Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Етти тоифа кишиларни Аллоҳ таоло У Зот соясидан бошқа соя бўлмайдиган кунда Ўз соясига олади. (Булар:) одил имом, Парвардигорига ибодат қилиб улғайган йигит, қалби масжид билан боғлиқ бўлган киши, Аллоҳ учун бир-бирини яхши кўриб, У Зот учун йиғилган ва ажрашган кишилар, мансаб ва чирой соҳиби бўлган аёл ундан (лаззат олишни) талаб қилганида, “мен Аллоҳдан қўрқаман”, дея рад қилган киши, ўнг қўли берганни чап қўли билмайдиган тарзда махфий садақа қиладиган киши, ёлғиз қолганида Аллоҳни зикр қилиб кўз ёш тўккан киши” (Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий, Молик, Аҳмад, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ва Табароний ривояти).

Ушбу ривоятда қиёмат куни Аллоҳнинг иноятига сазовор бўлувчи кишилар зикр қилинмоқда.

Ҳадисдаги “Аллоҳнинг сояси” уламолар томонидан бир неча хил таъвил қилинган:

  1. Арш сояси1;
  2. Тубонинг сояси;
  3. Жаннат сояси;
  4. Аллоҳнинг раҳмати, ҳимояси ва паноҳи.

Охиргиси кучлироқ саналади. Бизда ҳам, арабларда ҳам “фалончининг соясида” деганда “ҳимоясида, паноҳида” деган маъно тушунилади.

Қиёмат қоим бўлганида Аллоҳ таоло барча одамларни Ўз ҳузурига чақиради. Қуёш уларга яқин келиб, жуда қаттиқ иситади. Шунда ҳар бир одам соя-салқин жойни қидириб қолади. Шунда ҳадисда зикри келган зотлар Аллоҳ Арши соясига, У Зот паноҳига дохил бўладилар.

Ривоятдаги “етти тоифа”ни, фақат шу тоифалар қиёматда Арш соясида бўладилар, бошқалар бундай фазилатга эришолмайдилар, деб тушунмаслик керак. Ривоятда таъкид учун етти сони ишлатилмоқда. Муслим ва Доримий Абул Ясордан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким қарздорга муҳлат берса ёки кечиб юборса, Аллоҳ Ўз соясидан бошқа соя бўлмайдиган кунда уни соясига олади”, деганлар. Бошқа ривоятларда ғозийга ёрдам берган, мукотабга кўмаклашган ва тўғрисўз тижоратчи ҳам қиёмат куни Арш соясида бўлиши айтилган. Бундан келиб чиқадики, қиёмат куни Арш соясига дохил бўлувчилар етти тоифадан кўпроқдир.

Бу ерда келтирилган сифатлар эркак ва аёлларга бирдек тегишли. Одатда, эркакларга буюрилган амр аёлларга ҳам таалуқли бўлади. Қолаверса, солиҳ амалларда эркак ва аёллар ҳуқуқи тенг саналади. Маълум амаллардагина улар орасида фарқ бўлади. Шу ерда қўшимча изоҳ бериш керакки, “қалби масжид билан боғлиқ бўлиш”дан ташқари барча сифат ва фазилатлар аёлларга ҳам тегишли. Зеро, аёллар фарз ва нафл намозларни уйда ўқишлари афзал. Аёлларнинг масжидга боришларига авваллари рухсат берилган. Кейинчалик фитна кўпайгач, аёлларнинг масжидга бормасликлари афзаллиги таъкидланган.

Энди ҳадисда зикри келган тоифаларни бирма-бир кўриб чиқамиз.

Қиёматда Аллоҳнинг раҳматига ноил бўладиган кишиларнинг энг биринчиси – одил имом.

1 Саид ибн Мансур Салмондан ҳасан санад билан қилган ривоятда: “Аллоҳ етти (тоифа)ни Ўз Арши соясига олади”, дейилган.

“Одил имом” деганда жамоат раҳбари, мусулмонлар ишини адолат асосида бошқарувчи киши тушунилади. Бунга, шунингдек, оилада эркакнинг фарзандлари, мударриснинг шогирдлари билан адолатли муомалада бўлиши ҳам киради. Ўз ҳукмида, қўл остидагиларга муомаласида, оиласига муносабатида адолат қилган раҳбарлар қиёматда Аллоҳ Аршиниг соясида бўладилар. Бошқа ҳадисда айтилишича, “ҳукмида аҳли ва қўл остидагиларга адолат қиладиган кишиларни Аллоҳ таоло (қиёмат куни) ўнг тарафидаги нурли минбарга ўтказади” (Муслим ривояти).

Термизий Абу Саиддан ҳасан санад билан марфуъ тарзда келтирган ривоятда: “Қиёмат куни одамлар ичида Аллоҳ учун энг севимли ва У Зотга энг яқин бўладиган киши бу одил имомдир”, дейилган.

