«Динни илм билан асра».

Абу Мансур Мотуридий

Маълумки, 2020 йил 3-5март кунлари Самарқанд шаҳрида буюк ватандошимиз калом илми равнақига улкан ҳисса қўшган Абу Мансур Мотуридийнинг илмий меросини чуқур ўрганиш Мотуридийлик таълимотининг мусулмон уммати ҳамжиҳатлигини таъминлашга қўшган ҳиссасини очиб бериш ҳамда Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси маркази сифатидаги мақомини кенг тарғиб этиш мақсадида «Имом Абу Мансур Мотуридий ва Мотуридия таълимотини: ўтмиш ва бугун»мавзусида халқаро конференция ўтказилади. Конференция Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро Ислом Академияси ва Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси ҳамкорлигида ташкил этилади.

Анжуман доирасида Мовароуннаҳрда калом илмининг ривожланиши Абу Мансур Мотуридий ҳаёт йўли ва унинг асарларида кўтарилган мавзулар таҳлили ҳамда сўнги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар кенг муҳокама қилинади.

Ушбу конференция муносабати билан 1 март куни Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган «Hilol nashr» нашриёт-матбаасига ақоид (калом), мантиқ ва усулул-фиқҳ илмлари соҳасидаги етук олим, шайх Саъид ибн Абдуллатиф Фуда ташриф буюрдилар.

Замонамизнинг етук олими шайх Саъид ибн Абдуллатиф Фуда  даставвал «Hilol nashr» савдо дўкони фаолияти билан яқиндан танишдилар.

«Hilol nashr» нашриёт-матбааси раҳбари,  «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жоме масжиди имом хатиби Исмоил Муҳаммад Содиқ шайх Саъид Абдуллатиф Фудани кутиб олдилар. Сўнгра фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг ҳаётлари ва илмий мерослари, таълиф ва таржима асарлари билан яқиндан таништирдилар.

Савдо дўконидан сўнг усулул-фиқҳнинг етук олим, шайх Саъид Абдуллатиф Фуда ҳафизаҳуллоҳ «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» мажмуасига ташриф буюрдилар. Азиз меҳмон масжидда аср намозини жамоат билан адо қилдилар. Намоздан кейин юртимиз меҳмони шайх Фуда ушбу масжид кутубхонаси, мажмуанинг конференц зали ва бу ердаги қулайликларни кўриб динимизга бўлаётган эътибордан мамнун бўлдилар.

Ташриф якунида юртимизнинг азиз меҳмони хайрли дуолар қилдилар.

Маълумот ўрнида шуни қайд этиш керакки, шайх Фуда салаф солиҳлар авлоди, тафсир, усул, балоғат ва сарф илмларининг билимдони, муҳаққиқ олим шайх Иброҳим Халифа билан ҳам доимий алоқада бўлиб келадилар. Шайх Иброҳим Халифа бугунги кунда ҳам шайх Саъид Фуданинг устозларидан бири саналади. Айнан шу зот шайх Фуда ҳазратларига Аҳли сунна манҳажида тойилган аҳли бидъатларга раддия бериш борасида кўрсатма берганлар. Шайх Иброҳим Халифа шогирди шайх Фудага кўп илмлардан, жумладан, тафсир, ҳадис, тавҳид, усул, мантиқ ва балоғат илмларидан ижоза берганлар. Таъкидлаш жоизки, шайх Иброҳим Халифа бунгача ҳеч кимга бундай ижозалар бермаганлар.

 Қолаверса, Шайх Саъид Фуда устози шайх Анбатовийнинг раҳбарликлари остида Варш қироати асосларини ҳам ўрганганлар.

Islom.uz портали таҳририяти

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here