Маълумки, бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам коронавирус касаллиги авж олмоқда. Ҳозир инсоният оғир синовли даврни бошидан кечирмоқда. Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Лекин, бутун жаҳонда бўлгани каби юртимизда ҳам пандемия билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда.
Шу боис, шаръий далил ва ҳужжатлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши карантин шароитида Қурбон ҳайитини нишонлаш бўйича қуйидаги тавсияларини эълон қилади:
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши Ислом дини манбалари, Республика махсус комиссияси хулосалари ва тиббиёт мутахассислари тавсияларига таянган ҳолда 2020 йилги пандемия шароитида Қурбон ҳайити – Ийдул адҳа намозини ўқиш мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўлишини маълум қилади.
Қурбон ҳайити куни имкони бор юртдошларимиз бомдод намозини ўқиб, қуёш чиққандан кейин қурбонлик қилишлари тавсия этилади. Қурбонлик гўшти учга тақсимланиб, бир қисми – яқин қариндошларга, яна бир қисми – камбағал ва муҳтожларга тарқатиш, қолганини – оила аҳлига олиб қолиш мустаҳабдир. Ҳаммасини фақирларга берса ёки оилада кўпчилик бўлса, уйда қолдирса ҳам бўлади.
Бу йилги Қурбон ҳайити карантин шароитида нишонланаётгани инобатга олиб, одамлар жамланишига сабаб бўладиган урф-одатларни ташкил этмаслик, уйма-уй юриб, турли хил азахонликлар, маърака-маросимларни ўтказмаслик ва қабристонлар зиёратидан сақланишни сўраймиз. Хонадонда, оила-аъзолари билан бирга Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, ўтганларимиз руҳи покларига бахшида этишни тавсия этамиз.
Демак, коронавирус пандемияси сабаб карантин ҳолатида ҳайит намози ўқилмаётгани учун юртдошларимиз қурбонликни ҳайит куни бомдод намозини ўқиганларидан сўнг, қуёш чиққандан кейин қурбонлик қилишлари мумкин бўлади. Қурбонлик қилиш ҳайитнинг учинчи кунига қадар давом этади.
Биз имом-хатиблар томонидан бугунги пандемия шароитидан келиб чиқиб, Қурбон ҳайити хонадонларимизга қувонч, юртимизга файзу барака кириши, бир-биримизга бўлган меҳр-оқибатимизни янада зиёда бўлишига сабаб экани тўғрисидаги тарғибот ишлари амалга ошириб халқимизни огоҳлантиряпмиз, бу тарғибот ишларда тўхтамаймиз.
Азиз юртдошлар, Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу кунларда, қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда дуо қилайлик. Халқимизни, жонажон Ватанимизни офату кулфатлардан,ҳусасан каронавирус касалликни кўтаришлик, балою қазолардан Ўзи сақлаб, ҳаётимизни бундан-да фаровон қилсин.Сиз азиз юртдошларимиздан белгиланган карантин қоидаларига қатъий амал қилишингизни, уйда қолишлик,зарурият билан кўчага чиққан оила аъзоларимиз карантин қоидаларига амал қилишса, ўзингиз ва яқинларингизни эҳтиёт қилган бўласиз.
Фурсатдан фойдаланиб, сиз азизларни яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этамиз.
Толибжон ШАРИПОВ,
Наманган вилояти Чортоқ тумани
“Зайб ибн Хориса” жоме масжиди имом-хатиби