Иккинчиси – Парвардигорига ибодат қилиб улғайган йигит.

Йигитлик даврида, қуввати танига сиғмай, билаги кучга тўлган пайтда шаҳват ва ҳою ҳаваслардан кечиб, Аллоҳ таоло буюрган йўлда юриш қийин. Сабаби ёшликда инсон орзу-ҳавас, ўйин-кулгиларга учиб, гуноҳ ишлар қилиб қўйиши кўп кузатилади. Бу даврда нафсни жиловлаш, гуноҳ-маъсиятдан узоқ бўлиб, Аллоҳга ибодат қилиш анча мушкул. Қариб, кексайиб, гуноҳ қилишга кучи етмай қолганида ҳар қандай одам ҳам маъсиятдан тийила олиши, умри охирлаб қолгач ибодатга унаши мумкин. Аммо ким ёшлигидан Аллоҳ таоло ибодатида бардавом бўлса, У Зот белгилаб берган чегарадан чиқмаса, бундай банда охиратда Аллоҳ паноҳида бўлади.

Учинчиси – қалби масжидга боғлиқ бўлган киши.

“Қалбнинг масжидга боғлиқ бўлиши” бир неча маънони англатади:

  1. Ўзи масжиддан ташқарида бўлса ҳам, қалби масжид билан боғлиқ бўлади;
  2. Масжидни, жамоат намозини яхши кўради. Бундай одам бир намозни жамоат билан ўқиб бўлиб, келаси намозни илҳақ бўлиб кутади, жамоат билан намоз ўқишни хоҳлайди.

Уламолар бу ерда масжидда кун бўйи ёки аксар вақт ўтириш эмас, балки масжидни яхши кўриш назарда тутилганини таъкидлашган. Зеро шариатимизда эртадан кечгача масжидда ўтириб, фақат ибодат қилишга буюрилмаган, балки жамоат намозларига ҳозир бўлишга амр қилинган. ривоятда айтилишича, банда бошқа ишларини бажариш чоғида қалби масжидга боғлиқ бўлиши, намоз вақти кириши ва масжидга боришни илҳақлик билан кутиши яхшидир.

Тўртинчиси – Аллоҳ таоло йўлида бир-бирини яхши кўриб, У Зот учун йиғилган ва ажрашган кишилар.

Бу ерда Аллоҳ таоло йўлида холис дўст тутинишга даъват қилинмоқда. Улар дунёвий ёки бошқа бир манфаат учун эмас, балки фақат Аллоҳ учун бир-бирларини яхши кўрадилар. Уларни дунёвий манфаат боғлаб турмайди, улар ўртасидаги дўстлик риштасини фақат Аллоҳга бўлган муҳаббатгина боғлаб туради. Шу сабаб бундай кишилар умрларининг охиригача қалин дўст бўлиб қоладилар. Мана шу ҳақиқий, давомий ва оқибати хайрли бўладиган дўстликдир. Улар Аллоҳ учун бир-бирлари билан кўришиб, Аллоҳ учун бирон нарса ёки жойни тарк қиладилар. Ҳакимлар айтадики, Аллоҳ йўлидаги севгини яхшилик зиёда қилмайди, (бехосдан қилинган ) жафо камайтирмайди.

Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўриш Исломда муҳим саналади. Зеро бу имон салоҳиятини кўрсатувчи белгилардандир.

Аллоҳ учун дўстлашганлар нафақат дунёда манфаатга эришадилар, балки бундай содиқ ҳамроҳлар охиратда Аллоҳ паноҳида бўладилар. Бандалар бир-бирларини Аллоҳ йўлида яхши кўрганлар учун Аллоҳ ҳам қиёмат куни уларни Ўз паноҳига олади.

Бешинчиси – мансаб ва чирой соҳиби бўлган аёл ундан (лаззат олишни) талаб қилганида, “мен Аллоҳдан қўрқаман”, дея рад қилган киши.

Аёллар фитнасига дучор бўлганда, нафсни зино ва шу каби ёмон ишлардан тийиб туриш ҳам қийин иш. Айниқса, таклиф аёл тарафидан бўлса, эркак ўзини тутиши янада оғирлашади. Шу сабаб ҳам Аллоҳ бундай фаҳш ишлардан ўзини сақлаган бандаларига башорат бериб айтади: “Энди ким Парвардигорининг (ҳузурида) туришдан қўрқса ва нафсини ҳавойи хоҳишлардан қайтарган бўлса, у ҳолда фақат жаннатгина ( унинг учун ) жой бўлади” (Нозиот, 40-41).

