Мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб бу масалада тизимли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, 2016 йил 14 сентябрдан кучга кирган янги таҳрирдаги ”Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги[1] қонун алоҳида аҳамиятга эга.Ушбу қонунни қабул қилишдан мақсад ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.Қонуннинг 33 та моддасида бу муносабатлар ўз ифодасини топган. Ёшларга оид давлат сиёсати деганда бу давлатнинг ёшларга интеллектуал салоҳиятини намоён қилиши учун иқтисодий,ижтимоий-сиёсий ва  маънавий  соҳада ҳуқуқий тизимни яратиб берилиши тушунилади. Одатда, ёшлар деганда 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахслар тушунилади. Ёш оила деганда эса эр-хотин  иккиси ҳам 30 ёшдан ошмаган оила ёхуд фарзанд тарбиялаётган 30 ёшдан ошмаган ёлғиз  она ва отадан иборат оила, жумладан никоҳдан ажралган бева аёл ёки бева эркак тушунилади. Ёш мутахассис деганда эса  олий таълим муассасасини ёки ўрта махсус  касб ҳунар таълимини тугатган  сўнг 3 йил мобайнида ишга кириб ўз мутахассислиги бўйича  меҳнат қилаётган  30 ёшдан ошмаган ходимлар назарда тутилади. Ушбу қонунда ёшлар тадбиркорлиги тушунчасига ҳам алоҳида янги таъриф бериб ўтилган.Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ёш фуқаролар ёки таъсисчилари ёш фуқаролар бўлган юридик шахслар томонидан амалга оширилаётган тадбиркорлик фаолиятига ёшлар тадбиркорлиги дейилади. “Ўзбекистон Республикаси давлат статистикаси қўмитаси тақдимотига кўра 2020 йил мамлакатимиз аҳолиси сони 33 миллион 905242 нафар кишини ташкил этган. 2020 йил ўлим кўрсаткичи 175637 та бўлган бўлса, 2019 йил бу рақам 154570 та  эди. Ўртадаги тафовут 21067 тани ташкил қилди. Сурхондарёда бу кўрсаткич 2020 йил 11932 та, 2019 йили эса 10544 та эди.Тафовут 1388 та.Агар аҳолининг  ёшига кўра тақсимланишини  таҳлил қилсак қўйидагича рақамлар ҳосил бўлмоқда. Республикамизда 14-30 ёшдаги фуқаролар 8 миллион 662220 нафар кишини ташкил этмоқда. Бу  республика аҳолисининг 25,5 фоизи демакдир. 0-14 ёшдаги  ижтимоий қатлам эса 6 миллион 870276 нафарни ташкил қилган. Агар Республикадаги 0-30 ёшдаги ижтимоий қатлам 15 миллион 532496 нафар бўлса умумий аҳоли сонига нисбатан бу ижтимоий қатлам 45,8 фоизни ташкил этади.  Мамлакатимизда 2020 йил 296750  нафар ёшлар никоҳдан ўтишган бўлса, шулардан 28233 нафари расман никоҳдан ажралиши қайд этилди. Сурхондарёда бу кўрсаткич яъни, никоҳ тўйи 24786 та  бўлган бўлса, никоҳини бекор қилиш эса 1839 та бўлди”[2]. Дунё халқлари қадриятларини ўрганадиган фан бу аксиология.Бу атама грекча сўз бўлиб “axio” -қадрият ва “logos”-фан деган маъноларни англатган. Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ҳудудларидаги миллий республикаларда ХХ асрнинг 60 йилларига қадар миллий қадриятларни ўрганиш ва ёш авлодни миллий қадриятлар анъаналарига мос равишда тарбиялашда ёзилмаган чекловлар мавжуд эди. Хусусан қуйидаги воқеа бунинг далилидир.Устоз файласуф домилла Иброҳим Мўминовнинг 1968 йил “Фан” нашриётида “Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли” рисоласи ёзма манбалар маълумоти асосида чоп этилади.Бу рисола ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасида  ўша даврнинг энг катта маънавий жасорати эди.Чунки,Коммунистик мафкура ҳукмронлиги даврида Амир Темур шахсини ёш авлодга “босқинчи”,”золим” ва “қонхўр”деб сингдириб келинмоқда эди.Бу ўша давр совет мафкураси ғояси билан ёзилган барча ижтимоий гумантиар фанларида  шу салбий  тавсифнома ҳукмрон эди.Иброҳим Мўминов мана шу  совет мафкурасига қарши бориб Амир Темур шахсини объектив ва адолатли ўрганиш ғоясини  илгари сурди ва Амир Темур фаолиятига тўғри баҳо берди. Хусусан, Ўрта Осиёни муғуллардан озод қилишда,шаҳарларнинг  меъморий  қурилишига,илм-фан ва дин аҳлига қандай эътибор берилганлиги рисолада баён этилади. Унинг “Темур тузуклари” асари давлат бошқарувида муҳим аҳамиятга эга деган хулосага келади. 1978 йилда  Москвада нашр этиладиган “Вопросы истории” журналида   рус олими Иброҳим Мўминовнинг “Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли” асарини  танқид қилиб чиқади ва ўзбек файласуф олимини Амир Темур шахсини идеаллаштиришда айблайди.