Маълумки, қалб инсон ҳаёти учун зарур бўлган энг нозик ва ҳассос аъзодир. Шунинг учун ҳам динимиз таълимотида қалбни турли иллатлардан асрашга тарғиб қилинган. Қалбни асрашда инсон аввало тилига алоҳида эътибор бериши лозимлиги таъкидланган. Чунки, тил қалбга яқин жойлашган бўлиб, унинг ростгўй ва тўғрилиги ёки аксинча бўлишлиги қалбга таъсир ўтказади.
Барчамизга маълумки, Аллоҳ таоло инсонни ер юзига халифа қилиб яратиб, унинг фаровон ҳаёт кечириш йўлини баён қилувчи илоҳий таълимотни нозил қилди. Бу таълимот инсониятни барча моддий ва маънавий иллатлардан тозалаб, уларнинг икки дунё саодатига мушарраф бўлишларига сабаб бўлади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
“Эй, одамлар! Сизларга Раббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк ва бошқа иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди” (Юнус сураси, 57-оят).
Ҳикоя қилишларича, олис бир қишлоққа бир гуруҳ табиблар зиёратга боришиб, зиёрат асносида ерлик аҳолини муолажа қилмоқчи бўлишибди. Табиблар шикоят билан келган беморларга бирма-бир ташхис қўйиб, муолажа қилишибди. Ажабланарлиси шундаки, табиблар шунча беморнинг орасида бирорта ҳам қалб касаллигидан шикоят қилиб келган беморни учратишмабди. Илгари бундай ҳолатга дуч келмаган табиблар ҳайратланишиб, бу қишлоқ аҳолиси қалб касаллигининг бирорта ҳам туридан оғримаслигининг сабабини ахтара бошлашибди. Ўзларича, балки бу қишлоқнинг ҳавоси тозадир, ёки суви шифобахшдир, ёки яна бошқа ғайритабиий жиҳатлари бормикан, деб ўйлашибди. Аммо, бирорта ҳам таҳминлари тўғри чиқмабди. Ниҳоят улар бунинг сабабини қишлоқ аҳолисининг ўзидан сўрашга мажбур бўлишибди. Шунда, ўша қишлоқ халқининг кексалари: Бизлар мусулмонмиз. Динимизда ғийбат, ҳасад, кўраолмаслик, бировга нисбатан кек ва адоват сақлаш каби иллатлар ҳаром қилинган. Шунинг учун биз мазкур иллатлардан ҳазар қиламиз, бирор кимсага нисбатан бундай муносабатда бўлмаймиз. Ак-синча, ўзаро ҳурмат ва иззатда яшаймиз. Ана шунинг учун ҳам бирортамизнинг қалб касаллигидан шикоятимиз йўқ, деган эканлар.Маълумки, Аллоҳнинг инсонга берган энг улуғ неъматларидан бири тилдир. Тил инсонларнинг ўзаро муомалаларида фикрларини баён қилишлари, ички кечинмаларини ифодалашлари учун, қолаверса Аллоҳни зикр қилиш, Қуръон тиловат қилиш, одамларни ҳидоят йўлига чақириш каби Аллоҳ рози бўладиган ўринда ишлатиш учун берилгандир. Тил инсоннинг ақл идроки ва маънавиятини намоён қилувчи асосий аъзодир.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин кишининг тили қалбининг орқасида бўлади. Мунофиқнинг тили эса қалбининг олдида бўлади. Мўмин киши аввал ўйлаб кейин сўйлайди. Мунофиқ эса, аввал сўйлаб кейин ўйлайди”, деганлар. Халқимизда ҳам “Аввал ўйла, кейин сўйла” деган мақол бекорга айтилмаган.Тил инсон аъзолари ичидаги энг кичиги бўлишига қарамай, у бошқа аъзолар қила олмайдиган ишларни қилишга қодирдир. Тилнинг тўғри бўлишлиги бошқа аъзоларнинг иши яхши бўлишлигига сабаб бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Банданинг имони мукаммал бўлмайди, токи қалби тўғри бўлмагунча. Қалби тўғри бўлмайди, токи тили тўғри бўлмагунча”, деб марҳамат қилганлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар…”, деган (Аҳзоб сураси, 70-71-оят-лар). Бошқа аъзоларга қараганда тилнинг имконияти кенг бўлганлиги боис, динимиз таълимотида тилга алоҳида эътибор билан қаралади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга икки жағи ва икки оёғи орасидаги нарсани сақлашга кафолат берса, мен унга жаннатга киришни кафолат бераман”, деб марҳамат қилганлар.Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, инсоннинг инсонийлиги унинг тилига қай даражада эътибор беришига боғлиқ экан. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг “мутакаллим”, яъни сўзлагувчи деб аталмиш сифатидан башариятга ҳам озгина улуш берган экан, инсонлар буни катта неъмат деб билиб, ундан фақат хайрли мақсадда фойдаланмоқлари лозим.
Денов тумани Домлла Афанди масжиди имом хатиби М.Қораев