Улул-азм пайғамбарлар

(12.05.2017 й. Жума мавъизаси)

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат!  Бугунги жума суҳбатимиз улул-азм, яъни матонатли  пайғамбарлар ҳақида бўлади. Шунинг учун аввало пайғамбарлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни лозим деб биламиз. Биз араб тилидаги “расул” ва “набий” сўзларини она тилимизда “пайғамбар” деб ишлатамиз. Аслида, араб тилидаги “расул” ва “набий” сўзларининг ўртасида бироз фарқ бор.

Расул сўзи “рисолатун” сўзидан олинган бўлиб, луғатда “элчи”, “вакил” ва шу каби маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда эса “Аллоҳ таолодан илоҳий китоб нозил қилинган пайғамбар – расул деб аталади”.

Набий сўзи “набаун” сўзидан олинган бўлиб, луғатда “хабар” маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса “Аллоҳ таолодан илоҳий китоб нозил қилинмаган балки ўзидан олдинги китоб тушган пайғамбарнинг таълимотини давом эттирувчи пайғамбар  – набий деб аталади”.

Хулоса шуки, барча расуллар набий ҳисобланади, лекин барча набийлар расул ҳисобланмайди.

Пайғамбарларнинг адади қанча бўлгани маълум эмас. Аммо баъзи китобларда уларнинг адади бир юз йигирма мингдан ортиқ, қарийб бир юз йигирма тўрт минг экани зикр қилинган. Қуръони каримда йигирма бешта пайғамбар зикр қилинган бўлиб, уларнинг барчалари расул бўлишган.

Муҳтарам  намозхонлар! Пайғамбарларни Аллоҳ таоло танлаб олади. Шунга кўра, пайғамбаликка ўқиб-ўрганиш ҳамда малака ҳосил қилиш билан эришиб бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

اللَّهُ يَصْطَفِي مِنَ الْمَلَائِكَةِ رُسُلًا وَمِنَ النَّاسِ إِنَّ اللَّهَ سَمِيعٌ بَصِيرٌ

яъни, “Аллоҳ элчиларни фаришталардан танлайди, инсонлардан ҳам. Дарҳақиқат, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир!” (Ҳаж сураси, 75-оят)

Биз бандалар барча пайғамбарларга иймон келтиришга буюрилганмиз. Пайғамбарларнинг барчаси маъсумдир.

Пайғамбарларни юборишдан асосий мақсад инсонларга Аллоҳ таолони танитиш ва Унга ибодат қилишга чақиришдир. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

وَمَا أَرْسَلْنَا مِنْ قَبْلِكَ مِنْ رَسُولٍ إِلَّا نُوحِي إِلَيْهِ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنَا فَاعْبُدُونِ

 яъни, (Эй, Муҳаммад!) Сиздан илгари Биз юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Мендан ўзга илоҳ йўқ, бас, Менга ибодат қилингиз!» – деб ваҳий юборгандирмиз. (Анбиё сураси, 25-оят)

Пайғамбарларни юборишдан яна бир мақсад Аллоҳ таолонинг буйруқлари ва қайтариқларини етказишдир:

الَّذِينَ يُبَلِّغُونَ رِسَالَاتِ اللَّهِ وَيَخْشَوْنَهُ وَلَا يَخْشَوْنَ أَحَدًا إِلَّا اللَّهَ وَكَفَى بِاللَّهِ حَسِيبًا

яъни, Улар (ўтган пайғамбарлар) Аллоҳнинг фармонларини (бандаларга) етказадиган, Ундан қўрқиб, Аллоҳдан ўзгадан қўрқмайдиган зотлардир. Аллоҳнинг ўзи (бандаларининг амалларига нисбатан) етарли ҳисобдондир. (Аҳзоб сураси, 39-оят)

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло юборган пайғамбарларнинг баъзилари улул-азм пайғамбарлар дейилади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган:

فَاصْبِرْ كَمَا صَبَرَ أُولُو الْعَزْمِ مِنَ الرُّسُلِ

яъни, “Бас, (эй, Муҳаммад!) Сиз ҳам матонатли пайғамбарлар сабр қилганларидек сабр қилинг”. (Аҳқоф сураси, 35-оят)