Ўша даврнинг ҳукмрон партияси бўлган КПСС Марказий Комитетининг мафкура соҳасига бағишланган йиғилишида ҳам муҳокама қилинади ва Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетига эса  бундай асарлар ёзган шахсларга нисбатан чора-тадбир белгилаш вазифаси юкланган эди.Ваҳоланки,собиқ мустабид ғоя ҳукмронлиги даврида ҳам СССР Қуролли Кучлар ҳарбий Академиясида Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асари ва Амир Темурнинг ҳарбий стратегияси ва тактикаси  12 соат ҳажмида назарий ва амалий  машғулот сифатида бўлажак ҳарбийларга ўргатилган экан.Бу миллий республика халқларидан сир сақланиб келинган. Чунки,миллий республика халқлари хусусан,ҳар бир миллат ўз саркардалари билан фахрланиши табиий.Бу эса миллатланинг ўйғонишига олиб келади,натижада миллатларнинг ўз қадриятлари билан фахрланиш туйғуси эса  мавжуд  сохталаштирилган сунъий совет қадриятларининг емирилишига олиб келади деб ҳадиксираган эди.Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг  жаҳон тарихчилари ва файласуф олимлари  Иброҳим Мўминовнинг бу асари энг катта маънавий қадрият эканлигини эътироф этишмоқда.Дунёда бу нарса ўз исботини ҳам топди. Бугун ёшлар тарбиясида Амир Темур шахси ва у кишининг миллий ва диний қадриятларга муносабтини ўз асари ва дунё олимлари эътирофлари орқали сингдириб бориш,Иброҳим Мўминовнинг ватанпарварлик фазилатини ва ўша даврда қандай креатив фикрлаганлигини қайта-қайта ўргатиб бориш лозим. Илмий адабиётларда қадриятларни  миллий ва диний қадриятларга бўлиб ўрганиш анъанаси мавжуд.Миллий қадрият бу маълум бир  ҳудудда яшаётган миллатнинг руҳияти,маданияти,улар яратган моддий ва маънавий мероси ва урф-одати (расм-русум),маросими ҳамда анъаналари билан боғлиқдир.Жамият тараққиёти билан  миллий қадриятлар ҳам ўзгариб , янгиланиб, алмашиб бораверади.Файласуф олим Қиёмиддин Назаров “Миллат, бир томондан, ўз қадриятларини вужудга келтиради, ўтмишдан келажакка томон ривожланиш жараёнида уларни такомиллаштириб, янги- янги жиҳатларни муттасил шакллантириб туради, иккинчи томондан эса, қадриятлар тизими таъсири остида  унинг ўзи ҳам ўзгариб, ривожланиб боради” деб ёзади.[3]Диний қадриятлар эса алоҳида аҳамиятга эга.Чунки, диннинг ўзи қадрият. Дин инсонни эзгуликка, илмга, жамиятда эса ҳалол билан харомни фарқлаб яшашга ва доимо комил инсонга хос фазилатларни тарбиялашга чорлайди.Агар дунёнинг диний конфессионал манзарасига эътибор берсак, тинчлик ва бағрикенгликка даъват барча динларда мавжуд.Ёш тадқиқотчи Махмуд Мажитов “буддавийликда “Қадрли ҳаётни бекор ўтказма”,(http//www.aphorisme.ru/by-authors/budda/q=570) христианликда эса “Эй ёшлар,сизлар ҳам оқсоқолларга итоат қилинглар. Ҳаммангиз бир-бирингизга юмшоқ муомалада бўлинглар..(Биринчи Бутрус 5;5), Қуръони Каримда “(Эй инсон) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма ! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон)масъул бўлур (жавоб берур)” (“Исро” сураси, 36-оят) деб, ўз рисоласида ёзади[4]. Никоҳ исломда энг муҳим қадрият сифатида улуғланади. Мана 14 асрдирки бу қадрият безавол ривожланиб келмоқда.Советлар мафкураси ижтимоий турмушга атеизм, яъни худосизлик ғоясини сингдиришга қарийб 75 йил уринди. Бунинг учун 1918 йилдан давлат бюджетидан пул ҳам ажратилди. Вилоят ҳудудларида атеизм уйларини ташкил этиб, бутун зиёлиларни мажбуран бу тарғиботга жалб қилган эди. Мана шундай замонда “ЗАГС” деган идора ҳам пайдо бўлиб унинг ходимлари  исломий никоҳдаги ҳаёни  қувиб чиқаришга ва “советча” никоҳни тарғиб қилган эди. Бугунги ФҲДЁ идораларида ҳам шу мафкура сақланиб қолаяпти.Бу жараёндаги ғарбча никоҳ ҳолатлари унсурлари ҳозир ҳам  одамларнинг турмушига ўз салбий таъсирини ўтказмоқда.Бугунги глобаллашув ва унинг салбий таъсирида вужудга келган “оммавий маданият”,  ёшларнинг меҳнат иммиграцияси, пандемия, одамларнинг иқтисодий  ва жинс жиҳатдан  меҳнатининг табақаланиши никоҳдек муқаддас қадриятга салбий таъсир ўтказмоқда. “Одамзодга никоҳ ва имондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома  маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди”.