Бўлажак умр йўлдошини танлашда турли қавмлар ҳар хил ўлчовларга асосланадилар. Кимдир келин танлашда унинг чиройини ўлчов қилиб олади, бошқаси бўлажак келиннинг молига қизиқади, учинчиси ҳасаб ва насабига эътибор беради ва ҳоказо. Шунингдек, куёв танлашда ҳам гоҳида куёвнинг мансабига, гоҳида бойлигига, баъзилар куч-қуввати ёки чиройига қизиқадилар. Бунинг устига, жамиятларда замон ва маконга қараб бу каби ўлчовлар ва эътиборлар ўзгариб ҳам туради. Бир даврлар ва жамиятларда олий маълумотли умр йўлдоши танлаш урф бўлса, бошқаларида ундан бошқа сифатли умр йўлдошини танлаш одатга айланиши мумкин.
Кўпчилик бу ўта нозик масала бўйича нима қилишини билмай, боши қотади. Ота-оналар билан фарзандлар ўртасида, қавму қариндошлар ўртасида худди шу масалада турли тортишувлар, келишмовчиликлар, ҳатто жанжаллар ҳам бўлади. Ҳар ким ўзининг билимидан ёки тажрибасидан келиб чиқиб иш кўрмоқчи бўлади.
Мусулмон инсон учун эса, бошқа масалалар қатори, бу масала – умр йўлдошини танлаш масаласи ҳам аллақачон ҳал этилган. Ҳал этилганда ҳам, ҳар бир нарсани ўта аниқлик билан биладиган, ҳар бир нарсадан ўта хабардор бўлган Яккаю Ягона Аллоҳ таолонинг шариати таълимотлари ила ҳал этилган. У Зотнинг ҳабиби ва Расули Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида умр йўлдошини танлаш масаласи ажойиб тарзда баён қилиб берилган.
Оила қурмоқчи бўлган тарафлар ана шу тайёр ва ўта ишончли манбага мурожаат қилсалар ҳамда уларни ўрганиб, амал қилсалар, ортиқча оворагарчилик ва бош қотиришга ўрин қолмайди.
Келинг, ҳаммамиз биргаликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам-нинг тавсиялари бўйича муносиб келин ва муносиб куёв танлашни ўрганиб чиқайлик. Авваламбор ишни муносиб келин танлашни ўрганишдан бошлайлик. Чунки одатда, куёв тараф келин излаши ва совчилик қилиши урф бўлган. Лекин совчилик қилишдан олдин мулоҳаза қилиниши лозим бўлган муҳим масалалар бор.
Аввало, совчи қўйилиши кўзланаётган аёлга уйланиш совчи қўймоқчи бўлган эркакка шаръий жиҳатдан ҳаром қилинмаган бўлиши керак. Демак, биринчи бўлиб, никоҳи ҳаром қилинган аёллар кимлигини билиб олиш лозим бўлади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф