Маълумки, Ислом дини инсонларни, ўзаро ҳамжиҳатликда яшашга тарғиб этади. Бунда эса, инсонларнинг ўзаро самимий муносабатда бўлишлари муҳимдир.
Пайғамбарларнинг ҳам ўз қавмларига насиҳат
қилганликлари ҳақида Қуръони каримда хабар берилган.
Пайғамбаримиз с.а.в. ҳадисларининг бирида марҳамат қиладилар;
Пайғамбар с.а.в.: “Дин
насиҳатдир”, дедилар. Биз: “Кимга? – деб сўрадик. У зот: “Аллоҳга, Унинг
китобига, Унинг расулига, мусулмонларнинг имомларига ва мусулмонлар оммасига”, – дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти). Ушбу ҳадис динимизнинг асосини баён этувчи манбалардан биридир.
Насиҳатнинг маъноси ўзгаларга нисбатан самимий муносабатда бўлиш, демакдир. Шу маънода Пайғамбаримиз с.а.в. насиҳат кимларга бўлишини бирма-бир санаб ўтдилар.
Биринчиси, Аллоҳга насиҳат бу – Унга ҳеч нарсани ширк келтирмаган
ҳолда холис ибодат қилмоқлик, Унга мудом итоатда бўлиб, осий бўлишдан сақланмоқлик, унинг ато этган неъматларига шукр қилиб куфрони неъмат қилмаслик, Аллоҳга бўлган имонини мустаҳкам тутиб, ҳар бир ишда унга таваккул қилмоқликдир.
Иккинчиси, Унинг китобига насиҳат бу Қуръони каримни Аллоҳнинг
каломи эканлигига чин имон келтирган ҳолда ундаги хабарларни тасдиқлаш, унинг ҳукмларига амал қилиш, қайтарганларидан қайтишдир.
Учинчиси, Унинг расулига насиҳат бу – Муҳаммад с.а.в.ни Аллоҳнинг ҳақ
пайғамбари эканлигига чин имон келтирган ҳолда У зотнинг Аллоҳдан келтирганларига эргашиш, қайтарганларидан қайтиш, ахлоқларидан ибрат олиш,
саҳиҳ суннатларига риоя қилишдир.
Тўртинчиси, мусулмонларнинг имомларига насиҳат. Дунёвий ишлардаги раҳбарларни ҳам, диний ишлардаги уламоларни ҳам бир сўз билан имом дейилади. Демак, мусулмонларнинг имомларига насиҳат бу – давлат
раҳбарларига итоат этмоқлик, уларнинг амру фармонларини
бажармоқлик, бошқарув ишларида уларга кўмаклашмоқлик, уларга қарши исён қилмаслик, уламоларга эргашмоқлик, улар ҳақида яхши гумонда бўлмоқлик, уларни пайғамбарларнинг меросхўридирлар. Диний уламолар эса, мусулмонларни ҳалолликка чақирадилар,
ибодат ва амаллари тўғри ва мақбул бўлиш йўлларини кўрсатадилар, яхшиликка буюриб, ёмонликлардан қайтарадилар, бир сўз билан айтганда дунё ва охират
ободлиги йўлларига чакирадилар.
Бешинчиси, мусулмонлар оммасига насиҳат бу – барча мусулмонларга
бирдек яхши муносабатда бўлиш, киши ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқаларучун ҳам яхши кўрмоқлик, ўзига ёқмаган нарсани ўзгаларга ҳам раво кўрмаслик, уларга амри маъруф ва наҳйи мункар қилишликдир.
Шунингдек, уларни дунё ободлиги ва охират фойдаларига йўллаш, бу
борада ёрдам қилиш, уларни эҳтиёт қилиш, улардан турли зарар ва офатларни бартараф қилиш, уларга юмшоқлик ва ихлос билан амри маъруф қилиш, уларга
меҳр-мурувват кўрсатиб, шафқат қилиш, катталарини ҳурматлаб, кичикларини
иззат қилиш ва раҳмдил бўлишидир.
Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи вассалам ўзларининг чиройли хулқ одоблари билан барча умматга намуна булганлар. Зеро, у зот
ҳадисларнинг бирида марҳамат қилиб айтганлар:
“Мен энг яхши хулқларни камолига етказиш учун юборилдим”
(Бухорий, Ҳоким ва Байҳақий ривояти).
Ўзгаларнинг оғирини енгил қилиш, ҳожатларини чиқариш, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш, адашганларига тўғри йўл кўрсатиш, яхши-ёмон кунида
ёнида туриш мусулмонларга нисбатан самимийликнинг ёрқин кўринишларидир.
Бугунги кунда жамиятимизда бундай ишлар давлатимиз сиёсатининг ажралмас қисмини ташкил этиб, кундалик ҳаёт тарзимизга айланиб бормоқда. Аллох таоло барчаларимизни хидоятдан адаштирмасин.

Шурчи туман бош имом хатиби А. Хабибуллаев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here