[5]Мана шу қадриятларни ёшлар турмушига сингдирш ота-она, маҳалла-куй ва таълим-тарбия муассасаларидаги “Тарбия” фанидан дарс берувчи муаллимларнинг долзарб мавзуси бўлиб қолиши керак.Ўқув дастурларига исломда”Никоҳ фасли” деган модулни киритиш мақсадга мувофиқдир. Бугун бу фандан дарс бераётган муаллимларнинг малакаси қандай деган савол тушмоқда? Чунки,таълим муассасалари раҳбарлари олий маълумотли тарихчи, миллий ғоя: маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими ёки педагогика таълим соҳасини тугатган бўлса  уларга бу фанни ўқув юклама қилиб бермоқда.Шунинг учун халқ таълими раҳбарлари Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги малака ошириш маркази ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари минтақавий филиалларидаги “Ижтимоий ва мутахассислик фанлари” кафедраси профессор-ўқитувчилар салоҳитидан фойдаланган ҳолда умумий ўрта таълимда “Тарбия” фанидан дарс бераётган ўқитувчиларини 72 соатли қисқа курсли малака оширишга жалб қилса,  ўқувчи ёшлар ўртасида қадриятларни ўрганишга  фазилатли бир қадам ташлаган бўлар эди.Бугун мамлакатимизда одамлар турмуши фаровонлигини юксалтириш учун янги қадам ташланди.Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан маҳаллабай ёки хонадонбай юриб раҳбарлар  фуқароларнинг моддий турмушини яхшилаш учун уларга тадбиркорлик сирларини ўргатмоқда. Шу жойда  ҳудудлардаги зиёлиларнинг (имомлар, устоз муаллимлар ва ўз касбий меҳнати билан обрў қозонган мураббийларни жалб этган ҳолда) обрў-эътиборидан келиб чиқиб моддий-маънавий,  дунёвий ва диний қадриятларни ҳам тарғиб қилиш вақти келди. Бунинг учун эса маҳалларда эркак ва аёллар учун алоҳида ўқув курслари ташкил этиш лозим.Ёшларга никоҳгача бўлган қадриятларни  қизларга билимдон ва намунали хонадандан бўлган аёл, отинбиби, эркакларга эса имом , имом-хатиб ёки ноиб-имомлар ҳамда  ҳаётда катта тажрибага эга фахрли шахслар ўқитиш йўлга қўйилса ажримлар борасида ижобий томонга ўзгаришлар рўй берар эди. Бу ўқув курсларида ёшларимиз  ҳар бир инсон билиши керак бўлган ислом динидаги олтита ота мартабасини яхши билиб олар, уларнинг ҳурмат- иззатини жойига қўйиб, ҳурматсизлик қилиш каби  гуноҳ ишлардан сақланар эди. Маълумки, ҳар бир мўмин ва мўминанинг аввалги отаси Одам алайҳиссаломдир. Миллат ёки уммат отаси  эса Иброҳим пайғамбардир. Шафоат отаси эса Муҳаммад  соллаллоҳу алайҳи вассаламдир.Аслий отаси эса  бу дунёга келтирган ўзининг отасидир. Шафқатли отаси эса қайнотадир.Ҳар бир аёл ҳам эркак ҳам шафқатли отанинг дуосини олиб унинг ҳурматини жойига қўйиши лозим. Бу Муҳаммад пайғамбаримиздан биз учун энг яхши суннат амалларидан биридир.Энг яхши ота  устоз. Илмий раҳбар бўладими ёки касбий меҳнат соҳасидаги устози бўладими бу устозлар шогирдини доимо ёруғликка етаклайди. Оилада ва маҳаллаларда маҳаллабай юрганда шу каби қадриятларни ҳам сингдириб бориш бу ўзлгимизни билишга қўйилган янги қадам бўлади. Бу қадриятлар мазмун ва моҳияти китобларда қолиб кетмоқда. Ваҳоланки, уни кундалик турмуш тарзимизга айлантириш керак.Шунинг учун ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Биз яратаётган Янги Ўзбекистоннинг мафкураси – эзгулик,одамийлик,гуманизм ғояси бўлади.Биз мафкура деганда аввало фикр тарбиясини,миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз “ деб таъкидлади.[6]Маълумки,Пайғамбаримиз Муҳаммад – энг комил инсон сифатида  улуғланади ва  у киши илоҳи қадриятлар асосида яшашни ўргатиб келган шахсдир. Никоҳ масаласида ҳам у кишининг тарғиботи бор. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи вассаламнинг”Эй ёшлар жамоаси,сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин.Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир.Ким қодир бўлмаса,рўзани лозим тутсин,бу унинг учун бичилишдир”деганини эшитдим”.[7]Бу ҳадиси шариф  мусулмон ёшларни ёшлигидан никоҳга қодир бўлишга ва оила қуришга ҳамда тарбиялашга даъват қилади. Қадриятларга ҳурмат руҳини сингдиришда  ёшларга ислом дини ва унинг қадриятларидан фойдаланиш бугуннинг долзарб масаласидир.

