимул-муҳаббат” Абдурраҳмон Жомийнинг “Нафаҳотул-унс мин ҳазарот ил-қудс” тазқирасининг таржимасидир. Лекин Навоий Жомий асарига эркин ва ижодий муносабатда бўлиб, унинг асаридаги маълумотларни тўлдириб ва баъзисини қисқартириб 618 та шайхлар сонини 770 та (35 таси авлиё аёллар)га етказади.

“Насойимул-муҳаббат”да бир неча шайхлар ҳақида берилган маълумотларда Соҳибқирон Амир Темурга боғлиқ қизиқарли воқеалар учрайди.

Навоий “Насойимул-муҳаббат” асарида Соҳибқирон Амир Темурни Эронга қўшин тортиб борган йили, яъни 1381 йил баҳор ойларида шайх Бобо Сунгу зиёратига борганини қуйидагича тасвирлайди: “Замон мажзубларидин эрмиш. Андхуд қасабасида бўдур эрмиш. Соҳиби ботин киши эрмиш. Рамзларин билганлар натижа топар эрмиш. Темурбек Хуросон мулки азиматиға юруганда Андхудқа етганда машҳурдурки, Бобо хидматиға борғандур.  Ўлтурғондин сўнгра Бобо ила мида бир суфрада яхна эт эркандур. Қўйнинг яхна тўшин олиб, Темурбек сари отибдур. Темурбек ғояти ақлу закосидин дебдурки, Хуросонни ер юзининг кўкси дебдурлар. Ани Бобо бизга ҳавола қилди, деб бу башорат била юруб, Хуросон мулкини олибдур”.

Шайхнинг ботиний саволига, назарига, қувватига Амир Темур сидқ ва ихлос, ақл ва фаҳм-фаросат билан англаганликлари ва жавоб берганликлари баён қилинган.

“Насойимул-муҳаббат”да Соҳибқирон Амир Темурни Бобо Хокий қ.с. ва Хожа Боязид а.р. каби шайхлар билан учрашган ва суҳбатлашганлари зикр қилинади.

Бобо Хокий қ.с:

-Турк элидиндур. Сипоҳи эрмиш. Тимурбек била Рум ва Шом черикига борғондур. Ондин қайтиб келганда, сипоҳилиғ машаққатидин, чунториққон эркандур, тарк қилиб, фақр ихтиёр қилибдур.

Хожа Боязид а. р:

– Атонинг яқин авлодидиндур. Темурбек онинг суҳбатиға келибдур ва келурда кўнглида кечурубдурки, бу эрнинг маъно оламидин хабари бўлса, бизга иссиқ ҳалво тортқой.

Ул муридларға ҳалвони худ буюрғон экандур. Бек била саломлашиб кўришгондин сўнгра дебдурки (аввал салом, ўртаси таом ва охири калом!) Филҳол ҳалвони торттурубдур. Бекка бу ҳол зоҳир бўлғач, мурид бўлиб лангар ясаб, кўп авқоф қилибдур.

Навоий ҳазратлари Соҳибқирон ҳақларида завқланиб, самимийлик билан мардлик, соддалик, закийлик, ҳар қандай тасодифий ҳолатлар ва ҳар ишни тадбиркорлик билан қилишларини тасвирлаб берган.

Навоий асарда шайхларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётда ўз ўрни бўлганлигини фасоҳат-балоғат билан ёритиб берган. Амир Темур ва замонасининг ҳукмдорлари ҳам шайх ва уламоларнинг маслаҳат ва дуоларни олишган, шунинг учун Амир Темур, Ҳусайн Бойқаро, Бобур каби ҳукмдорлар халқ орасида ката обрў-эътиборга эга бўлган.

Бу асар миллий-диний қадриятларимиз ва тарихимизни ўрганишда маърифий ва ахлоқий аҳамиятга эга. Айниқса, Имом Аъзам, Имом Мотуридий, Аҳмад Яссавий, Ҳаким Термизий, Баҳоуддин Нақшбандлар каби ақида ва тасаввуф уламоларимиз ҳақида қимматли маълумотларга эга бўламиз.

Мовароуннаҳр ва Хуросон валийлари меросини ўрганиш, уларнинг тасаввуфий-ахлоқий қарашларини тадқиқ этиш инсон руҳий камолоти учун зарур ғоя. Валийлар ҳаётини ўрганмасдан туриб, исломнинг маънавий-маърифий аҳамиятини англаб, сўфиёна адабиётларнинг ғоявий мазмун-моҳиятини тушуниб бўлмайди.

Шунингдек, ёшларга тасаввуфнинг асл мазмун-моҳиятини тўғри етказиш, уларни турли диний оқимлар таъсиридан сақлаш ҳамда миллий ғояни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эгадир.

Пискент туман бош имом-хатиби

Зайнилобиддинхон Қудратов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here