Аксарият эркаклар ҳусн-жамолда тенги йўқ, обрўъли, бой-бадавлат ва насл-насабли аёлларга уйланишга, улар билан оила қуришга ҳаракат қиладилар. Аммо бундай сифатларга эга аёл эркакни фаҳш ишга, зинога ундаса, бундай ҳолда эркак учун ўзини тийиб туриш, ҳаром ишдан сақланиш оғир кечади. Бунинг учун бандада тақво ва ихлос бўлиши керак. Бундай ҳолга тушганда, “мен Аллоҳдан қўрқаман!” деб инкор қилган зотлар қиёмат куни Аллоҳ паноҳида бўладилар.

Олтинчиси – махфий ҳолда садақа қиладиган, ҳатто ўнг қўли берганни чап қўли билмайдиган киши.

Бу ерда сахийликка даъват қилина туриб, уни махфий, одамлар кўзидан яширган ҳолда амалга ошириш лозимлиги айтилмоқда. Ўнг қўл берганни чап қўл билмаслиги муболаға бўлиб, бу Аллоҳ учун бирон амал қилаётганда риёдан сақланиш, одамлардан мақтов ва олқиш эшитиш умидида бўлмаслик лозимлигига далолат қилади.

Ривоятда фарз ва нафл садақа назарда тутилмоқда. Лекин имом Нававий уламолардан нақл қилишича, фарз садақа – закотни ошкора тарзда бериш махфий суратдагисидан афзал саналади.

Динимиз Исломда бирон амални холис Аллоҳ учун қилиш, уни кўз-кўз қилмасликка тарғиб қилинади. Жумладан, саадақани махфий тарзда беришга чақирилади. Ҳатто халқ ичида “ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин” деган нақл бор. Бу мазкур ҳадисдан олинган нақл бўлиб, садақани имкон қадар одамларга кўз-кўз қилмасликка ҳаракат қилиш зарурлигини билдиради.

Имом Аҳмад Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан марфуъ тарзда ривоят қилади: “Фаришталар: “Эй Парвардигор, Сен яратган нарсалар ичида тоғлардан ҳам кучлиси борми?” деб сўрадилар. Аллоҳ: “Ҳа, бу темир”, деди. Шунда фаришталар: “Темирдан ҳам кучлироғи борми?” деб сўрадилар. У Зот: “Ҳа, олов”, деб жавоб берди. Фаришталар: “Оловдан ҳам кучлироғи борми?” деб сўрадилар. Аллоҳ: “Ҳа, бу сув”, деди. Фаришталар: “Сувдан ҳам кучлироғи борми?” дедилар. У Зот: “Ҳа, шамол”, деди. Фаришталар: “Шамолдан ҳам кучлироғи борми?” деб сўрадилар. Шунда Аллоҳ: “Ҳа, ўнг қўли қилган садақани чап қўлидан яширадиган Одам боласи(нинг амали)”, деди”.

Еттинчиси – ёлғиз қолганда Аллоҳдан қўрқиб, кўз ёш тўккан киши.

Бу солиҳ бандалар мақомидир. Уларнинг қалби Аллоҳ таолонинг азаматидан қўрқиб, хавфда туради, шу сабаб кўзларидан ёш чиқади, Аллоҳни эслаб дийдалари ёшланади. Охир-оқибат улар қиёмат куни Аллоҳ Аршининг соясига дохил бўлади.

Аллоҳни холи ҳолда зикр қилиш риёдан узоқ ва ихлосга яқиндир. Бундай зикр банданинг мухлис эканига далолат қилади. Холи зикр таъсирида банда кўзига ёш келиши эса банданинг Аллоҳга бўлган имони ва муҳабати кучли эканидан дарак беради.

Аллоҳни зикр қилувчи банда икки хил сабабга кўра йиғлайди:

  1. Аллоҳнинг улуғлиги, У Зот осий бандаларни азоблаши ҳақида фикр юритиб, Аллоҳдан қўрқиб йиғлайди;
  2. Аллоҳнинг раҳмати, мағфирати кенглиги ва У Зот меҳрибонлигини эслаб, хурсандчиликдан кўзёш тўкади.

Иккала ҳолат ҳам банданинг содиқ ва мухлислигини кўрсатади. Бундай бандалар қиёмат куни Аллоҳ паноҳида бўладилар. Қайси банда ҳеч ким йўқлигида Аллоҳни эслаб, кўзидан ёш чиқса, Аллоҳ уни қиёмат куни куни азобламайди. Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким Аллоҳни зикр қилиб, ҳатто ерни тўлдириб юборар (хўл қилар) даражада Аллоҳдан қўрққанидан икки кўзидан ёш чиқса, у (банда) қиёмат куни азобланмайди” (Ҳоким ривояти).

Денов туман “Умари Одил” жомеъ масжиди имом хатиби:  Жўрабек Алиев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here