Ушбу оятдаги улул-азм, яъни матонатли пайғамбарлар кимлар экани ва уларнинг сонлари нечта экани ҳақида баъзи уламолар уларнинг барчаси улул-азм бўлишган десалар, баъзилари эса улардан маълум сонлиларигина улул-азм бўлишган дейдилар. Бу борада энг машҳур фикр улул-азм пайғамбарлар бешта эканидир. Улар Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо ва Муҳаммад алайҳиссаломлардир. Улул-азм дейилишидан мурод – улар собит қадам, жидду-жаҳд ва сабр тоқат соҳиблари эканидир. Аслида, барча пайғамбарлар мазкур сифатлар билан сифатланишган бўлишса-да, лекин айнан мазкур бешта пайғамбарлар ушбу сифатларга хосланганига сабаб, улар катта шариат соҳиблари бўлишгани ҳамда бу шариатларини ўрнатишларида кўплаб машаққат ва қаршиликларга дуч келиб, уларни енгиб ўтишда сабр-матонатли бўлишганидир. Шунга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга буюриб,“улар каби сабр қилинг”, деб намуна қилингани тўртта бўлади. Яъни, Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Исо алайҳиссаломлардир.

Нуҳ алайҳиссалом узоқ муддат қавмини Аллоҳ таолога ибодат қилишга чақирди. Ана шу узоқ муддат давомида қанчадан-қанча қаршиликларга дуч келган бўлса ҳам, имон келтирганлар жуда ҳам оз бўлса ҳам, сабр-матонат ила Аллоҳнинг буйруғини давом эттирди. У зотнинг пайғамбарлик даврининг ўзи тўққиз юз эллик йил давом этган. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳмат қилган:

وَلَقَدْ أَرْسَلْنَا نُوحًا إِلَى قَوْمِهِ فَلَبِثَ فِيهِمْ أَلْفَ سَنَةٍ إِلَّا خَمْسِينَ عَامًا فَأَخَذَهُمُ الطُّوفَانُ وَهُمْ ظَالِمُونَ

яъни, “Биз Нуҳни ўз қавмига (пайғамбар қилиб) юбордик. Бас, у уларнинг орасида эллик йили кам минг йил турди*. Бас, уларни золим (кофир) бўлган ҳолларида тўфон (балоси) тутди”. (Анкабут сураси, 14-оят).

Нуҳ алайҳиссалом умидни узмасдан, қавмига турли усуллар билан даъват қилди. Бу ҳақда шундай дейилган:

قَالَ رَبِّ إِنِّي دَعَوْتُ قَوْمِي لَيْلًا وَنَهَارًا فَلَمْ يَزِدْهُمْ دُعَائِي إِلَّا فِرَارًا  وَإِنِّي كُلَّمَا دَعَوْتُهُمْ لِتَغْفِرَ لَهُمْ جَعَلُوا أَصَابِعَهُمْ فِي آَذَانِهِمْ وَاسْتَغْشَوْا ثِيَابَهُمْ وَأَصَرُّوا وَاسْتَكْبَرُوا اسْتِكْبَارًا ثُمَّ إِنِّي دَعَوْتُهُمْ جِهَارًا  ثُمَّ إِنِّي أَعْلَنْتُ لَهُمْ وَأَسْرَرْتُ لَهُمْ إِسْرَارًا

яъни, “Нуҳ айтади:  “Парвардигоро, қавмимни кечаю кундуз даъват қилдим. Лекин чақириғим уларнинг қочишини кучайтирди, холос. Қачон уларни Сенда кечирим сўрашга чақирсам, бармоқларини қулоқларига тиқиб, кийимларига ўралиб олишади, қайсарлик билан такаббурлик қилишади. Кейин уларни ошкора даъват қилдим. Сўнг уларга очиқчасига ва кейин яширин ҳам гапириб кўрдим” (Нуҳ сураси. 5-9 оятлари).

Шунча узоқ йилларда ва турли услубларда даъват қилсаларда, қавмидан оз сонли кишиларгина имонга келишди.

