Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинким орзиқиб кутганимиз, ойлар султони “Рамазон” ойи кириб келди. Рамазон ойи шукронасидан барча ибодатларни янада мукаммалроқ бажаришга интилиш гўзал амаллардандир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Умматимга Рамазон ойидан бошқа умматларга берилмаган бешта хислат берилди. Рўзадорнинг оғзидаги ҳид Аллоҳ наздида мушкнинг ҳидидан яхшироқ; ифтор қилгунларича малоикалар уларнинг гуноҳларини кечиришини сўрайдилар; бу ойда шайтоннинг саркашлари боғланади; бу ойда одамлар бошқа ойларда бўлмаган ихлосларини топадилар; бу ойда ҳар куни Аллоҳ таоло жаннатни зийнатлайди ва жаннатга айтади: “Менинг бандаларимдан қийинчилик ва азиятлар кўтарилишига оз қолди. Улар сенга қараб юрадилар ва охирги кечада уларнинг гуноҳлари кечирилади”. “Эй Аллоҳнинг элчиси, Лайлатул-қадр ўша кечами?” деб сўрашди. Айтдиларки: “Йўқ. Лекин амал қилувчи амалини бажарса, унинг ажри мўл-кўл берилади” (Имом Байҳақий ривояти).

Рўза  тақво йўлларидан биттаси экан. Рўза тутган шахс қалбида тақво руҳи уйғониши керак. Агар ким рўза тутса-ю, қалбида тақво ҳисси уйғонмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади. Кимки иймон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло ўша бандани тақво, деб номланувчи, икки дунё саодатига элтувчи бахтга муяссар қилади.Тақво эса, ўз навбатида нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш бўйича асосий омилдир.Рўзада бошқа ибодатларда бўлмаган хусусият бор. Бу унинг Аллоҳ таолонинг Ўзига изофа қилинишидир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда бунинг баёнини қилгандир   Расулуллоҳ с.а.в. қуйидаги ҳадисни айтганлар: «Кимки ёлғон гапи ва гуноҳ ишини қўймас экан, унинг еб-ичмоғини тарк қилишлигида Аллоҳ учун ҳеч қандай ҳожат йўқдир». «Рўза фақат еб-ичишдан сақланиш эмас, балки, лағв-беҳуда гаплардан сақланмоқликдир. Агар бирор киши сени сўкиб, сенга нисбатан нодонлик қилса, унга мен рўзадорман дегин». Қуръони карим ҳам рўзанинг ҳикматларини қуйидагича зикр қилган: «Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара: 183).

Аҳли ҳақнинг наздида рўзанинг даражаси учтадир.Биринчи даража омманинг рўзаси бўлиб, у қорин ва фаржни шаҳватдан тийишдан иборат.Иккинчи даража хосларнинг рўзаси бўлиб, у биринчи даражага зиёда ўлароқ, кўз, қулоқ, тилни оёқ, қўл ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийишдан иборатдир.Учинчи даража хослардан ҳам хосларнинг рўзаси бўлиб, у аввалги икки даражага зиёда ўлароқ, қалбни пасткаш ҳимматлардан, дунёвий фикрлардан ва Аллоҳдан бошқа нарсалардан тийишдан иборатдир.Рамазон ойида қилинган эзгу амаллар Яратганнинг ҳузурида бошқа ойларда қилинган амалларга нисбатан фазилати ўзгачароқ. Шунинг учун ҳам Муборак ойнинг ҳар бир лаҳзасини ғанимат билиб, ҳаётимизни Қуръон нурлари билан ёритайлик. “Рамазон” барчаларимизга  муборак бўлсин!

Кўкни қизартирган сўнги шафақлар,

Уфқ ортига ниҳон бўлган бу замон.

Соғинч кўзларидан тўкилган ёшлар,

Бир-ла безалганда гардиши осмон.

Раҳмат хазинасин очқичи бўлиб,

Кўкка кўтарилди мисоли камон.

Феруза гумбазли осмон тоқига,

Чиқибдур муборак моҳи Рамазон!

М.Маматқулов

Олтинсой туман бош имом хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here