Иймоннинг иккита рукни бор:
Аслий ва қўшимча.
Аслий рукни қалб билан тасдиқлаш, қўшимча рукн тил билан ифодалашдир.Иймон калимаси луғатда икки хил маънони англатади:
1)Тасдиқлаш 2)Омонлик бериш.
Аҳли сунна вал жамоа уламолари наздида биринчи маъно яъни «тасдиқлаш» мўътабар ҳисобланади. Истилоҳда эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган барча нарсаларни қалб билан тасдиқлаш ва тил билан иқрор бўлиш иймон деб аталади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган барча нарсаларни қалб билан тасдиқлаш деганда қолган барча нарсаларни ўз ичига қамраб оладиган қуйидаги еттита нарсага: 1. Аллоҳга, 2. фаришталарига, 3. китобларига, 4. пайғамбарларига, 5. охират кунига, 6. қадарнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳдан эканига, 7. ўлгандан сўнг қайта тирилишга шаксиз ишониш тушунилади.
Рукн луғатда «устун», «асос» каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса бирор нарсанинг асосини ташкил қиладиган энг кучли тарафи унинг рукни дейилади.
Иймоннинг аслий рукни қалб билан тасдиқлашдир. Тил билан иқрор бўлиш аслга қўшимча рукн ҳисобланади.
Буюк олим Саъдуддин Тафтазоний роҳимаҳуллоҳ бу ҳақида шундай деганлар: иймон аслига қўшилган нарса тил билан ифодалашдир. Чунки тил қалбдаги нарсани ифодалаб беради ва қалбий тасдиққа далолат қилади. Аммо тил билан ифодалаш аслий рукн ҳисобланмайди. Чунки тасдиқнинг ўрни қалбдир. Шунинг учун ҳам узрли пайтларда тил билан иқрор бўлиш соқит бўлади. Масалан соқов киши тили билан иқрор бўлмагани, ёки мажбурланган киши иқрорни инкорга айлантириб қўйгани сабабли улардан иймон ҳукми олиб ташланмайди. Тил билан иқрор бўлиш иймоннинг аслий рукнига қўшимча экани имом Сарахсий, Фахрул Ислом Баздавий ва бошқа кўплаб фақиҳлардан ривоят қилинган. Ушбу қараш улуғ ватандошимиз Нажмиддин Насафий роҳматуллоҳи алайҳ эътимод қилган қараш ҳисобланади. Бу зот «Ақоидун Насафия» номли асарларида қуйидагича баён қилганлар:
«Иймон, (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган нарсани тасдиқлаш ва унга иқрор бўлишдир».Бурҳон Лаққоний роҳматуллоҳи алайҳ «Жавҳаротут тавҳид»нинг шарҳида қуйидагиларни ёзганлар: Муҳаққиқ уламолардан Имоми Аъзам роҳматуллоҳи алайҳ битта қавлда, ашъарийларнинг кўпчилиги, ҳанафий имомлардан Сарахсий ва Баздавийларнинг қарашларига кўра иқрор иймон ҳақиқатидан ташқаридаги шарт эмас. У иймон ҳақиқатининг ярми ва унинг ичига кирувчи рукндир. Аммо амал қилиш иймон рукнига кирмайди.
Демак ушбу зотларнинг наздларида иймон – тил билан иқрор қилиб қалб билан тасдиқлашдир.
Шундай экан қалбида Аллоҳга ишончи бор ва тили билан иқрор қилиб, шариат буюрган амалларни қилмаган кишиларни диндан чиққан деб, кофир ҳукми берилмайди. Улар амал қилмагани учун гуноҳкор ҳисобланади ва Аллоҳнинг олдида жавобгар бўлади.
Ў.Алимов
Саид Баҳромхон жоме масжиди имом хатиби