Иброҳим алайҳиссалом ҳақида эса шундай дейилган:

وَإِبْرَاهِيمَ إِذْ قَالَ لِقَوْمِهِ اعْبُدُوا اللَّهَ وَاتَّقُوهُ ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ تَعْلَمُونَ

إِنَّمَا تَعْبُدُونَ مِنْ دُونِ اللَّهِ أَوْثَانًا وَتَخْلُقُونَ إِفْكًا إِنَّ الَّذِينَ تَعْبُدُونَ مِنْ دُونِ اللَّهِ لَا يَمْلِكُونَ لَكُمْ رِزْقًا فَابْتَغُوا عِنْدَ اللَّهِ الرِّزْقَ وَاعْبُدُوهُ وَاشْكُرُوا لَهُ إِلَيْهِ تُرْجَعُونَ

яъни,  “Иброҳимни (эсланг), у ўз қавмига деган эди: «Аллоҳга ибодат қилингиз ва Ундан қўрқингиз! Агар билувчи бўлсангиз, мана шу ишингиз сизлар учун яхшироқдир. Сизлар Аллоҳни қўйиб фақат бутларга ибодат қилмоқдасиз ва (уларни илоҳлар деб) ёлғон тўқимоқдасиз. Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган нарсалар сизларга ризқ беришга қодир эмаслар. Бас, (шундай экан) сизлар ризқни Аллоҳ даргоҳидан истангиз ва Унгагина ибодат қилингиз ва Унга шукр қилингиз! Сизлар (охиратда) Унгагина қайтарилурсизлар”. (Анкабут сураси, 16-17 оят)

Иброҳим алайҳиссаломнинг қавми гулхан ёқиб, ҳатто у зотни унга отишдан ҳам қайтмади: “(Намруд бошчилигидаги мушриклар) дедилар: «Уни ёқиб юборингиз! Агар (бирор нарса) қилувчи бўлсангиз (шу иш билан) илоҳларингизга ёрдам қилингиз!» Биз айтдик: «Эй, олов! Иброҳимга салқин ва омонлик бўл!» Улар (Иброҳимга) макр қилмоқчи бўлдилар. Биз эса, уларнинг ўзларини кўпроқ зиён кўрувчи қилиб қўйдик”. (Анкабут сураси, 68-70 оятлар)

Мусо алайҳиссаломнинг воқеасига келсак, Қуръони каримда энг кўп зикр қилинган қисса у зот алайҳиссаломга тегишлидир. У зотни Аллоҳ таоло худоликни даъво қилган Фиръавннинг замонида пайғамбар қилиб юборди. Мусо алайҳиссалом даъват йўлида мисли кўрилмаган машаққатларга, баҳс-мунозараларга дуч келди.

Исо алайҳиссалом ҳам пайғамбарлик вазифасини адо қилишда кўплаб қийинчиликларга дуч келди. Қавм унга куфр келтириб, турли туҳмат бўҳтонлар қилишди.

Муҳтарам жамоат! Маълумки, барча пайғамбарлар муаллим бўлиб келишган. Инсониятга хайрият уруғини сочишган. Бугунги кунда гарчи орамизда пайғамбарлар йўқ бўлса-да, лекин уларнинг меросхўрлари бордир. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилган:

عن أَبي الدرداء رضي الله عنه قال: سَمِعْتُ رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول: « … وَإنَّ العُلَمَاءَ وَرَثَةُ الأنْبِيَاءِ، وَإنَّ الأنْبِيَاءَ لَمْ يَوَرِّثُوا دِينَاراً وَلا دِرْهَماً وَإنَّمَا وَرَّثُوا العِلْمَ ، فَمَنْ أَخَذَهُ أَخَذَ بحَظٍّ وَافِرٍ».

رواه أَبُو داود والترمذي

яъни, Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: … Албатта, уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Чунки пайғамбарлар динорни ҳам дирҳамни ҳам мерос қилиб қолдиришмаган. Улар илмни мерос қилиб қолдиришган. Шундай экан, кимда-ким уни олса, катта насибани қўлга киритибди”, деб айтаётганларини эшитдим”. (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).

Шунга кўра, биз мусулмонлар уламоларни ғанимат билиб, диний масалаларда ихтилофга бориб қолгудек бўлсак, дарҳол Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламоларига мурожаат қилишимиз лозим бўлади.

Айниқса, дунё нотинч бўлиб турган, турли ғаламислар динимизга туҳмат тошини отиб турган, айрим ўлкаларда диний шиорлар остида қон тўкилаётган бугунги кун каби таҳликали замонда огоҳ ва хушёр яшамоғимиз, мамлакатимиздаги тинчлик, осойишталикни кўз қорачиғидай асрашимиз лозим.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилсин! Юртимизда олиб борилаётган хайрли ишлар ва ислоҳотларга Ўзи баракот ато қилсин! Омин!

Манба: muslim.uz

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here