Айрим кишилар ўзларини тақводор қилиб кўрсатадилар. Агар ўзлари ёлғиз қолсалар тескари ҳолатга ўтадилар ва ҳеч ким кўрмаябди-ку, деб фисқу фужур билан машғул бўладилар. Улар гўё Аллоҳга эмас, одамларга юкунадилар. Тақвосини одамларга кўз-кўз қилиш мутлақо жоиз эмас. Аммо қасддан қилмаса-да, ўз-ўзидан билиниб қолса, зарари йўқ.

 

Баъзи инсонлар, ўзларини тақводор, ибодатли, зоҳид қилиб кўрсатиш учун қўлларида тасбеҳ ушлаб юрадилар, сўфиёна, дарвешона либослар кийиб юрадилар. Ваҳоланки тақво ҳадиси шарифда кўрсатилганидек, дилда бўлиши керак.

Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида шундай деб марҳамат қилади: “Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир. Улар ғайбга иймон келтирурлар, намозни тўкис ўқирлар ва Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар. Ва улар сенга ва сендан олдин нозил қилинган нарсага иймон келтирарлар ва охиратга аниқ ишонарлар. Ана ўшалар Роббиларидан бўлган ҳидоятдадирлар ва ана ўшалар, ўшаларгина нажот топгувчилардир” (2–5-оятлар).

Қуръони Карим шундай китобки, унинг ҳақлигига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Унда ҳамма нарса очиқ-ойдин, аниқ-равшандир.

Қуръони Каримнинг яна бир сифати–“тақводорларга ҳидоятдир”.

Ҳидоят мақсадга эриштиргувчи йўлни лутф билан кўрсатишдир. Тақводорлар эса, уқубатга элтгувчи нарсалардан сақланадиган шахслардир.

Демак, Қуръони Карим ҳидоятидан баҳраманд бўлиш учун тақводор бўлиш керак экан. Тақвосиз қалбга Қуръони Карим ҳидоят солмайди. Кимки Қуръони Каримдан ҳидоят олибдими, демак, унда тақво бор экан.

Кейинги оятда мазкур тақводорларнинг сифатлари келади:

“Улар ғайбга иймон келтирурлар, намозни тўкис ўқирлар ва Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар”.

Қуръони карим оятлари барчани тақвога чорлайди, унга қизиқтиради ва шунга буюради.

Аллоҳ таоло “Оли Имрон” сурасида бир қатор тақво аломатларини ҳам зикр этган. Булар олти сифат ва аломатлар бўлиб, бойлик ва камбағаллик ҳолатларида ҳам инфоқ-нафақа қилиш, аччиқни ютиш, яъни ғазабланганда сабр билан ўзини ушлаш, гуноҳкорларни авф этиб кечириш, яхшилик қилиш, гуноҳларга тезликда истиғфор айтиш, кичик бўлса ҳам гуноҳ қилмаслик ва дарҳол тавба қилиш.

Агар Қуръони карим оятларини чуқур мушоҳада қилсак, ҳақиқий тақво инсонлар ўртасида чиройли ва мустаҳкам дўстлик, қардошлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлашини ва ривожлантиришини кўрамиз. Аллоҳ таоло бундай баён қилади:

“У кунда тақводорлардан ўзга дўстлар бир-бирларига душмандирлар”.

Оят мазмунига кўра барча нохолис дўстлик ва суҳбатдошлик қиёмат кунида ҳеч бир фойда бермаслиги, аммо ҳақиқий холис дўстлик дунё ва охиратда боқий экани маълум бўлади. Шунингдек, инсоннинг тақвоси бўлмаса, ўзи ва бошқаларга ҳам бунинг салбий таъсири бўлиши, тақвосиз кимсада ёлғончилик, мунофиқлик, ёмонлик вужудга келиши мумкин. Шу ўринда машҳур тасаввуф олими Шоҳ Кирмонийнинг: “Тақво аломати – парҳезкорлик ва парҳезкорлик аломати – шубҳали ҳолатлардан йироқда бўлиш”, — деган сўзлари диққатга моликдир.

Ким нажот топишни истаса, ўзида тақводорлик сифатларини мужассам қилишга уринсин.

Аллоҳ таоло тақводор бандаларини шундай таърифлайди: “Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик, ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Набийларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўл ўғилларига (кўчада қолганларга), тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса; аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир” (“Бақара” сураси, 177-оят).

 

Шоҳзамон Анваров

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here