У. Мустафаев

фалсафа фанлари номзоди, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги малака ошириш маркази Сурхондарё вилояти  минтақавий филиали “Ижтимоий ва мутахассислик фанлари” кафедраси мудири

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

[1] Ўзбекистон Республикаси қонуни. Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида. 2016 йил 14 сентябрь ЎРҚ-406-сон.

[2] Ўзбекистон Республикси Давлат статистика қўмитаси очиқ ахборотларининг демография саҳифаси.8.02.2021 й.

[3]  Қиёмиддин Назаров.,Аксиология қадриятлар фалсафаси.”Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти”нашриёти .Тошкент 2011. 127  саҳифа.

[4] Маҳмуд Мажитов  Жаҳон динлари ва умуминсоний қадриятлар. “Ўзбекистон халқаро ислом академияси”НМБ Тошкент- 2019. 78-84 саҳифалар.

[5] Ҳанафий мазҳабининг фиқҳий манбаси “Дуррул Мухтор” китоби “Никоҳ фасли” .

[6] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектордаги “Жамият ҳаётининг танаси иқтисодёт бўлса,унинг жони ва руҳи маънавиятдир” 2021 йил 19 январдаги  маърузаси.

[7] ” Никоҳ” китоби. Islom. Uz 14.02.2017.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here